11-модда. Банк очиш учун олдиндан Марказий
банкнинг рухсатномасини олиш асослари ва муддатлари
Лицензия беришдан олдин Марказий банк аризачиларга банк ташкил этиш соҳасидаги фаолиятларини давом эттириш имконини берадиган дастлабки рухсатномани беради.
Дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги қарор ариза ва у билан бирга барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб кўпи билан уч ой ичида қабул қилинади ва муассисларнинг молиявий имкониятларини ҳамда обрўсини, банк раҳбарлигига таклиф этилаётганларнинг касб малакаларини, бизнес-режани, молиявий режани, капиталнинг тузилишини, тегишли банк бинолари ва ускуналар билан таъминлаш имкониятларини баҳолашга асосланади.
Қаранг: АВ томонидан 2009 йил 8 октябрда 2014-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқаруви Қарори билан тасдиқланган “Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг XI-XIII-бўлимлари
12-модда. Банкларни рўйхатга олиш
ва уларга лицензия бериш муддати
Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш учун муассислар дастлабки рухсатнома олинган кундан бошлаб узоғи билан олти ой муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бажаришлари керак.
Қаранг: АВ томонидан 2009 йил 8 октябрда 2014-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқаруви Қарори билан тасдиқланган “Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом 74-банди
Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш ҳақидаги қарор Марказий банк талаблари бажарилган кундан кўпи билан бир ойлик муддатда чиқарилади.
13-модда. Банкларни рўйхатга олишни ва
уларга лицензия беришни рад этиш асослари
Марказий банк қуйидагиларга асосланиб банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиши мумкин:
банкни рўйхатга олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар топширилмаганлиги;
таъсис ҳужжатларининг қонун ҳужжатларига номувофиқлиги;
бир ёки бир неча муассиснинг молиявий аҳволи қониқарсизлиги;
муассислар молиявий маблағларининг манбалари эълон қилинмаганлиги;
банкни рўйхатга олиш пайтигача энг кам устав капиталининг тўланмаганлиги;
банк раҳбари ва бош бухгалтери лавозимларига номзодларнинг бу касбга номувофиқлиги.
Қаранг: АВ томонидан 2009 йил 8 октябрда 2014-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқаруви Қарори билан тасдиқланган “Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом 77-банди
Банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчига рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади. Бунда банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак. (ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади. Банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган ҳисобланади. (ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
Банкни рўйхатга олиш ва унга лицензия бериш тўғрисидаги аризани такроран кўриб чиқишда банкни рўйхатга олишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рўйхатга олишни ва лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди. (ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
Банкни рўйхатга олишни ва унга лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин. (ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
Қаранг: ХПК 24-моддаси биринчи қисмининг 11-банди, II-III-бўлимлари
Do'stlaringiz bilan baham: |