Кишиларнинг билими ошиб, дунёқараши ўзгариб бориши натижасида жамиятда барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш, бошқача айтганда ижтимоий тартибни ўрнатиш ва сақлаб туриш мақсадида инсон ўзи учун иккита ижтимоий регуляторни, яъни ҳуқуқ ва ахлоқни ўйлаб чиқди. Ҳуқуқ ва ахлоқ одамлар ўртасидаги муносабатларни муросага солиш ва келиштириш орқали жамиятда тартиб ўрнатади. Агар одамлар ўртасидаги муносабат ҳуқуқ ва ахлоқ воситасида муросага солинмаса, жамият сон-саноқсиз зиддият, қарама- қаршиликлар ва урушлардан иборат бўлиб бундай жамият охир-оқибатда инқирозга юз тутади. Чунки, одамларнинг манфаатлари, қизиқишлари хилма- хил бўлиб, уларни қондириш жараёнида табиий равишда зиддиятлар келиб чиқади.
Инсоният билим асосида жамиятда тартиб ўрнатадиган ҳуқуқий ва ахлоқий муносабатлар жамият маънавий маданиятининг шаклланиши ва ривожланишига, провардида комил инсон тарбиясининг маънавий омилларига ўз таъсирини ўтказади. Жамиятни илм бошқарган тақдирдагина ҳуқуқ ва ахлоққа риоя қилиш таъминланиши ҳамда бундай назорат тизимининг шаклланиши ҳам илмий асосда бўлиши лозим. Жамиятда шундай назорат тизими шаклланиши керакки, у ҳуқуқ ва ахлоққа риоя қилишни амалда таъминлашга қодир бўлсин.
Жамиятда ҳуқуқ ва ахлоқ асосида қабул қилинган нормагарга риоя қилишни таъминлашга хизмат қилади. Демак, назорат бу ҳуқуқ ва ахлоқ асосида қабул қилинган чекловларга, шартларга риоя қилишни таъминлаш орқали жамиятда тартиб ўрнатадиган механизм фаолиятидир.
Бундай шартларга, нормаларга риоя қилишнинг бузулиши ижтимоий тизимнинг фаолият олиб боришига зарар етказади. Ижтимоий назоратнинг асосий объектлари бўлиб ҳуқуқ ва ахлоқ ҳисобланади. Назорат тизимининг самарали ишлашини таъминлаш учун қонун (ҳуқуқ)га ва ахлоққа риоя қилиш назорат қилиниши керак. Қонун ва ахлоқ ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилади.
Ушбу жараёндаги қонун бузилиши ҳолатлари бошқа кўплаб ижтимоий муаммоларнинг сабаби бўлиб ҳисобланади. Буюк олим ва табиб Абу Али Ибн Сино ўзининг асарларида касалликни эмас, сабабини даволаш керак деб, ёзиб қолдирган эди. Сабаб бартараф қилинмаса, оқибат бартараф қилинмаслиги аллақачонлар исботланган ҳақиқатдир. Замонамиз моҳияти бўлган кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари концепцияси жамиятда тартиб ўрнатишга хизмат қиладиган ҳуқуқ ва ахлоққа риоя қилишни назорат қилишда давлат назорати ва фуқаролик жамияти назорати ўртасида ижтимоий ҳамкорликни тақозо этади. Сиёсий партияларнинг дастурий ҳужжатларида қайд қилинган жамоатчилик назорати масалалари назорат тизимининг таркибий қисми бўлиб, ижтимоий назоратни самарали қилишга хизмат қилади. Буларнинг барчаси бўлиши учун жамиятни илм ва маънавият бошқариши керак.
