184-1-модда. Бюджет интизомини бузиш
Бюджет интизомини бузиш, яъни бюджет маблағларини бюджетда ёки бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларнинг сметаларида назарда тутилмаган харажатларга йўллаш, шундай муассасалар ва ташкилотларда харажатлар қисми бўйича бюджетдан ажратилган маблағларнинг лимитлардан ортиб кетиши, штат-смета интизомини бузиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша қилмиш кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларга иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган бошқа харажатлар тўлови учун пул маблағлари бериш банкларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан асоссиз равишда кечиктирилганлиги, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Бюджет интизомини бузишнинг ижтимоий хавфи мазкур жиноят содир этилиши натижасида бюджетда асоссиз тақчиллик пайдо бўлишини, ёрдамга муҳтож муассаса ва ташкилотларни талаб қилинган воситалар, маблағлар билан таъминламаслик учун ҳақиқий асос пайдо бўлади. Шарҳланаётган жиноятнинг содир этилиши давлат маблағларини самарали, тўлиқ натижа билан ва ўз ўрнида ишлатишга йўл бермайди. Бунинг натижасида аҳолининг алоҳида қатламлари орасида боқимандалик, норозилик кайфияти шаклланади, бу эса Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларнинг жамият томонидан идрок қилинишига салбий таъсир ўтказади, уларни обрўсизлантиради.
2. Шарҳланаётган модданинг 1-қисмида назарда тутилган жиноят объекти чиқим лимитига риоя қилиш, бюджет маблағларини қонуний ва мақсадли сарф этишнинг ўрнатилган тартибига риоя қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатлардир.
3. Бюджет интизомини бузиш предмети деб, бюджет маблағлари, яъни давлат бюджетига кирган ва қонунда ўрнатилган тартибда бу маблағларни олувчига ажратилган моддий ва пул маблағлари тан олиниши лозим.
Бюджет маблағларини ажратиш деганда, олувчига моддий ва пул маблағларини бевосита йўналтириш ҳамда унга тегишли бўлган воситаларни мақсадли ишлатиш шарти билан бюджетга ўтказишга рухсат тушунилади.
4. Давлат бюджети ёки унинг қисми таркибига кирмайдиган бошқа воситалар бюджет сифатида тан олинмаслиги лозим, хусусан, қуйидагилар ҳисобига шаклланадиган Бюджет ташкилоти ривожланиш фонди маблағлари бунга кирмайди:
* бюджет томонидан режали молиялаштириш ҳисобидан тежалган маблағлар ва ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида бюджет ташкилоти ҳисобида қолган (капитал қўйилмаларни молиялаштириш назарда тутилган воситалардан ташқари);
* бюджет ташкилоти фаолият соҳаси бўйича товар ишлаб чиқариш (иш, хизматни бажариш) ва сотишдан олинган даромад;
* вақтинча фойдаланилмаётган бино ва бошқа давлат мулкини чет ташкилотларга ижарага беришдан олинган маблағларнинг 50 фоизи. Қолган 50 фоизини бюджет ташкилоти маҳаллий бюджетлар даромадига ўтказади;
* юридик ва жисмоний шахслар томонидан бюджет ташкилотига кўрсатилган ҳомийлик кўмаги.
Жиноят кодекси 1841-моддасининг 1-қисмида содир этилган жиноят учун назарда тутилган жавобгарлик жинояти объектив томондан қуйидаги ҳаракатлардан бири содир этилганидан иборат:
* бюджетда назарда тутилмаган ёхуд бюджетдан молиялаштириладиган муассаса ва ташкилотлар бюджети ва сметасида назарда тутилмаган чиқимларга бюджет воситаларини йўналтириш;
* чиқимлар бўйича бюджет маблағлари лимитида олиб кетиш;
* бюджет муассаса ва ташкилотларда штат-смета тартибини бузиш.
6. Бюджетда ёки бюджетдан молиялаштириладиган муассаса ёки ташкилотлар сметасида назарда тутилмаган чиқимларга маблағларни йўналтириш деб, бюджет маблағларини сарфлаш навбатининг ўрнатилган тартибини бузиш ёхуд уларни мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда истеъмол қилиш (масалан, паст нархли ва маиший предметларни ишлаб чиқариш учун ажратилган машинасозлик асбоб-ускуналарини ишлатиш, ёхуд қуйи ташкилотлар эҳтиёжи учун ажратилган оргтехникани бошқарув ташкилотлари учун йўналтириш) ҳисобланади.
Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда қонунчилик томонидан харажатларнинг қуйидаги тўрт гуруҳи давлат бюджетидан маблағ билан таъминланади:
I. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўлов (болалик оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, стипендиялар ва бошқалар).
II. Иш ҳақига қўшимчалар.
III. Капитал қўйилмалар (Давлат инвестиция дастурида назарда тутилган аниқ рўйхатларга мувофиқ).
IV. Бошқа харажатлар.
Харажатларнинг I ва II гуруҳларига киритилган бюджет ташкилотлари биринчи навбатда маблағ билан таъминланади. Харажатларнинг III гуруҳи бюджет ташкилотлари томонидан Республика инвестиция дастурида жорий молия йили учун белгиланган лимитлар доирасида маблағ билан таъминланади.
“Бошқа харажатлар” IV гуруҳи бўйича маблағлар белгиланган лимитлар доирасида қуйидаги навбатга риоя қилган ҳолда сарфланади: овқатлантириш, дори-дармонлар; коммунал хизматлар, бошқа харажатлар.
Бюджет ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ёки унинг ҳудудий молия органлари билан келишган ҳолда мавсумий ёки шошилинч тадбирлар (биринчи синф ўқувчилари учун мактаб анжомлари, кам таъминланган оилалар болалари учун қишки кийимлар харид қилиш, эпидемияга қарши, юқумли касалликларга қарши тадбирлар ва бошқа тадбирлар)ни маблағ билан таъминлаш учун маблағларни IV гуруҳ маблағлари ҳисобига тезкорлик билан харажат қилишлари мумкин.
IV гуруҳ ҳисобига автомобиллар ва бошқа автотранспорт воситаларини (махсус автотранспорт бундан мустасно), уяли телефонлар ва ортиқча дабдабали буюмлар (импорт офис мебели, аудио-видео техника (ўқув, илмий ва тиббий жараёнларда фойдаланиладиганлардан ташқари) офислар учун гиламлар ва бошқалар) харид қилишга фақат Ўзбекистон Респуликаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда йўл қўйилади.
7. Нафақат пул маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, балки бюджетнинг бошқа маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш (масалан, хизматда фойдаланиладиган турар-жой биносидан савдо нуқтаси сифатида фойдаланиш; қуйи ташкилот учун бюджетдан ажратилган мулкни юқори турувчи ташкилот учун ажратиш ва ҳоказо) ҳам бюджет маблағларини назарда тутилмаган харажатларга йўналтириш деб квалификация қилиш зарур. Фойдаланиш деганда, бу маблағларни ҳар қандай усулда истеъмол қилиш тушунилади (мулкни эксплуатация қилиш, ундан келган фойда ва даромадни олиш).
Бюджет маблағларидан шахсий бойлик орттириш ёхуд бошқа ғаразли мақсадлардан келиб чиқиб, бюджетда ёки сметада назарда тутилмаган харажатларга йўналтирилганда, қилмиш жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 1841-моддасининг 1-қисми ва тегишли модда (масалан, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан квалификация қилиниши лозим.
8. Бюджет маблағлари бюджетда ёки бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларнинг сметаларида назарда тутилмаган харажатларга йўлланганда ва тезкор тадбирлар сабабли юзага келмаган йўналишда сарфланса, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш деб тан олинади.
9. Бюджет - давлат пул маблағларининг (шу жумладан давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг) марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, унда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқдори, шунингдек, молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади. Бюджет республика бюджетига ва маҳаллий бюджетга бўлинади.
Смета - бу ташкилотларни таъминлаш ҳамда хўжалик ва маданий қурилиш бўйича марказлаштирилган тадбирларни амалга ошириш учун бюджетдан бериладиган маблағларнинг миқдори, мақсадли йўналиши ва чораклар бўйича тақсимланишини белгилаб берувчи асосий режа ҳужжати.
