2-боб. Илмий унвон олиш учун қўйиладиган талаблар 1-§. Умумий талаблар 7. Қуйидаги умумий талабларни бажарган шахслар илмий унвонларга талабгор бўлишлари мумкин:
а) Илмий лойиҳаларда, жумладан давлат гранти, хўжалик шартномаси, буюртма асосида бажарилаётган илмий ёки бошқа лойиҳаларда иштирок этаётган;
б) маънавий-маърифий ишларда самарали иштирок этаётган;
в) охирги 2 йил ичида аттестация жараёнида иштирок этаётган (тақризчи, илмий семинар, илмий даражалар берувчи илмий кенгаш, барча турдаги имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси аъзоси, расмий оппонент ва шу каби шаклларда);
г) замонавий педагогик технологияларни эгаллаган, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, маъруза курслари ва семинарларни юқори ўқув-услубий ва илмий савияда олиб бораётган (ОТМ мутахассислари учун);
д) профессор илмий унвонига талабгорлар 2021 йилдан ҳамда катта илмий ходим ва доцент илмий унвонларига талабгорлар 2022 йилдан бошлаб нашр ишлари бўйича Хирш индексига эга бўлган.
8. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида илмий унвонларга талабгорлар Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий ривожланишнинг илмий асослари ва амалий йўналишлари фанидан махсус имтиҳон топширадилар.
81. Махсус имтиҳон давлат университетларида (бундан буён матнда университет деб юритилади) ўтказилади.
махсус имтиҳонни қабул қилиш бўйича университет ректорининг буйруғи имзоланади ва бу ҳақда 5 иш куни ичида ОАКга маълумот киритилади.
Махсус имтиҳонни қабул қиладиган университетда ректорнинг буйруғи билан икки йил муддатга махсус имтиҳонни қабул қилиш комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) тузилади.
Комиссия техника, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида илмий даражага эга бўлган камида етти нафар аъзодан иборат бўлади. Бунда комиссия аъзолари таркибининг ярмидан кўпини фан доктори илмий даражасига эга бўлган мутахассислар ташкил қилиши лозим.
Комиссия, агар унинг ишида комиссия аъзоларининг камида ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса, имтиҳон қабул қилишга ҳақли ҳисобланади.
82. Махсус имтиҳонни қабул қилиш ўқув йили давомида ўтказилади.
83.Махсус имтиҳон саволлари қуйидаги йўналишда тузилади:
биринчи савол – имтиҳон топширувчи фаолият кўрсатаётган соҳада Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти бўйича;
иккинчи савол – Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва методологиясига имтиҳон топширувчи олиб бораётган илмий изланишлар ёки касбий фаолиятининг мувофиқлиги бўйича;
учинчи савол – махсус фан дастури бўйича эркин савол.
Махсус имтиҳон натижаси имтиҳонда иштирок этаётган комиссия аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан “ўтди” ёки “ўтмади” тарзида баҳоланади. Овоз бериш очиқ ва ошкора амалга оширилади.
84. Махсус имтиҳонни муваффақиятли топширган талабгорга 10 иш куни ичида имтиҳонни муваффақиятли топширганлигини тасдиқловчи ҳужжат берилади. Мазкур ҳужжат комиссия раиси ва ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва беш йил муддатда амал қилади.
85. Махсус имтиҳон етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон миллий университети томонидан ҳар 2-3-йилда (зарурат бўлганда қисқароқ муддатда) ишлаб чиқилган ва ОАК Раёсати қарори билан тасдиқланган ягона дастур асосида қабул қилинади.
86. Махсус имтиҳонни ўтказиш тартиби “Ихтисослик бўйича малакавий имтиҳонни ўтказиш қоидалари” асосида тартибга солинади.
9. Талабгор томонидан олиб борилаётган илмий ва илмий-педагогик фаолият ва нашр қилинган илмий ва ўқув-услубий ишлари илмий унвон бериш сўралаётган ихтисосликка мос бўлиши лозим.
10. Ўқув адабиётлари, жумладан, дарслик ва ўқув қўлланма ваколатли ташкилот томонидан педагогик амалиётда фойдаланишга ҳамда камида 6 босма табоқ ҳажмдаги монография ва камида 3 босма табоқ ҳажмдаги илмий рисола ОТМ/ИТМ кенгаши қарори билан нашрга тавсия этилган бўлиши керак.
Доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига талабгорнинг диссертация ҳимоясидан кейин, шунингдек профессор илмий унвонига талабгорнинг доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонини олгандан кейин нашр эттирган илмий ва ўқув-услубий ишлари бўлиши шарт. Илмий унвонлар ва илмий даражалар бўйича нашр қилинган ишлар бир марта эътиборга олинади.
«Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танлови республика босқичи ғолибининг фахрий дипломи нашр ишларига эга бўлиш бўйича талабларнинг бажарилганига тенглаштирилади.
ОТМда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишлари бўйича муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассиснинг ижодий иши илмий унвон олиш учун талаб этиладиган илмий мақолага ҳамда ижодий иши каталоги ўқув қўлланмага тенглаштирилади.
ОТМда жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг кейинги 3 йилда республика даражасида ўтказилган камида 2 та нуфузли мусобақанинг совриндорларига мураббийлик қилган мутахассис фаолияти натижаси илмий унвон олиш учун талаб этиладиган илмий мақолага ҳамда жаҳон ёки минтақа даражасида ўтказилган нуфузли мусобақа совриндорини тайёрлаган мутахассис фаолияти натижаси ўқув қўлланмага тенглаштирилади;
11. Хорижий давлатларда берилган илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.