Мамлакатимизда жамиятни илм ва маънавият асосида бошқариш учун барча сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий асослар яратилган. Жамиятни илм ва маънавият асосида бошқариш ижтимоий тартибни ўрнатишга қодир бўлган назорат тизимини, уни ҳаракатлантирадиган механизмни ва унинг таркибий қисми бўлган сиёсий партияларнинг жамоатчилик назоратини шакллантира олади. Барча жойда ҳуқуқ ва ахлоққа риоя қилиниши жамият ривожини таъминлаб, уни олға етакловчи омиллардан бири сифатида намоён бўлади. Бу эса ижтимоий йўналтирилган замонавий бозор иқтисодиёти, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этаётган республикамиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Маънавият инсонга аждодлар ўгити билан бирга сингдириб борилади. Илк ўрта аср буюк мутафаккирларидан бири Абу Наср Фаробий “Фозил одамлар шаҳри” номли асарида инсон маънавий камолоти учун асос бўладиган қуйидаги фикрларни билдирганлар, Одамларга нисбатан уларни
бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир... У ўз руҳининг ғурури ва виждонини қадрлайдиган бўлсин, унинг руҳи ўз табиати билан паст ишлардан юқори ва олийжаноб ишларга ишлатиладиган бўлсин... Ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирган шаҳар - фазилатли шаҳардир, бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ - фазилатли халқдир. Шу тартибда барча халқлар бахтга эришиш учун бир- бирларига ёрдам берсалар, бутун ер юзи фазилатли бўлади”1. Одамларни инсоний юксакликка, комилликка, аҳилликка, меҳр-оқибатга, адолатга интилиб яшашга даъват этувчи бобокалонимизнинг бундай ўгитларини фуқаролар, айниқса, ёшлар онгига сингдириб, уларнинг қалбида бундай ўгитларга эътиқод, меҳр уйғотишга интилиб борсак айни муддао бўлур эди.
Маънавий маданиятнинг энг асосий ўзаги ҳисобланган инсон ҳуқуқлари маданияти тушунчаси илк бор муомалда қўлланганига узоқ вақт бўлмаган бўлса-да, шаклу-шамойили, кенг қамрови билан жамиятнинг маънавий маданияти таркибига кириб, тезда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ва инсон ҳуқуқлари билан узвий боғлиқлик ҳосил қила олди ва бугунги кунда муштарак мақсадларни ўзида намоён этмоқда.
Аммо таъкидлаш жоизки, “ҳуқуқий маданият” ва “инсон ҳуқуқлари маданияти” бир хил тушунчалар эмас, лекин жамият маънавий маданиятининг асосий таркиблари сифатида бир-бири билан узвий боғлиқдир. Шу билан бирга, жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг шаклланишида инсон ҳуқуқлари маданияти аҳамиятли ролни бажаради.
Ҳуқуқ ўз-ўзидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда энг муҳим омиллардан бири саналса, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият инсон ҳуқуқлари реал ва унумли амалга ошишига таъсир қилади. Инсон ҳуқуқлари маданияти эса жамиятда инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш кафолатидир.
Жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятининг юксак поғонасига эришиш фуқароларнинг ўзига боғлиқ бўлиб, бу - ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини яхши билиши, ҳуқуқий ҳужжатлардан ўз вақтида хабардор бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида маълум бир малака, қобилият ва билимга эга бўлиши, ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ўз муносабатларини эркин билдира олиши, қонунларга сўзсиз риоя этиб, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишидир.
Инсон ҳуқуқлари маданиятининг шаклланишига аҳоли қатламларининг мавқеи, манфаати, ёши, билими, жинси, касб-кори каби бир қатор ижтимоий омиллар таъсир этадики, ушбу хусусиятлар инсон ҳуқуқи маданиятига ўзига хос ёндашишни тақозо қилади.
Инсон ҳуқуқлари маданияти демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириши ва адолатли фуқаролик жамиятини вужудга келтириши баробарида шахснинг ҳар томонлама камол топиши учун муҳит яратиш, зарур меҳнат ва ҳаёт шароитини, сиёсий эркинликни таъминлашга ёрдам беради. Бу ҳолат, умуминсоний аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқий ва маънавий кафолотларни, яъни ростгўйлик, инсоф, диёнат, эзгулик, шафқат, виждон, инсоний қадр- қиммат ва танлов эркинлигини қамраб олади.
Шахсда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш учун энг биринчи ўринда ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий таълимга катта аҳмият бериш лозим. Мамлакатимизда истиқлолга эришган илк кунларимизданоқ ҳуқуқий тарбия долзарб масалалар қаторига киритилган ва бу борада амалга оширган ишларимиз фуқаролик жамиятини қуришда катта аҳамият касб этмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 1997 йил 25 июндаги —Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги фармони ҳамда Олий Мажлиснинг 1997 йил 29 августдаги Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури1 2 ҳозирги кунга қадар аҳолини ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришда энг асосий ҳужжат сифатида амал қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида таъкидлаганидек, “Юксак ҳуқуқий маданият - демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир. Шу муносабат билан, бугунги сиёсий- ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишини таъминлайди, деб ўйлайман” .