10. Бюджет маблағларини бюджетда ёки бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларнинг сметаларида назарда тутилмаган харажатларга йўллаш амалда мақсадсиз фойдаланилган ёки харажат қилинган пайтдан бошлаб тугалланган жиноят деб тан олиниши лозим. Бу маблағларни кейинчалик мақсадсиз фойдаланиш ёки йўналтириш мақсадида тақсимлаш эса, ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиқиб, шарҳланаётган жиноятга тайёргарлик кўриш ёхуд уни амалга оширишга суиқасд қилиш деб квалификация қилиниши лозим.
11. Жиноят предмети сифатида бюджет маблағларининг алоҳида турлари - бюджетдан маблағ ажратиш ҳисобланиб, уларнинг тушунчаси қонунчиликда берилади. Хусусан, “қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Давлат бюджетидан ташкилотларига ҳамда бошқа бюджет маблағлари олувчиларга ажратиладиган пул маблағлари” бюджетдан маблағ ажратиш деб топилади.
12. Чиқим моддалари бўйича бюджетдан маблағ ажратиш лимитидан ошиб кетиши жиноят субъектининг фаол ҳаракатларида ифодаланади, улар ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишда, яъни улардан белгиланган навбат доирасида фойдаланади, лекин харажатларнинг бир гуруҳи доирасида режалаштирилган (лимит) ва амалда қилинган харажатлар ўртасидаги манфий фарқни шаклантиришда ифодаланади.
Бюджетдан маблағ ажратиш харажатлари лимити деганда, тегишли бюджет ёки сметада назарда тутилган бюджетдан ажратилган маблағларнинг бир тури, объекти ва объектости харажатлар бўйича фойдаланиш миқдори тушунилади. Режалаштирган ва амалда қилинган харажатлар ўртасидаги манфий фарқ бюджет муассасаси ёки ташкилоти ички ҳисоблари, масалан, Бюджет ташкилоти ривожланиш фонди маблағлари ҳисобидан қопланганда ҳам бюджетдан маблағ ажратиш лимитларини ошириш деб топилади. Агар харажатларнинг бутун тегишли гуруҳи доирасида лимитдан ошириш бўлмаса, яъни битта тур, объект ва объектости харажатлар бўйича бюджет пул маблағларини сарфлашда сметада назарда тутилган ҳажмлар бошқа турдаги объект ва объектости харажатларга ажратилган режали пул маблағлари ҳисобидан қопланганда ҳам харажатларнинг ўша гуруҳи бўйича кредиторлик қарзи ҳамда харажатлар лимити оширилган деб ҳисобланмайди.
13. Бюджетдан маблағ ажратиш харажатлари лимитини оширишни тугалланган жиноят деб тегишли гуруҳда режалаштирилган ва амалда қилинган харажатлар ўртасида манфий фарқ пайдо бўлган пайтдан ҳисобланади.
14. Бюджет маблағларини бюджет ёки сметада назарда тутилмаган харажатларга йўналтиришни бюджетдан маблағ ажратиш лимитини оширишдан фарқлаш лозим. Бюджет маблағларини йўналтириш - бу тегишли бюджет ёки сметада назарда тутилмаган харажатларни маблағ билан таъминлашдир, бюджет маблағларини ошириш эса, тегишли бюджет ёки сметада назарда тутилган режалаштирилган ва амалда қилинган харажатлар ўртасида манфий фарқ пайдо бўлишини назарда тутади. Бундан ташқари, бюджет маблағларини йўналтиришда мазкур маблағлар нафақат пул маблағларида, балки моддий қадриятларда ҳам ифодаланиши мумкин, бироқ бюджетдан маблағ ажратишни амалга оширишда жиноят предмети фақат пул маблағлари бўлиши мумкин.
15. Штат-смета интизоми - бу Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги томонидан ўрнатилган сметаларни ҳамда бюджет ташкилот ва муассасаларининг ходимлари штат жадвали ва тарификация рўйхатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, ўзгартириш ва рўйхатга олиш тартибидир.
16. Штат жадвали - мулк эгаси, ташкилот раҳбари ёхуд юқори орган тасдиқлайдиган доимий ходимлар мансаблари номи рўйхатидир, бунда бир номли мансаблар (бош ўринлар) сони ҳамда мансаб маошлари миқдори кўрсатилади.
