3. Пилла ўраётган қуртларни парвариш қилиш ва пилла териш.
Қурт боқиш мавсумига тайёргарлик кўриш.
Республикамизда пилла етиштириш мавсуми баҳор ойларига тўғри келади. Баҳорги қурт боқиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун тайёргарлик ишларини февраль – март ойларидан бошлаш керак.
Жамоа хўжаликларида қурт боқиш мавсумига тайёргарлик ишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
қурт боқиш календар режасини тузиш;
қуртхоналар учун яроқли биноларни танлаш ва уларни таъмирлаш;
керакли асбоб-анжомларни тахт қилиб қўйиш;
қурт боқувчилар звеноларини ташкил этиш;
қурт боқиладиган хоналарни ва асбоб-анжомларни дезинфекция қилиш (зарарсизлантириш);
тутзор ва якка қаторлаб эгилган тутларни парвариш қилиш.
Қурт боқиш мавсумига тайёргарлик ишлари орасида энг муҳим тадбирлардан бири хўжалик миқёсида қурт боқувчи звеноларни тузиш, қурт боқувчилар рўйхатини аниқлашдир. Бу иш хўжалик раҳбарлари, пиллачилик аграноми ва бригадирлар иштирокида амалга оширилади. Пиллакорлар рўйхатини тузишда ҳар бир хонадоннинг имконияти, яъни иш кучи, қурт боқиш учун яроқли хоналар сатҳи ҳисобга олинади. Бу рўйхатга, энг аввало, бир неча йиллар давомида қурт боқиб келган, тажриба орттирган жамоа хўжалик ишчилари киритилиши лозим.
Ипакчиликда дезинфекция ипак қурти касалликларига қарши курашда асосий восита ҳисобланади. Ипак қурти касалликларини қўзғатувчи патоген микроблар дезинфекция ёрдамида зарарсизлантирилади.
Дезинфекцияни иссиқ ҳаво, иссиқ сув, иссиқ буғ, кимёвий моддалар ва бошқа воситалар ёрдамида амалга оширилади. Пиллачилик объектлари асосан кимёвий усул билан дезинфекция қилинади.
Дезинфекцияловчи моддалар орасида хлорамин ва кальций гипохлорит нисбатан кенг қўлланилади. Пиллачилик объектлари эса асосан формалин ва монохлорамин эритмаси билан дезинфекция қилинади.
Формалин кимё заводларида формальдегид (чумоли кислота альдегиди) газининг сувдаги эритмаси ҳолида ишлаб чиқарилади. Инкубатория ва қурт хоналар, одатда 4% формалин эритмаси билан дезинфекция қилинади.
Дезинфекция учун кальций гипохлоритнинг 2% ли эритмаси ишлатилади. Бундай эритмани тайёрлаш учун кальций гипохлоритнинг 200 г кукуни 10 литр сувда эритилади. Сўнгра 100 грамм аммиакли селитра қўшилади ва яхшилаб аралаштирилади. Эритмадан хлор ҳиди келиб туради.
1 л ишчи эритма 3 м2 сатҳга пуркалади. Агар қурт боқиладиган бино деворлари сувалмаган ва ғадир-будир бўлса, 1 л эритма 2 м2 сатҳга пуркалади.