Айни чоғда инсон ҳуқуқлари маданияти, умуминсонимй маданиятининг таркибий қисми бўлиб, у умумий маданиятининг шунчаки бир қисми эмас, балки унинг ўзаги, туб негизи ва асосидир. Жамиятимизда инсон ҳуқуқлари малданиятини шакллантиришга фақат фарзандларимизнинг ҳуқуқий тарбиясини ошириш ва ҳуқуқий тарғиботларнинг сифат даражасини кўтариш орқалигина эришиш мумкин.
Миллий қадриятлар комил инсонни тарбиялашда, улар одоб-ахлоқи ва ҳуқуқий маъданиятини шакллантиришда асосий омилдир. Жамиятни янгилашда мустақиллик қадриятларини эъзозлаш, миллий ифтихор туйғуларини тўла шакллантириш миллий истиқлол ғояларига содиқ бўлиш алоҳида аҳамият касб этади. Мустақиллик олий неъмат эканлигини тушунган ҳолда ушбу тушунча ва ғояларни янада теран ҳис этиш жамият аъзоларига ўта масъулиятли вазифа юклайди.
Янги жамият фуқароларини тарбиялашда одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий маданият муҳим ўрин тутади. Унинг асосини Президент И.Каримов томонидан асослаб берилган миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллари ташкил этади.
Янги жамият бунёдкори энг аввало миллий ғоя ва истиқлол мафкурасига содиқ Ўзбекистон фуқаросидир. Янги жамият бунёдкори Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаравонлиги каби тушунчаларнинг моҳиятини чуқур англаши лозим. Ана шу буюк ғоялар замирида янги жамият бунёдкорининг одоб-ахлоқи ва ҳуқуқий маданияти ўзининг мужассам ифодасини топиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти эътироф этганидек, жаҳон хўжалик алоқаларига қўшилишнинг асосий шарти сифатида умум қабул қилинган норма ва қоидаларга кўпроқ яқинлашишга интилган ҳолда, республиканинг ўз ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда унинг ижтимоий- иқтисодий ва миллий ўзига хос хусусиятлари иложи борича тўла ҳисобга олиниши керак. Шу билан бирга янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида аҳолининг кундалик турмушига сингиб кетган халқ анъаналари, урф-одатлари, шахслараро ва миллатлараро муомала ҳамда диний эътиқодларнинг асрий тарихидан мерос қилиб олинган, умуминсоний қадриятларга, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига зид бўлмаган ахлоқий нормалар албатта акс эттирилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаравонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Ушбу конституциявий нормада одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий маданият қоидаси сифатида ижтимоий адолатни ҳам ўз ичига қамраб олган. Ижтимоий адолат — хулқнинг кенг доирасини ўзида қамраб олади ва унинг яхлит мазмунини ўзида акс эттиради.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида ахлоқий тушунчалар ва нормалар ифода этилган, хусусан, Кодекснинг 9-моддасига кўра, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши назарда тутилади. Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари керак. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 3-моддасида унинг принциплари ифода этилиб, “инсонпарварлик”, “одиллик” кабилар белгилаб берилган. Шунингдек, ушбу Кодекснинг 6-моддасида жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки жамоалар жиноят содир этган шахслар ахлоқини тузатиш ишига қонунда назарда тутилган ҳолларда жалб қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 4-моддасида фуқаролик суд ишларини юритишнинг принципи сифатида “ижтимоий адолат”, “фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувлик” каби қадриятлар ўзининг мужассам ифодасини топган.
Жамият ва давлат ижтимоий фаол, одобли ахлоқли ва қонунга итоаткор фуқароларни тарбиялашдан манфаатдор. Миллий одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий қадриятлар асосида комил инсонни тарбиялаш демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий вазифасидир. Миллий ҳуқуқий тизимни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига зид бўлмаган одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий маъданият қоидалари билан тўлдириб бориш қонунчилик фаолиятимизнинг ҳам бош мезони бўлиши керак.
Мустақиллик ҳуқуқий тафаккури, умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик, адолатпарварлик, ҳуқуқий меросни асраб-авайлаш ва ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида уни қарор топтиришга қолаверса, ахлоқий фазилатларни шакллантиришга ёрдам Беради. Абу Наср Фаробий ибораси билан айтганда, “аҳолиси хушхулққа эга бўлмаган мамлакатда ҳокимиятга эҳтиёж сезилади”1. Демак, жамиятнинг нечоғлик демократлашуви фуқаролар эрки, ҳуқуқ, эркинликлари, бурчларини бажариши энг аввало, адолатли жамият аҳолисининг феъл-атворига, маънавий-ахлоқий ва улар ҳуқуқий камолотига боғлиқдир. Миллий одоб ахлоқ ва анъаналар ҳам шахс ҳуқуқий онгини ошишида муҳим ўрин тутади.
