4-боб. Ихтисослик бўйича малакавий имтиҳонни топширишга қўйилган талаблар 28. Ихтисослик бўйича малакавий имтиҳонни ўтказиш мазкур низомнинг 2-иловасида келтирилган “Ихтисослик бўйича малакавий имтиҳонни ўтказиш тартиби” асосида амалга оширилади.
5-боб. Диссертация бажарилган муассасада диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказиш 29. Изланувчи бириктирилган кафедра (лаборатория) тайёрлаган диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказиш учун диссертация бажарилган муассаса раҳбари номига билдиришнома билан мурожаат қилади. Билдиришномага кафедра (лаборатория) мажлисининг баённомаси илова қилинади.
Диссертация бажарилган муассаса раҳбарининг кўрсатмаси асосида диссертация ушбу муассасанинг кафедралараро, лабораториялараро ёки бирлашган илмий (илмий-техник) семинарига дастлабки экспертизага юборади.
30. Диссертация бажарилган муассаса томонидан диссертациянинг дастлабки экспертизаси юзасидан хулоса берилади. Хулоса илмий семинар баённомасидан кенгайтирилган батафсил кўчирма шаклида расмийлаштирилади, илмий семинар раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади ҳамда муассаса раҳбари томонидан тасдиқланиб, муассасанинг гербли муҳри билан тасдиқланади. Хулосада диссертация натижаларини олишда изланувчининг шахсий иштироки, ўтказилган тадқиқот натижаларининг қай даражада тўғрилиги, янгилиги ва амалий аҳамияти, диссертация мавзусининг ихтисосликка мослиги, диссертация материалларининг изланувчи эълон қилган илмий ишларда нечоғлиқ тўлиқ баён этилганлиги ҳамда илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилгани ҳамда диссертация, автореферат ва илмий ишларида плагиат (кўчирмачилик) ҳолатининг йўқлиги ўз ифодасини топиши лозим.
301. Хулоса диссертация дастлабки экспертиза учун топширилган кундан эътиборан фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация бўйича 1,5 ой ичида ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация бўйича 2 ой ичида изланувчига берилади. Диссертация бажарилган муассаса раҳбари хулосанинг сифати, холислиги ва ўз вақтида тайёрланиши учун масъулдир.
31. Изланувчи диссертациясини ўз хоҳиши билан бошқа илмий семинарларга мустақил равишда мурожаат қилган ҳолда қўшимча равишда дастлабки экспертизадан ўтказиши мумкин.
32. Диссертация бажарилган муассаса раҳбари дастлабки экспертиза натижаларидан қониқмаган тақдирда, диссертацияни қўшимча равишда экспертизага юбориши мумкин.
33. Изланувчи Ўзбекистон Республикасида бажарилган илмий-тадқиқот ишлари асосида тайёрланган диссертацияни хорижий давлатда ҳимоя қилмоқчи бўлган тақдирда, ОАКдан рухсат олиши лозим.