1.2. Банк хизматлари ва уларнинг иқтисодиётда тутган ўрни. Банк ишининг дастлабки белгилари қулдорлик жамиятида пайдо бўлган. Улар асосан, савдогарларнинг пул билан боғлиқ ҳисоб-китоб ишларини бажарган ижиро-банклар (мижозлар ўртасида ҳисоб-китобларни нақд пулсиз олиб борадиган банклар) шаклида вужудга келди. Шу билан бир қаторда махсус саррофхоналарда саррофлар пул алмаштириш ва йирик пулларни майдасига алмаштириб бериш ишлари билан шуғулланган. Банкнинг айрим белгиларига эга бўлган муассасалар ўрта асрларда шимолий Италия шаҳарларида, сўнгра Голландия ва Германиянинг савдо марказларида юзага келди.
Капитализмнинг вужудга келиши ва ривожланиши билан банкнинг аҳамияти ортиб кетди. Банк ишининг ҳозирги тамойиллари биринчи бўлиб 17-асрдан бошлаб Англияда, сўнгра бошқа мамлакатларда юзага кела бошлади. Шу даврдан бошлаб банк капитал ва тадбиркорликни ишга солишнинг махсус бир соҳасига айланди. банкнинг кўпайиши билан ссуда капитали капиталнинг асосий шаклларидан бири бўлиб қолди. Аста-секин банк йириклашиб, улар бажарадиган операциялар доираси кенгайиб борди. Банк муомалага хусусий векселлар ўрнида ишлатиладиган кредит пуллари — банкнотлар (банк билетлари) чиқара бошлади. Кўпгина мамлакатларда чеклар билан амалга ошириладиган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар пайдо бўлди. Капитализмнинг ривожланиши билан кредит ва тўловларда воситачилик вазифасини бажарадиган муассасаларга талаб ортиб борди. Банк бўш пул воситаларини йиғиб, уларни турли муддатларга ссудага берди, улар корхоналарнинг жорий ҳисоб варағини юритиб, корхоналар ўртасида ўзаро ҳисоб – китобларни олиб борди. Аста-секин банклар ўртасида энг йириклари пайдо бўлди. Айниқса, 19-аср охирига келиб банк ишлаб чиқаришнинг консентратсияланиши оқибатида банкнинг йириклашуви банк сонини қисқаришига ва банк монополияларининг вужудга келишига, улар ўртасида ўзаро рақобат курашининг кучайишига сабаб бўлди. Банк тўлов ва кредит операцияларида воситачилик қилиш билан кифояланмай, саноат корхоналари акцияларини сотиб ола бошлади, уларнинг хўжаликлари ёки муассисларидан бирига айланди, янги корхоналар таъсис этишда ҳамкорлик қилди. Йирик банк ва саноат капиталининг бирга қўшилиб кетиши натижасида молия капитали ва молия олигархияси вужудга келди, бу олигархия мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида катта мавқени эгаллади.
Банк - тижорат корхонаси сифатида корхоналарга ва бошқа шахсларга жалб қилган пул маблағларини ўз номидан, ўз риски асосида даромад олиш мақсадида жойлаштиради. Кредитлаш тижорат банкларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Муддатлилик, қайтарилиш ва пуллик шартлари асосидаги пул ёки товар шаклидаги кредит қарз берувчи ва қарздор хусусийсида иқтисодий муносабатлами ифода етади.