Ҳуқуқ назариясидан бизга маълумки, одоб-ахлоқ қоидалари ўз-ўзидан ҳуқуқ манбаси бўлиб ҳисобланмайди. Ушбу қоидалар агар муайян норматив ҳуқуқий ҳужжатда ўз аксини топсагина ҳуқуқ манбаси бўлиши мумкин. Бундай ҳолда одоб-ахлоқ қоидаси ҳуқуқ нормаси бўлиб тегишли ҳуқуқий муносабатга татбиқ этилиши лозим. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда тарафларнинг эркинлиги нафақат ёзма битимларда балки унда ифода этилмаган одоб ахлоқ муомала шартларига риоя этиши уни бажарилишини таъминлашнинг муҳим омилидир. Хусусан, Фуқаролик Кодексининг 192-моддасида одоб-ахлоқ нормаси сифатида йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариш шарт. Бинобарин, одоб-ахлоқ қоидалари фуқаролик ҳуқуқининг манбаси бўлмасада, фуқаролик қонун ҳужжатларининг маъносини тушунишда ва унда ифода этилган қоидаларни амалиётга тўғри татбиқ этишда муҳим ўрин тутади. Фуқаролик Кодексининг 116-моддасига кўра, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Битим тарафлари бундай битимни тузишда мулкий оқибатлар келтириб чиқаришини англашлари лозим. Шу сабабли бундай қоидалар жамият ахлоқий негизларининг муҳим асоси бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда жавобгарликни эркинлаштиришда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига зид бўлмаган одоб-ахлоқ қоидалари ҳуқуқ нормаси сифатида ифода этилишининг таъминланиши янги жамиятда ижтимоий адолат тамойилларининг қарор топишида муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис, миллий қонунчиликни одоб-ахлоқ қоидалари билан уйғунлаштириш қонун ижодкорлик фаолиятида ҳам муҳим йўналиши бўлмоғи лозим. Қонун ҳужжатларининг ижтимоий ҳаётда тутган ўрни жуда катта, улар жамият аъзоларининг хулқ-атвор қоидаларини белгиловчи олий юридик қадрият сифатида инсон фаровонлигини таъминлаш воситаси сифатида хизмат қилади. Президент И.А.Каримов таъбири билан айтганда, “ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимояси ҳам, кўзи ҳам қонундир. Биз жамиятни қонун асосида ва қонун ёрдамида бошқаришга аҳд қилган эканмиз, ислоҳот қисматини айрим расмиятчилар қўлига топшириб қўймаслигимиз зарур” Ёки бўлмаса, жаҳон донишмандлик ақидаси сифатида эътироф этилган, “қонун инсоний доноликнинг юксак ифодаси бўлиб, одамлар тўплаган тажрибадан жамият фаровонлиги йўлида фойдаланилади” ёхуд, “қонуннинг моҳияти - инсонпарварлик” деган ибораларда ҳам оқилона ҳикмат мужассамлашганлиги бежиз эмас.
Фуқаролик жамиятини шакллантиришда нафақат қонунларнинг устуворлигини таъминлаш балки миллий одоб-ахлоқ қоидаларининг ижтимоий тартибга солувчи восита тарзда мавқеини ошириш янги жамият кишисини хушхулқли сифатида тарбиялашда ҳам катта аҳамиятга эгадир. Абу Райхон Беруний таъбири билан айтганда, яхши хулқ яхшилик аломатидир. Миллий қадриятлар негизида ҳам одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий маданият қоидалари мужассам ифодасини топган. Инсоният тарихида ҳуқуқ нормалари яратилгунга қадар ижтимоий тартибга солишнинг элементи сифатида одоб-ахлоқ муҳим ўрин тутган. Инсонлар онгида ҳуқуқий хулқ атвор мезонларига нисбатан одоб-ахлоқ қадриятлари устуворлик касб этган. Одоб-ахлоқ қадриятлари хулқ-атворни шакллантиришга ёрдам беради. Ахлоқда ҳал қилувчи мезон сифатида одоб талаблари мужассамлашган.
