§ 3
Ислом учун курашнинг Мадина даври
Ислом тарихидан маълумки, Муҳаммад ва унинг сафдошлари «муҳожирлар», яъни кўчиб келганлар, ясриблик мусулмонлар эса «ансорлар», яъни «ёрдамчилар», деб ном олдилар. Улардан Муҳаммад пайғамбарга энг яқин турган ва маслаҳатчи бўлган бир гуруҳи «саҳобалар» (кўплиги «асхоб»-сафдошлар) деб аталади. Муҳаммад пайғамбар кўчиб келгандан сўнг Ясриб Мадина, яъни шаҳар, баъзан эса Мадина ан-Набий (пайғамбар шаҳри) деб атала бошланди. Кейинчалик Ислом адабиётида Макка ва Мадина Исломнинг муқаддас маркази сифатида «Маккаи мукаррама» «Мадинаи мунаввара» деб аталадиган бўлди.
Муҳаммад Мадина Марказидаги майдонда ўз издошлари билан жума намозини ўқийди ва шундан бошлаб барча мусулмонлар тўпланиб (жамоат бўлиб) Муҳаммад пайғамбар имомлигида намоз ўқиши анъанага айланади. Шу ерда пайғамбар биринчи бор хутба айтган, кейин хутба ҳам анъанага айланган. Хутба ислом анъанасида ўзига хос дуо-илтижо шакли бўлиб, Муҳаммад пайғамбар мусулмонлар жамоасига ғалаба ва омонлик тилаб, хутба ўқиган.
Кейинги ислом тарихида ҳукмронлар тарихининг барқарор бўлишини тилаб, жума намозидан олдин хутба ўқилган. Хутба ўқийдиган руҳонийлар хатиб (баъзан имом-хатиб) дейилган. Муҳожирлар ва ансорлар бир-бирлари билан ака-ука тутиниб, Мадинада ягонада диний жамоа-мусулмонлар жамоаси пайдо бўлди ва уни «Уммат ал-Мўминин», деб аталди. Уни айрим манбаларда қисқа қилиб «умма» деб ҳам аталади. «Умма» динга асосланган кишиларнинг бирлашиши эди.
Муҳожирлар билан ансорлар шаҳар марказида масжид ва пайғамбарга уй қурдилар. Пайғамбар оиласини ҳам Маккадан Мадинага кўчириб келтирилди. Маккадан ярим йил ичида бир нечта гуруҳ мусулмонлар Мадинага кўчиб келдилар.
Муҳаммад Мадинада пайғамбар деб тан олинди, кейинчалик эса сиёсий ҳокимият ҳам унинг қўлига ўтди. У бош лашкарбоши, бош қози, бош имом эди. Муҳаммад пайғамбар раҳбарлигида мусулмонлар Мадинага кўчиб келгандан кейин бу ерда тўртта - муҳожирлар, авсетлар, хазражийлар ва яҳудийлардан иборат гуруҳлар вужудга келди. Муҳаммад улар ўртасида бирликка эришиш учун алоҳида аҳднома тузди ва ҳужжат сифатида расмийлаштирди. Олимларнинг ёзишича (Масалан, Муҳаммад Ҳамидуллоҳ) бу ҳужжат «Мадина конституция»си эди. Ҳужжатда, бу тўрт гуруҳ бир жамоадан иборат, улар бир куч сифатида жангга киради, асирларни қутқариш учун сарфланган ҳаражатларни ҳам ўртада қилинади, улар ўз ораларидан ҳеч кимни қаровсиз қолдирмайди, қонунбузар ва жиноятчиларга қарши бирга курашади, барча диндорларнинг ҳимоячиси Аллоҳдир, диндорлар эса бир-бирига ҳимоячидир, душман билан жанг тугагач, барча гуруҳ бирликда сулҳ тузади, ўлдирилган шахс учун диндорлар бир-биридан қасос олиш ҳуқуқига эга, лекин қон тўкмасдан товон тўлаш маъқулдир, ҳамма гуруҳлар ислом душмани бўлган қурайшларга қарши курашадилар, ҳеч ким уларни ҳимоя қилмаслиги керак, бу аҳдномани бузганлар Аллоҳнинг қаҳрига учрайди, деб ёзиб қўйилган эди. Бу тарихий ҳужжат ислом мамлакатларида илк феодализм даврида ғоят муҳим аҳамиятга эга эди. Унинг кўпгина талаблари ҳозир ҳам аҳамиятга эга. Мадинада бирлик ва ҳамжиҳатлик пайдо бўлгач, Муҳаммад пайғамбар Маккага қарши кураш бошлаб юборди.
Маккадан шимолга, Фаластин ва Сурия ерларига олиб борадиган карвон йўли Мадина яқинидан ўтарди. Бу йўл Макка ҳокимлари ва савдогарлари учун ғоят катта иқтисодий аҳамиятга эга бўлганлиги учун, дастлабки йилларда кураш ана шу каврон йўли устида бошланган.
Дастлабки жанг 624-йил март ойида Бадр қудуғи атрофида бўлган. Бу жангда Муҳаммад бошчилигида 300 дан зиёд мусулмонлар ва Абужаҳл бошчилигида 850 Маккалик қўшин қатнашган. Урушда мусулмонлар енгиб чиқади. Натижада мусулмонлар жамоаси мустаҳкамланади. Жангда мусулмонлар 30 та от, 150 та туя, кўп қурол-анжомларни ўлжа олади. 624-йил 16 март (Ҳамал) куни Қуръоннинг 8-ал Анфол (Ўлжа) сураси ваҳий бўлади. Бу сурада ўлжани қандай тақсимлаш кўрсатилган. Унда, ўлжанинг бешдан бир қисми мусулмонлар жамоасининг манфаатига, пиёда аскарга бир ҳисса, отлиқ асқарга икки ҳисса берилиши кўрсатилган, адолатли тақсимлашга даъват қилинган. Кейинчалик бу қоида халифалар даврида ҳам сақланиб қолган. Бадр жангида 622 йилдаги аҳднома бузилганлиги учун Кайнука яҳудий жамоаси жазоланади ва 624 йил 10 апрелда кўчириб юборилади. Мусулмонлар билан яҳудийларнинг тарихий низолари ўша даврдан бошланиб, ҳозирги даврда араб давлатлари билан исроил можараларида давом этмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мусулмонлар бу даврда (Маккада ҳам Мадина ҳам) анъанавий муқаддас шаҳар ҳисобланган Қуддус (Иерусалим) томонга қараб намоз ўқишган. Қибланинг ўзгарилиши ва Маккадаги Каъбанинг қибла деб белгиланиши Бадр жанги ва Кайнука билан тўқнашувдан кейин юз берган.
Шунингдек, биринчи бор масжидда намоз ўқиш бошланиши олдидан азон айтиш ҳам шундан бошланган. Пайғамбарнинг Билол исмли озод қилинган қули азончи (муаззин)лик қилишни бошлаган. Худди шу даврда биринчи бор рўза тутиш маросими ва у тамом бўлгач рўза ҳайити намози ҳам киритилган. Рўза тутиш 625 йилнинг рамазон ойидан тутилиши белгилаб қўйилган эди. У ҳозир ҳам ўз кучини сақламоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |