Шундан сўнг иштирокчилар иккинчи даражадаги оқибатларни кўриб чиқадилар (Иловани кўринг). Бу ишга ҳам 10-15 дақиқа вақт берилади. Тақдимот қуйидагича кечади: плакатлар столлар устида ётганича қолади, иштирокчилар эса бир плакатдан бошқа плакатга ўтиб, гуруҳларнинг ишлари билан танишадилар, саволлар пайдо бўлса уларни ёзиб олиб, бу саволлар билан муаллифларга мурожаат қиладилар.
Фойдаланиш доиралари. Бундай шаклда ҳар қандай давр экологик, иқтисодий, маънавий-аҳлоқий муаммоларини муҳокама қилиш мумкин.
Афзалликлари. Масъулият ҳиссини шакллантиради, мантиқий ва танқидий фикрлашни ривожлантиради.
Қийинчиликлари. Тадбирни ташкил этишда ва муаммони фикр сифатида ифодалашда қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Баҳс-мунозаралар (ёзма равишда)
Таърифи. Ўтказиш тартиби. Ўқувчилар ўз уйларида (ёки дастлабки машғулотларда) баҳс-мунозара юритиш предметига айланадиган мавзу билан танишадилар.
Ўқитувчи дарсда ўқувчиларга бўлажак мавзу тўғрисида ахборот бериб, баҳс-мунозаралар қай тарзда ўтиши юзасидан қисқача маълумот беради (бундай баҳс-мунозаралар илк бор ўтказилаётган бўлса муҳим аҳамиятга эга).
Синф ўқувчилари 4-5 кишидан иборат гуруҳларга бўлинади (ёнма-ён парталарда ўтирган ўқувчилар бир-бирига қараб ўтириб олишлари ҳам мумкин). Гуруҳлар сони жуфт бўлиши лозим, чунки икки гуруҳ бир муаммо устида иш олиб боради.
Бир гуруҳ муҳокама қилинаётган муаммонинг ҳимоячиси, бошқаси эса қарши томон бўлиб чиқади.
Таклиф этилган нуқтаи назарни ҳимоя қиладиган гуруҳларга ўқитувчи томонидан дарсдан олдин тайёрлаб қўйилган жадвал чизилган ватман қоғози берилади. Сўнг улар 5 дақиқа давомида таклиф этилган нуқтаи назарни (мавзуни) ҳимоя қилувчи биринчи далилни ифодалайдилар ва ватман қоғозидаги “Ҳа” учун 1-далил” сатрига ёзиб қўядилар.
Мавзу:
“Ҳа” учун 1-далил:
Жавоб:
“Қарши”учун 1-далил:
Жавоб:
“Ҳа” учун 2-далил:
Жавоб:
“Қарши”учун 2-далил:
Жавоб:
“Ҳа” учун 3-далил:
Жавоб:
“Қарши”учун 3-далил:
Жавоб:
Гуруҳлар ўзларининг биринчи далилларини ифодалагунга қадар, ижобий фикрларга қарши чиқиши лозим бўлган командалар ҳам ўз нуқтаи назарларини асослашга тайёрланадилар (болаларнинг нуқтаи назари улар ҳимоя қилиши лозим бўлган нуқтаи назарга доим ҳам мос келавермайди, лекин бугун уларга шундай қилишга тўғри келади).
Сўнг варақлар иккинчи гуруҳларга (таклиф этилган ифодага қарши чиқадиганларга) ўтади ва уларга рақиблар далилларини ифодалаш ва уларга жавоб ёзишга (плакатга “жавоб” сўзларидан кейин ёзилади) ҳамда ўзларининг қарши далилларини баён қилишга (“Қарши”учун 1-далил плакатида ёзилади) 6-7 дақиқа ажратилади.
Бу каби далиллар билан алмашиш жараёни 2-3 марта такрорланади, шу билан бирга ҳар бир гуруҳ шеригининг далилига албатта жавоб қайтариши ва ўзининг шахсий қарши далилини қўшиб ёзиб қўйиши лозим.
Шундан кейин бир мавзу бўйича иш олиб бораётган иккала гуруҳ ёзилганларни ўқиб чиқадилар ва рақибларнинг энг яхши далилларини белгилаб қўядилар.
Охирги босқичда гуруҳлар плакатларни бутун синфга тақдим қиладилар: плакатнинг барча бандлари изоҳ берилмасдан ўқиб чиқилади. Иккала тарафларнинг энг яхши далили айтилади.
Гуруҳнинг барча иштирокчиларига бир хил баҳолар қўйилади.