58-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолатлари Давлат:
- иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини;
- ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимояланишни;
- мақбул келадиган иш танлаш ва ишга жойлашишга бепул ёрдам беришни;
- ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ олишда, хизмат поғонасидан юқорилаб боришда тенг имкониятлар яратишни;
- янги касбга (мутахассисликка) бепул ўқитишни, маҳаллий меҳнат органларида ёки уларнинг йўлланмаси билан бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаб малакасини оширишни;
- бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда моддий харажатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлашни;
- ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузиш имкониятини кафолатлайди.
Иш билан таъминлашнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шартлари ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгилаб қўйилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни.
59-модда. Ишга жойлашишга давлат йўли билан кўмаклашиш Аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимининг тегишли органлари томонидан амалга оширилади.
(59-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги ЎРҚ-456-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон) Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2498-сонли «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 апрелдаги 117-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тўғрисида»ги низом ва «Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами: 831, 13.10.1999 й.). Иш билан таъминлаш сиёсатини амалга ошириш борасидаги тадбирларни молиявий жиҳатдан таъминлаш ҳамда меҳнат органларининг самарали фаолият кўрсатиши учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилаган тартибда Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 31 декабрдаги 606-сонли «Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган. Шунингдек, қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 апрелдаги 117-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом. [ОКОЗ:1.05.00.00.00 Меҳнат ва аҳолининг бандлиги тўғрисидаги қонунчилик / 05.01.00.00 Ишга жойлаш ва аҳоли бандлиги / 05.01.03.00 Ишсизлар (мақом)]