2-§. Касб стандартларини ишлаб чиқиш, тақдим этиш ва тасдиқлаш тартиби 136. Касб стандартларини ишлаб чиқиш ва долзарблигини таъминлаш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
137. Касб стандартлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган методик тавсияларга биноан қуйидагича амалга оширилади:
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, таълим, фан ва илмий-жорий этиш муассасалари — Республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган режа-жадвалга мувофиқ;
ваколатли орган танлаб олган ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан молиялаштириш ҳисобидан ваколатли орган буюртмасига мувофиқ;
ташаббус тартибида — иш берувчилар бирлашмалари, касаба уюшмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан.
138. Касб стандартлари лойиҳаларини келишиш томонларини белгилаш, лойиҳалар бўйича хулосаларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш Республика кенгашига юклатилади.
139. Касб стандартини ишлаб чиқувчи ваколатли органга касб стандарти лойиҳасини кўриб чиқиш учун қуйидагиларни тақдим этади:
тегишли жўнатиш реквизитларига эга бўлган йўлланма хат;
касб стандарти лойиҳаси;
касб стандарти лойиҳасига тушунтириш хати;
касб стандартини ишлаб чиқувчи ташкилот тўғрисида маълумотлар.
140. Касб стандарти лойиҳаси, касб стандарти лойиҳасига тушунтириш хати ва ишлаб чиқувчи ташкилот тўғрисида маълумотлар давлат ва рус тилларида расмийлаштирилади, ҳар бир варақ рақамланади ва ишлаб чиқувчи ташкилотнинг ваколатли мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.
141. Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжатлар буюртма туридаги почта жўнатмаси кўринишида ёки бевосита йўналтирилади. Ҳужжатлар, шунингдек, электрон шаклда ҳам тақдим этилиши керак.
142. Ишчи орган касб стандарти лойиҳасини қуйидаги кетма-кетликда, муддатларда ва схемада ушбу Низомга 10-иловага мувофиқ кўриб чиқишни ташкил этади:
1-босқич — ҳужжатни қабул қилиш ва рўйхатга олиш;
2-босқич — касб стандарти лойиҳасини белгиланган тартибда муқаддам тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган, ўхшаш касб стандарти бор-йўқлиги нуқтаи назаридан текшириш;
3-босқич — касб стандарти лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш;
4-босқич — касб стандарти лойиҳасини, жумладан, Республика кенгашининг ҳақ тўлаш асосида жалб қилинган экспертлари томонидан ўтказилган экспертиза;
5-босқич — ижобий хулоса олинганда — касб стандарти лойиҳасини эксперт хулосаси билан бирга Республика кенгашига тақдим этиш;
6-босқич — касб стандарти лойиҳаси Республика кенгаши томонидан маъқулланса — лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқлаш;
7-босқич — касб стандарти тасдиқлангандан кейин Касб стандартлари миллий регистрида ушбу Низомда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилади.
143. Агар:
касб стандарти лойиҳаси маъқулланса — ишчи орган 3 иш куни ичида ишлаб чиқувчига тегишли ахборотни йўллайди;
кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида оғиш бўлса (лойиҳани ишлаб чиқиш тартиб-қоидаларидан четга чиқиш) — ишчи орган 10 иш куни ичида лойиҳани ишлаб чиқувчини, оғишнинг сабабини кўрсатган ҳолда, ёзма равишда хабардор қилади;
касб стандарти лойиҳасини кўриб чиқишда тузатса бўладиган камчиликлар мавжуд бўлган ҳолларда ишчи орган ҳар қандай босқичда 10 календарь кун ичида ишлаб чиқувчига қайта ишлаш учун эътирозлар ва тавсияларини йўллайди.
144. Касб стандартининг қайта ишланган лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан қайтадан тақдим этилади ва ваколатли орган томонидан янгидан киритилган стандарт сифатида кўриб чиқилади.
145. Касб стандартини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан Республика кенгаши хулосаси асосида амалга оширилади.