Ички тузилиши(6-расм): Хазм қилиш системаси. Икки паллалилар бошсиз бўлганлигидан ва пассив усулда, асосан планктон билан озиқланганлигидан уларнинг овқат хазм қилиш системаси анча содда тузилган. Адабиётларда келтирилган маълумотларига (Мавлонов, Хуррамов, Норбоев, 2002) кўра оғизнинг икки ёнида иккита паррак бор. Бу парракларни хилпилловчи киприклар қоплаган. Киприкларнинг елпиниши таъсирида озиқ зарралари сув билан бирга оғиз тешигига яқинлашади ва оғиз тешигидан қисқа қизилўнгач орқали ошқозонга тушади. Ошқозонга жигар йўли очилади. Ўрта ичак ошқозондан бошланади ва бир неча марта буралиб, тананинг кейинги қисмида орқа ичакка уланади. Орқа ичак юрак қоринчасини тешиб ўтади ва орқа томонда орқа чиқариш тешиги билан тамом бўлади.
Нафас олиш системаси. Жабра аппаратининг тузилиши пластинкага ўхшаб кетганлиги учун баъзи адабиётларда улар пластинкажабралилар хам деб эътироф этилган. Лекин турли икки паллалиларнинг жабра аппарати турлича тузилишга эга. Садафдор, тишсиз ва бошқа кўпчилик икки паллалиларда мантия бўшлиғининг шипидан оёқнинг иккала томони бўйлаб иккитадан узун жабра пластинкалари осилиб тушган. Бу пластинкалар анча мураккаб тузилган. Хар қайси пластинка қўшалоқ бўлиб, мураккаб тўсинлар системасидан тузилган панжарага ўхшайди.
6-расм. Бақачаноқнинг ички тузилиши (Натали, 1960). 1-буйрак, 2-жабра сифони, 3-юрак олди бўшлиғи, 4- жабра, 5- мантия чети, 6-жинсий без, 7-жигар, 8- ичак, 9- оғиз, 10-олдинги туташтиргич мускул, 11- ошқозон.
Шуни алохида таъкидлаш лозимки, пластинкасимон жабралар ктенидиал жабралардан хосил бўлган, шу билан бирга хар қайси томондаги иккита пластинкасимон жабра битта ктенидал жабрага мос келади. Шунга кўра хар қайси пластинка ярим жабрадир. Баъзи икки палллалиларда ктенидиал жабралардан юзага келган жабра аппарати ўрнига алохида нафас олиш органлари пайдо бўлган. қон айланиш системаси. қон айланиш системаси моллюскалар учун типик бўлган тузилишга эга. Икки олд бурмали юрак, юрак олди халтасида жойлашган. Юракдан иккита: олдинги ва кейинги аорта бошланади, олдинги аорта гавданинг олдинги қисмига ва ўша ерда жойлашган ички органларга борса, кейинги аорта ўз навбатида иккита мантия артериясига бўлинади. қон артериялардан бириктирувчи тўқималардаги лакунларга, у ердан эса перикардий остида жойлашган веноз лакунларига ўтади. Лакунлардан қон жабра томирларига келади, у ердан жабра капилляларига ўтиб оксидланади ва жабралардан қайтадан томирлар орқали юрак бўлмаларига қуйилади. Айириш системаси. Икки паллалиларнинг айириш системаси бир жуфт буйракдан иборат бўлиб, улар баянус органлар деб хам аталади. Бу органлар перикардиал бўшлиқнинг икки ён томонига ва пастга жойлашган бўлиб «U» харфи шаклида қаерилган. Айириш вазифасини буйраклардан ташқари, махсус перикардиал безлар ёки кебр органлар деб аталадиган безлар хам бажаради. Безлар ишлаб чиқарган моддалар дастлаб перикардийга ундан буйрак орқали ташқи мухитга чиқарилади. Нерв системаси. Икки паллалиларнинг нерв системаси қорин оёқлилар нерв системасига қараганда соддароқ тузилган. Бунинг сабаби, уларнинг пассив усулда овқатланиши ва харакат қилишидир. Кўпинча гангилиялар қўшилиб кетиш натижасида уларда хаммаси бўлиб уч жуфт – церебрал, плеврал ва педаль гангилиялар бўлади. Сезув органлари. Пассив хаёт кечирганлари учун уларда сезув органлари яхши ривожланмаган. Уларда бу вазифани оёқнинг ён томонларида, педаль гангилиялар ёнида жойлашган статоцистлар бажаради. Икки паллалиларда кўрув органлари ривожланмаган, фақат денгиз тароқчаларида мантиянинг четида анча мураккаб тузилган кўзлар мавжуд-ки уларнинг сони бир неча юзтага етади.
Do'stlaringiz bilan baham: |