12-боб. Узоқ муддатли ўқитиш 171. Узоқ муддатли ўқитиш шаклидаги касбга ўқитиш параметрлари меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасига кирувчи касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан амалга оширилади.
172. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасига кирувчи касб-ҳунарга ўқитиш марказларини молиялаштириш ва моддий-техник ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига амалга оширилади.
173. Узоқ муддатли ўқитиш касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан таълим тизимида қабул қилинган ўқув йили даврида ташкил қилинади.
13-боб. Ўрта муддатли ўқитиш 174. Ўрта муддатли ўқитиш кўринишидаги касбга ўқитиш параметрлари меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан амалга оширилади.
175. Ўрта муддатли ўқитиш касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан мустақил белгиланадиган даврларда меҳнат органлари билан келишган ҳолда ташкил этилади.
176. Меҳнат органлари касбга ўқитишнинг тасдиқланган параметрлари ҳажмлари доирасида касбга ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳларни шаклланиши давомида, шунингдек, фуқаролар ва иш берувчилар эҳтиёжларининг таҳлили, касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таклифларига асосан ушбу Низомга 12-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ўрта муддатли ўқиш харажатларини тўлаш ҳақида тўғридан-тўғри тўрт томонлама шартномалар тузади.
177. Ўрта муддатли ўқитиш учун шартнома томонлари сифатида:
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахс;
Касб-ҳунарга ўқитиш маркази;
тегишли жисмоний шахсни ишга қабул қилишни ўз зиммасига олган иш берувчи.
178. Шартномалар молиявий йил доирасида тузилади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилик бўлинмаларида меҳнат органларининг касбга ўқитиш параметрларини амалга ошириш харажатлари сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида рўйхатга олинади.
179. Тегишли жисмоний шахсни ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган ва тўрт томонлама шартномани имзолаган иш берувчига ушбу жисмоний шахсни диплом олгандан кейин ишга жойлаштириш бўйича мурожаат қилган кундан бошлаб 15 иш куни давомида ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) бўйича тўғридан тўғри мажбурият юкланади.
180. Меҳнат органида рўйхатдан ўтган ва ишсиз деб эътироф этилган шахс шартнома томони бўлса ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича ўз шахсий иштирокига асосланган, ўзига меҳнат даромадини олишга йўналтирилган мустақил фаолиятни амалга ошириш ва камида 12 ойга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олиш мажбуриятини олганда, иш берувчи шартнома томони сифатида иштирок этмаслиги мумкин
Ушбу бандда назарда тутилган меъёрни бажармаслик тўланган маблағнинг, жумладан, грантнинг тўла суммасини меҳнат органига қайтаришни назарда тутади. Тўланган маблағ ёки грант қайтарилмаганда ёки кечикиб қайтарилганда кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланган сумманинг 0,5 фоизи миқдорида, бироқ умумий миқдорнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўланади.
Компетенцияларни баҳолаш марказида малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ва ушбу Низомда белгиланган тартибда компетенция тўғрисида сертификат олган шахслар ушбу моддада белгиланган мажбуриятдан озод қилинади. Ушбу меъёр иш берувчи мажбуриятлдарига ҳам тааллуқли.