Мулк ҳуқуқлари назарияси ўтган асрнинг 60-70 йиларида шаклланди. Ҳозирги вақтда унинг ривожланиши алоҳида мустақил концепция сифатида эмас, балки иқтисодий таҳлилнинг учта йўналиши – ҳуқуқ иқтисодиёти, янги иқтисодий тарих ва иқтисодий ташкилот назариясининг методологик ва умумназарий асоси сифатида давом этмоқда.
Америкалик машҳур иқтисодчилар – Р.Коуз ва А.Алчиян мулк ҳуқуқлари назариясиинг асосчилари ҳисобланади. Мазкур назариянинг кейинги ривожига узоқ хориж мамлакатларининг Й.Барцель, Д.Норт, Р.Познер, С.Пейович, О.Уильямсон, Ю.Фама, Э.Фуруботн, С.Чунг каби олимлари ўз ҳиссасини қўшишди. Россия иқтисодий адабиётларида мулк ҳуқуқлари назарияси Р.Капелюшников, В.Радаев, А.Радигин ва бошқаларнинг ишларида ривожлантирилди.
Ўзбекистонда мулкий муносабатларини ислоҳ қилиш, мулкнинг ҳуқуқий асослари ва мулк назариясининг бошқа жиҳатлари Х.Абилқосимов, Н.Юсупова, Н.Неделькина, Ш.Шодмонов, Т.Шодиев, С.Ғуломов ва бошқарларнинг ишларида кўриб чиқилган.
Мулк ҳуқуқлари назарияси доирасида “мулк” тушунчаси одатда турли шахслар ўртасида ҳар хил улушларда тақсимланган ҳуқуқлар тўплами сифатида талқин этилади. Мулк ҳуқуқларининг инглиз ҳуқуқшуноси А.Оноре томонидан таклиф этилган (Оноре рўйхати) ва қуйидаги 11 та унсурни ўз ичига олган таърифи “тўлиқ” ҳисобланади:
эгалик қилиш, яъни ашё устидан мутлақ назорат қилиш ҳуқуқи;
фойдаланиш, яъни ашёдан шахсий фойдаланиш ҳуқуқи;
бошқариш, яъни ашё ким томонидан ва қандай фойдаланилиши мумкинлигини ҳал этиш ҳуқуқи;
даромад олиш, ашёдан аввалги шахсий фойдаланишдан ёки башқа шахсларга ундан фойдаланишга рухсат этишдан келиб чиқадиган неъматларни олиш ҳуқуқи (бошқача айтганда – ўзлаштириш ҳуқуқи);
ашёдан ўзгалар фойдасига воз кечиш, уни истеъмол қилиш, ўзгартириш ёки йўқ қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи “капитал қиймат” ҳуқуқи;
хавфсизлик ҳуқуқи, яъни экспроприацияга қарши иммунитет;
ашёнинг мерос бўйича ёки васиятнома бўйича ўтиши ҳуқуқи;
муддатсизлик;
зарарли фойдаланишни тақиқлаш, яъни ашёдан ўзгалар учун зарарли усул билан фойдаланишдан ўзини тийиш;
ундириш кўринишидаги жавобгарлик, яъни ашёни қарзни тўлаш учун олиб қўйиш имконияти;
қолдиқ хусусият, яъни кимгадир ўтказилган ваколатларнинг уларнинг ўтказиш муддати тугагач ёки исталган бошқа сабабга кўра ушбу ўтказиш ўз кучини йўқотган ҳолларда, “табиий” равишда қайтарилишини кутиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |