19-модда. Депозитарийларда қимматли қоғозлар сақланишининг кафолати
Депозитарийларда қимматли қоғозларнинг сақланиши уларни қимматли қоғозларни сақлашга доир талабларга жавоб берадиган қимматли қоғозларни сақлаш жойларида сақлаш ва ҳисобга олиш рўйхатларини депозитар операциялар стандартларига мувофиқ ҳолда юритиш орқали таъминланади.
Марказий депозитарийда сақланаётган ва ҳисобга олинаётган қимматли қоғозларнинг сақланиши, шунингдек Марказий депозитарийнинг маълумотлари мажмуида қўшимча сақлаб турилиши, техник тизимларда узилиш юз берганда ва кутилмаган вазиятлар вужудга келганда Марказий депозитарий маълумотлари мажмуини тезкор тиклаш орқали таъминланади.
Ваколатли давлат органи қимматли қоғозларнинг Депозитарийларда сақланиши ва уларга бўлган ҳуқуқ ҳисоби юритилиши ишончлилигини таъминлашга доир қўшимча талабларни белгилаши мумкин.
20-модда. Ахборотнинг махфийлиги
Депозитарийлар депо ҳисобварақларидаги операцияларининг махфийлигини кафолатлайди. Депозитарийларнинг барча хизматчилари депо ҳисобварақларидаги операцияларни сир тутишлари шарт.
Депозитарийнинг депонентлари тўғрисидаги, депо ҳисобварақларининг ҳолати ҳақидаги, депо ҳисобварақларида амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек уларни ўтказиш чоғида депозитарийга уларни махфий сақлаш зарурлиги ёзма равишда кўрсатилган бошқа маълумотлар махфий ахборот ҳисобланади ва қонун билан қўриқланади.
Жисмоний шахсларнинг депозитар операциялари ҳамда депо ҳисобварақлари бўйича маълумотномалар қимматли қоғозлар эгаларининг ўзларига ёки номинал эгаларига ҳамда уларнинг қонуний вакилларига берилади, шунингдек судларга, суриштирув ва тергов органларига улар ихтиёридаги ишлар юзасидан, депонентларнинг депо ҳисобварақларида бўлган қимматли қоғозлари хатланиши, ундирувга қаратилиши ёки мусодара қилиш қўлланилиши мумкин бўлган ҳолларда берилади.
Депозитар операциялар ва депо ҳисобварақлари юзасидан маълумотномалар уларнинг эгалари вафот этган тақдирда меросхўрларига ёки депо ҳисобварағи эгаси томонидан кўрсатилган шахсларга, мерос ишларини кўриб чиқаётган нотариал идораларга, чет эл фуқаролари масаласида эса — чет эл консуллик муассасаларига берилади.
Юридик шахсларнинг депозитар операциялари ҳамда депо ҳисобварақлари юзасидан маълумотномалар юридик шахсларнинг ўзларига, прокурорга, судларга берилади, суриштирув ва тергов органларига эса — қўзғатилган жиноий иш мавжуд бўлган ҳолларда берилади.
Махфий ахборотни ошкора этганликлари учун бундай ахборотдан хабардор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Сир тутиладиган ахборотни эгасининг розилигисиз қасддан ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш, хўжалик юритувчи субъектга кўп миқдорда зарар етказган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 191-моддасига асосан жавобгарликни келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |