7-боб. Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестри 93. Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестри ваколатли орган томонидан юритилади.
94. Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестри электрон платформасини ишлаб чиқиш ва юритиш, шунингдек, компетенцияларни баҳолаш марказлари фаолиятининг дастурий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
95. Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
тартиб рақами;
идентификация рақами (ноёб, автоматик равишда белгиланадиган);
талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (талабгор рухсати билан);
талабгорнинг паспорти маълумотлари;
компетенциялари баҳоланган касб (мутахассислик ёки тегишли хорижий тил);
компетенциялари баҳоланган касб (мутахассислик) коди (хорижий тилни билишга имтиҳон топширилган ҳоллардан ташқари);
касб (мутахассислик) ёки хорижий тил бўйича компетенциялар баҳоси;
хорижий давлат қонунчилигининг базавий асосларини билиш даражаси баҳоси — мавжуд бўлса;
хорижий давлат маданий-этник базавий асосларини билиш даражаси баҳоси — мавжуд бўлса;
Компетенцияларни баҳолаш маркази номи ва унинг жойлашган ўрни (почта манзили);
телефон (факс) рақамлари;
муассаса раҳбари фамилияси, исми, отасининг исми;
имтиҳон топширилган сана ва вақт;
Компетенцияларни баҳолаш марказининг аккредитацияланган санаси ва аккредитация тўғрисида гувоҳнома рақами.
96. Ваколатли орган Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрига жойлаштириш учун талаб қилинадиган маълумот турларига қўшимчалар киритиши мумкин.
97. Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестри маълумотлари ваколатли орган веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.
Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрига фақат ушбу Низомда белгиланган тартибда компетенция тўғрисида сертификат олган шахслар ҳақидаги ахборот киритилади..
98. Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестри касблар (мутахассисликлар), хорижий тиллар турлари ва бошқа белгиларга кўра турларга ажратилиши мумкин.
99. Компетенцияларни баҳолаш марказининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳолларда ваколатли орган аккредитация тўғрисида гувоҳномаси тўхтатиб қўйилган ёки бекор қилинган тегишли Компетенцияларни баҳолаш маркази томонидан тасдиқланган малакага эга шахс(лар)ни, компетенция тўғрисида сертификат берилган талабгор(лар)нинг компетенцияларини баҳолаш натижаларини Миллий реестрдан чиқаришга ҳақли.
Бунда ваколатли орган, жумладан учинчи томонни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Компетенцияларни баҳолаш маркази томонидан баҳоланган талабгорлар, шунингдек, меҳнат фаолиятини хорижда амалга ошираётган талабгорлар компетенциялари сифатини текширишга, текшириш натижаларига кўра, шахс(лар)ни Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрига қайтадан киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
100. Ваколатли орган шундай тартиб ўрнатиши мумкинки, унга кўра Компетенцияларни баҳолаш марказлари Тасдиқланган малакага эга шахслар Миллий реестрига ҳимояланган электрон имзодан фойдаланиш орқали талаб қилинган маълумотларни мустақил равишда киритишлари мумкин.