Ҳуқуқ ижтимоий тартибга солувчи восита сифатида одоб-ахлоқ талабларига жавоб бериши керак. Ўз навбатида, ҳуқуқ-ижтимоий тараққиётнинг барометри, уни амалга оширувчи ва кафолатчисидир. Шу сабабли, ҳуқуқ ва ижтимоий тараққиёт бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳуқуқнинг ёрдамисиз, унинг умуммажбурлов кучисиз, давлат томонидан кафолатисиз жамият бир бутун тузилма сифатида яшай олмайди. Ҳуқуқ фақат жамият тараққиёти билан боғлиқ бўлиб қолмай, балки уни ҳаракатга келтирувчи куч, восита, ижтимоий тараққиёт кафолатчиси сифатида ҳам хизмат қилади. Одоб-ахлоқ ҳам ҳуқуқ каби ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришга, жамиятни янгилаш ва демократлаштиришга ўзининг фаол таъсирини кўрсатади. Юридик жавобгарликни эркинлаштиришда ҳуқуқни ахлоқийлаштиришга жиддий эътибор беришни тақазо этади. Шунингдек янги жамият кишисини тарбиялашда ҳуқуқ нормалари билан бир қаторда одоб-ахлоқ қадриятларини улар онгига сингдириш ҳам ўзининг самарасини беради. Суд ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида юридик жавобгарликни эркинлаштириш жараёнига жамият аъзоларида ҳуқуқий хулқ-атвор соҳиби бўлиш баробарида, уларда юксак одоб ахлоқий фазилатларни шакллантирилган тақдирдагина ижобий натижа бериши мумкин. Шу сабабли, юридик жавобгарликни эркинлаштириш муаммоларини ҳал қилиш миллий қадриятлар негизида одоб ахлоқ ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш билан узвий боғлиқдир. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, юридик жавобгарликни эркинлаштириш агар соғлом ҳуқуқий хулқ-атвор ва одоб ахлоқ шакллантирилмасдан ёки бу борада тегишли амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб ҳаётга тадбиқ этилмасдан амалга оширилса кутилган натижани бериш қийин, албатта. Қайд этилганларга асосан баён этиш жоизки, соғлом ҳуқуқий хулқ атвор, одоб ахлоқ негизида юридик жавобгарликни эркинлаштиришни босқичма-босқич ҳал қилиб борилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишнинг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади.
Ҳуқуқнинг ахлоқийлиги энг аввало ахлоқий-юртидик талаб асоси бўлмиш адолат негизлари ифодаланганлиги билан тавсифланади. Одоб-ахлоқ ва ҳуқуқ шахсни тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли, уларнинг мавжуд бўлиши ахлоқий мезон ва баҳолашни ҳам ўзига қамраб олади.
Ўз навбатида, ҳуқуқ одоб-ахлоқни шакллантиришга ҳам ижобий ёрдам кўрсатади. Одоб-ахлоқ принциплари жамиятда ҳуқуқий асосни вужудга келишида ҳам муҳимдир.
Одоб-ахлоқ ва ҳуқуқ бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиши билан бир қаторда, ҳар иккаласи ҳам мустақил умум инсоний ва миллий қадрият бўлиб ҳисобланади.
Биринчидан, ахлоқ, адолат, оқибат, меҳр-мурувват ва бошқа ахлоқий талаблар инсонга унинг онги, маънавий дунёси орқали унга ичидан таъсир кўрсатади. Ҳуқуқ эса ташқи тартибга солувчи восита бўлиб норматив-ҳуқуқ тизимга муайян юридик тилда ёзилган қоидаларни ўзида мужассам этади.
Иккинчидан, ахлоқ-инсоннинг соф онгги билан боғлиқ бўлиб уларнинг маънавий ҳаёти ва дунёқарашига таъсир этувчи восита бўлиб мажбурий ташқаридан объектив ҳолда ифода этиш талаб этилмайди. Ҳуқуқ эса ижтимоий тартибга солувчи восита бўлиб ёзма ҳуқуқни ўзида акс эттиради.
Учинчидан, одоб-ахлоқнинг мазмуни энг аввало, инсонларнинг ўз (қилмиши) учун қарз, мажбурият, жавобгарлик кабиларда мужассам бўлади. Ҳуқуқ эса хуқуқ йўл қўйган ҳаракатларда, алоҳида шахсларнинг субъектив ҳуқуқларида намоён бўлади.
1 Форобий Абу Наср. Фозил одамлар шаҳри. -Т.: А.Қодирий номидаги “Мерос”, 1993, 33-бет.
Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маъруза. 2010 йил 12 ноябрь // - Т.: “Ўзбекистон”, 2010. 7-бет.
1 Абу Наср Фаробий. Фозил одамлар шахри. -Т. А.Қодирий номидаги ҳалқ мероси нашриёти, 1993, 186-187- бетлар
Do'stlaringiz bilan baham: |