3-боб. «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш
1-§ «Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш тартиби
10. Моддий аҳволи қийин ёшларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлашнинг аниқ миқдори ёшнинг ҳаётий вазияти мураккаблигини инобатга олган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда — БҲМ) 4 бараваригача миқдорда Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлаб берилади.
11. Бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган ёшга, биринчи навбатда, қуйидагиларга тайинланади:
боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз ёшларга;
I ва II гуруҳ ногирони бўлган ёшларга;
қарамоғида ногирон бола бўлган ёш оила (эр-хотиннинг бири)га;
ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган ёшларга;
табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган ёшларга.
Мураккаб ҳаётий вазиятга тушган бошқа тоифадаги ёшларга, асослантирувчи сабаблари мавжуд бўлганда, секторлар раҳбарларининг хулосаларига асосан Васийлик Кенгаши қарори билан бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.
12. Аризачига бир марталик моддий ёрдамни бериш ҳақида қарор қабул қилинганида, аризачи ишга кириш, касб ўрганиш, ўзини-ўзи банд қилиш каби мажбуриятларни олишини назарда тутувчи (меҳнатга лаёқатсиз ва ногирон шахслар бундан мустасно) сектор раҳбари ва аризачи ўртасида икки томонлама ижтимоий шартнома тузилади.
13. Туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг бухгалтерия бўлимлари «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур маблағларни Халқ банкининг тегишли бўлими (филиали)га ўтказади.
14. Халқ банкининг тегишли бўлими (филиали) томонидан бир марталик моддий ёрдам тўловлари ҳар ойнинг 5 — 27-саналарида амалга оширилади. Ойнинг охирги иш кунида ведомостлар ёпилади, тайинланган, бироқ ўз вақтида талаб қилиб олинмаган моддий ёрдам, уни олувчининг номидаги махсус депозит ҳисобварағига ўтказилади ва олувчининг биринчи талабига кўра тўланади. Ёпилган ведомостнинг бир нусхаси Васийлик кенгашига ва тегишли секторларга тақдим этилади. Аризачи томонидан талаб қилиб олинмаган моддий ёрдам маблағларини Васийлик кенгаши томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қайтариш чоралари кўрилади.
Секторлар раҳбарлари муҳтож ёшларга тўланган бир марталик моддий ёрдам тўғрисидаги маълумотларни ведомост нусхаси тақдим этилган кундан бошлаб уч кун муддат ичида электрон платформадаги ёшларнинг индивидуал анкетасига киритилишини таъминлайди.
15. Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «Ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмайди.
16. Моддий ёрдам шахсга бир календарь йил давомида бир маротаба берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |