Ҳид билиш сезгилари
Ҳид юилиш сезгиларига ҳидларни ҳис қилиш киради ва уларнинг органи бурун ковагининг юқори томони ҳисобланиб, бу ерда ҳид билиш ҳужайралари ҳамда сезувчи нерв тармоқлари жойлашган, улар шиллиқ пардаларда ботиб туради.
Ҳидли моддалар сезувчи нервни қўзғайди, ҳид билиш маркази бош мия ярим шарлари орқа юзасининг пастки қисмида мавжуд деб тахмин қилинади. Ҳидли моддалар ҳид билиш ҳужайраларига газ ҳолатида таъсир этиб, кимёвий реакциялар йўли билан уларни қўзғатади (уларнинг барчаси буғланади ва эрийди). Одатда газ ҳолатидаги ҳидли моддалар ҳаво билан нафас олиш жараёнида бурун ковагига кириб келади, натижада акс эттириш ҳолати ҳосил бўлади.
6.4. Таъм билиш (маза) сезгилари
Таъм билиш сезгилари ширин, аччиқ, нордон, шўр сингари мазаларни ҳис қилиш билан тавсифланади. Улар муайян туркумга киритилган ва киритилмаган хилма-хил турларга эга бўлиб, нарсаларнинг, моддаларнинг номлари билан юритилади: ноннинг мазаси, қовуннинг мазаси кабилар.
Таъм билиш сезгиларининг органи тилнинг юзаси ва танглайнинг юмшоқ қисмидан ташкил топгандир. Тилнинг шиллиқ пардасида махсус таъм билиш сўрғичлари мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида таёқсимон ҳужайралардан тузилган махсус таъм билиш «куртаклари» («сўғонлари»)га эга. Ўзига хос хусусиятлари, сифатлари билан тафовутланувчи таъм билиш сўғонлари тил юзасида бир текис тақсимланмаганлиги учун унинг орқа қисми аччиқ мазани, учи ширин мазани, четлари эса нордон мазани аниқ сезади, лекин унинг ўртаси бўлса таъм мазасини акс эттира олмайди. Таъм билиш сўғонларининг ҳужайрали қисмларида махсус сезувчан нервларнинг чекка учлари жойлашган, улар таъм билиш органидаги қўзғалишни бош мияга узатиб туради, унинг марказлари ҳид билиш марказларига яқин жойдадир.
Таъм билиш сезгилари моддаларнинг кимёвий хоссалари таъсирида ҳосил бўлади ва сўғонлар эриган моддалар таъсири остида қўзғалади.
Ҳид ва таъм билиш сезгилари ўзаро чамбарчас боғланган бўлиб, кимёвий моддаларнинг таъсир этиши натижасида юзага келади. Аммо уларнинг биттаси контакт, иккинчиси дистант сезгилар тоифасига киради.
6.5. Тери сезгилари
Тери сезгилари таркиби туйиш ва ҳарорат турларидан иборат бўлиб, уларнинг бундай номланишининг бош омили – бу рецепторларнинг тери ва организмнинг ташқи шиллиқ пардаларида жойлашганлигидир.
Туйиш сезгилари икки хил ахборотни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, уларнинг биринчиси тегиш ва тарқалишни туйиш сезгилар, иккинчиси эса силлиқ ёки ғидир-будурни туйиш билан тавсифланади. Одатда тана аъзосига нараларнинг тегишини сезиш ташқи қўзғалиш кучайганда сиқиқни сезишга айланади, у янада кучайганда сиқиқ оғриқ сезгисига айланади.
Туйиш сезгилари органи – теридаги ва ташқи шиллиқ пардалардаги туйиш таначалари деб номланувчи таначалардан иборатдир. Таначаларнинг ичида, қисман ташқарисида (эпителийда) туйиш нервининг чекка тармоқлари мавжуд, улар терида ва шиллиқ пардаларда бир текис тақсимланган. Улар бармоқларнинг учларида, тил учида, лабда зич жойлашган, худди шу боисдан сезгирлик даражаси бошқалардан юксакроқдир. Қайси ерда таначалар сийрак бўлса, демак у жойларда сезиш кўрсаткичи шунчалик пастдир.
Психологияда туйиш таначалари ва сезувчи нервнинг чекка тармоқлари зичлиги эстезиометр асбоби ёрдами билан ўлчанади. Асбоб кериладиган икки оёқли циркулдан ташкил топган бўлиб, унинг ўзагидаги даражалар оёқларнинг учлари ўртасидаги масофани ўлчайди.
Туйишнинг аниқлик даражалари: а) бармоқ учларида 1 мм-2 ммгача, б) қўл кафтида 10 мм, в) орқада 60-70 мм масофа бир йўла икки оёқча тегаётганлигини сезиш мумкин (масофа камайса, сезгирлик пасаяди).
Туйиш сезгиларининг маркази бош мия пўстининг орқадаги марказий пуштасида жойлашган деб тахмин қилинади.
Туйиш сезгиларининг ташқи, яъни физик сабаби – бу бирон-бир нарсаларнинг терига бевосита тегишидир.
Ҳарорат сезгилари иссиқ ёки совуқни сезиш билан тавсифланади. Махсус таначаларнинг ичида иссиқни ёки совуқни сезувчи нервларнинг чекка тармоқлари жойлашган бўлади.
Уларнинг ташқа сабаби – бирон-бир ҳароратга эга бўлган қаттиқ, суюқ ва газсимон жисмларнинг танага тегиб туришидир. Иссиқни ёки совуқни фарқлаш қўзғатувчи ҳарорати билан бадан ҳарорати ўртасидаги нисбат билан белгиланади. Масалан, қўзғатувчининг ҳарорати бадан ҳароратидан паст бўлса – совуқни, агарда юқори бўлса – иссиқни сезамиз, ҳис қиламиз.
ФАРҚЛАШ: а) жисмларнинг иссиқ ўтказувчанлиги: темир ва юнг.
ҲАРОРАТ СЕЗГИЛАРИ: а) ташқи қўзғатувчилар, б) организм ичида:қўрқиш - қон томири тораяди, уялиш - қон томири кенгаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |