Конфуцийликнинг бош Худоси – осмон Худоси эди. Кейинчалик Конфуцийнинг ўзи ҳам илоҳийлаштирилган. Унинг шарафига, хатто императорнинг ўзи ҳам диний маросимларни бажо келтирар эди. Бу бежиз эмас эди, албатта. Чунки, конфуцийлик оддий халқ устидан аслзодаларнинг ҳукмронлигини оқлар эди. Бу динга кўра, айни вақтда императорнинг ўзи олий худонинг ердаги вакили ҳисобланади. Конфуцийликда императорга қарата ёзилган қуйидаги маслаҳат ҳам бор: “агар император бирор катта мақсадни амалга оширмоқчи бўлса, у албатта, аждодлари ибодатхонасига бориши лозим. Қилмоқчи бўлган ишидан, ўзининг мақсадидан авлодларини хабардор этмоғи керак. Шу пайтда у осмонда юлдузларнинг ҳолатига қарамоғи, улар қулай жойлашганлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг ўзининг мақсадини амалга ошириши мумкин”.
Конфуцийлик тарафдорлари диний китоблардаги таълимотга қатьий риоя қиладилар; бу таълимот мавжуд тузумнинг енгилмаслигини тарғиб қилганлиги учун Хитой феодализмининг асосий мафкураси бўлиб қолган.
Синтоизм (синто – худолар йўли демакдир). Японияда кенг тарқалган, анъанавий миллий характердаги динлардан бири. Бу дин илк феодализм даврида (VI-VII асрлар) ривожланган ва уруғчилик, кабилачиликка хос анимистик ва шомонлик маросимлари йиғиндисидан иборат ҳолда вужудга келган. Синтоизм таълимотида Японияда жорий этилган ижтимоий-сиёсий тартибнинг мустаҳкамлиги ва ўзгармаслигига, қуёш тангриси-Аматэрасунинг наслидан деб ҳисобланган япон императори-Микадо ҳокимиятининг илохийлигига ишониш, император аждодларини муқаддас деб тан олиш, аждодлар шарафига тайинланган оила-уруғ маросимларини бажариш кабилар асосий ўрин эгаллайди. Синтоизмнинг пухта ишланган ақидалари йўқ. Диний маросимларни каннушлар деб аталадиган алохида кохинлар ижро этади. Каннушлик вазифаси наслдан наслга ўтади. Ҳозирги вақтда японларнинг ярмидан кўпи синтоизм билан буддизмни тенг кўриб, хар иккаласига эътиқод киладилар; ҳаётий маросимлар – туғилиш, никоҳ кабилар синтоизм ибодатхоналарида бажарилса, дафн этиш ва марҳумни хотирлаш маросимлари Буддизм ибодатхоналарида ўтказилади.
Синтоизм билан Буддизмнинг бир-бирига таъсири кучли. Синтоистлар Буддизм дини учун ибодатхоналар қуриш билан чекланмадилар, балки ўрта асрларга келиб синто-будда қўшма ибодатхоналари вужудга кела бошлаган. Синтоизмнинг ўзига хос хусусияти ўзи тарғиб қилган худога сиғиниш, бошқа миллат кишиларининг бу динга сиғинишини маън этишдан иборат. Синтоистларнинг муқаддас китоби бўлмаган, аммо ибодатхоналарда ёзилган диний афсоналар учраб туради. VIII асрга келиб оғзаки диний афсоналар асосида "Кодзики" (қадимги ишлар тўғрисида ёзувлар) номли диний китоб пайдо бўлди. Унда асосан императорлар сулоласининг келиб чиқиши илоҳийлаштирилган. VIII-Х асрларда сиғиниш қоидалари ишлаб чиқилган ва худолар номи рўйхатга олинган эди.
1886 йилдан то XX асрнинг 40 йилларигача синтоизм Япониянинг давлат дини ҳисобланар эди. Натижада диннинг структураси ҳам ўзгара бошлади, илоҳий рухлар ўрнига император шахси улуғланди. Синтоизмда миллий ибодатхоналар кўплаб қурилди. XIX асрнинг охирларига келиб моҳиятини йўқота бошлаган синтоизм 1945 йилда давлатдан ажратилди. Хозирга пайтда синтоизм тарафдорлари унчалик кўп эмас, аммо уни замонга мослаштиришга уринишлар давом этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |