Ирода Бахтиёржон қизи
2002 йил Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. "Миттигул", "Қуеш ҳақида қўшиқ" муаллифлик китоблари чоп етилган. "Жаҳолатга қарши маърифат", "Энг креатив ҳикоя", "Йил ҳикояси", "Камалак юлдузлари", "Мен муаллифман" танловлари республика босқичи ғолиби
Йўлдош
Маърузалар залида домла узоқ сўзлайди. Аммо фақат биринчи гапи тилимда айланади: "Ой -Ернинг табиий йўлдоши, Ой-Ернинг табиий йўлдоши..."
Зиналарни санайман. Орамиздаги гиналарни ҳам. Бу кузнинг таровати барглар билан тўкилмасдан, кўзни яшнатаётгани ёдимга келади. Беҳос ёнимга келасиз:"Кечир" дейсиз мен таниган овоз билан. Индамайман. Ўзимни одамлар орасига отаман. Биламан СИЗ бўлса ўша нуқтада қотасиз. Отам ҳовлисига кўнглим тортмайди. Лекин ишқимиздан ортириб олган бир қучоқ алам билан кириб бораман. Онам кўринади.Саломим унга эмас ерга берилгандек термуламан. Хонамдан қишнинг иси келади: қалбим эса баҳорни кўргиси...
Қозонда ҳаёт қайнайди: дадамнинг қони...Мени турмушнинг муштидан ҳали ҳамон ўзимга келолмай, хаёлларим СИЗга бориб юргани у кишини ранжитади. Хонтахта калтак ейди:"Унут" деган зарба билан. Бошим билан имо қилиб ҳўп дейман. Овқатни сузаман. Лекин умидларимни узмайман...
Шамол келади, кетади. Китоб варақлайман.
"Ой -Ернинг табиий йўлдоши. У нур сочмайди. Аксинча қуёшдан келган нурни қайтаради."
Қайтиб ўқимайман. Тушларимга Буроқ киради, ва узоқ сайр қиламиз, сўнгида сизнинг дилинггизга осмонни тилаб қайтамиз. Чўчийман:уммонлар қуриши, осмонлар қулаши, дунёнинг тугаши...
Ҳаммаси бир-бирига уйқашиб тонгни уйғотади. Муҳташам олийгоҳнинг эски ойнасидан нигоҳинггизни пайқайман. Йўлим тўсилади. Бир оғиз гапим бор дейсиз. Ўша ўриндиққа қўнамиз. Бир оғиз гап қуёш тик келгунча чўзилади.Мен самога разм соламан ва беихтиёр:"Ой -Ернинг табиий йўлдоши. У нур сочмайди. Аксинча қуёшдан келган нурни қайтаради." дейман.
Сизли хотираларга тўлган қароқларимга термуласиз:
-Яшаш оғир. Деразамдан нур кирмаяпти.У кун қайтишини хохламайман.
Куляпман:бир яшаб, бирида ўлаяпман.
Яна ўз қутбларимизга қайриламиз. Эски Бахтдан, бузилган аҳддан айриламиз. Шу тун бўйи кўнглим озиб чиқади. Онам тонгни шифохонада қаршилайди. Оқ халатли фаришта мониторда Уни кўрсатади. СИЗ севган деб ўйлаган кўзларимга ёш қуйилади.
-Болам, бола, болангиз, боламиз...
Хиёнат деган ўйларни парчалайман. Қўлимдаги қоғозни қучоқлаб бораман. Кўринасиз. Ўйлайман. У СИЗга ўхшайди, сезиб турибман СИЗга ўҳшайди.
Яқинлашасиз:
-Ой бўл, ойим бўл...
-Нега?
-Ой- Ернинг табиий йўлдоши ку, суний йўлдошлар умримга нур сочишда давом етмасин.
-розиман...
Куласиз. Қоғозни СИЗга тутаман. Бор хайқириқни ичимга ютаман. Бармоқларинггиз титрайди.Маърузалар залида домла узоқ сўзлайди. Аммо фақат биринчи гапи тилларда айланади: "Ой -Ернинг табиий йўлдоши, Ой-Ернинг табиий йўлдоши..."
Do'stlaringiz bilan baham: |