17. Тарификация рўйхати - бу бюджет ташкилот штатида маълум мансабларни эгалловчи муайян шахсларнинг тарификациясини кўрсатиб, яъни ушбу ходимларда аттестация натижаларига кўра, уларнинг иш вақти асл ҳажмига кўра берилган тегишли малакавий категорияси мавжудлигини ҳамда уларнинг мансаб маоши миқдорини кўрсатган ҳолда тузилган рўйхат.
18. Штат-смета интизоми бузилиши Ўзбекистон Респуликаси қонунчилиги томонидан белгиланган сметаларни ҳамда бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг штат жадвали ва тарификация рўйхатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, ўзгартириш ва рўйхатга олиш тартибига риоя қилмасликдир.
19. Айбдор ҳаракатини бюджет интизомини бузиш субъектини маъмурий жавобгарликка тортгандан сўнг, ЖК 1841-моддасининг 1-қисми бўйича квалификация қилиш лозим, яъни ЖК 1841-моддаси 1-қисми бўйича шахсни жавобгарликка тортиш учун маъмурий преюдиция талаб қилинади.
20. Бюджет интизомини бузиш қонунда формал таркибли қилмиш сифатида ифодаланган, яъни бюджет интизомини бузиш ижтимоий хавфли қилмиш деб тан олиниши учун мажбурий белги сифатида оқибатнинг мавжудлиги талаб қилинмайди. Бироқ бу оқибатлар суд томонидан ҳар бир алоҳида ҳолатда жазо тайинлашда ҳисобга олинади.
ЖК 1841-моддаси 1-қисми диспозициясида назарда тутилган қилмишлардан бири содир этилган пайтдан бошлаб жиноят тугалланган деб ҳисобланади.
21. Субъектив томондан таҳлил шарҳланаётган жиноят тўғри қасд шаклидаги айб билан тавсифланади. Айбдор ўз қилмишларининг ижтимоий хавфлилигини англайди ва уни содир этишни хоҳлайди.
22. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ва бюджет маблағларини тақсимлаш ҳамда сарфлаш, шунингдек, штат-смета интизомига риоя этилиши учун масъул бўлган шахсдир. Қонунчиликка мувофиқ бундай шахслар - бюджет ташкилотларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизимининг ваколатли ходимлари, шу жумладан Молия вазирлиги раҳбарлари ва марказий аппарати ходимлари ҳисобланади.
23. Бюджет ташкилоти деганда, зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлган ўз фаолиятини амалга ошириши учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш назарда тутилган ва бу маблағ молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланадиган вазирлик, давлат қўмитаси, идора, давлат ташкилотини тушуниш лозим.
Агарда бюджет интизомини бузиш ўзганинг мулкини ўзлаштириш билан боғлиқ бўлса, айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 167 ва 1841-моддалари бўйича квалификация қилиш лозим.
24. Жавобгарлик ЖК 1841-моддаси 2-қисмида назарда тутилган бюджет интизомини бузишнинг квалификация қилинган таркиби уни кўп миқдорда содир этилганлиги ҳисобланади. (Кўп миқдор тушунчаси тўғрисида Жиноят Кодекси Махсус қисми VIII бўлими шарҳига қаранг.)
25. Етказилган зарар ҳажмини баҳолаш бюджет ташкилотининг бюджети ёхуд сметасида назарда тутилмаган харажатларга йўналтирган бюджет маблағларини, бюджетдан маблағ ажратишни оширишни ёки бир молиявий йил чегарасида штат-смета интизомини бузиш натижасида олинган умумий сумма асосида амалга оширилади. Миқдорни аниқлашда бошқа молиявий йил даврида асоссиз сарфланган маблағлар ҳисобига олинмаслиги лозим (масалан, икки йил ичида асоссиз сарфланган воситаларнинг умумий суммасини кўп миқдор сифатида тан олиш мумкин эмас - ҳар бир молиявий йил учун аввалги ёки кейинги йил билан қўшилмайдиган ўз миқдори белгиланиши лозим). Молиявий йил деганда, 1 январдан 31 декабрь куни охиригача бўлган вақтни ўз ичига олувчи даврни тушуниш лозим. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, ташкилот бюджети ёки сметасида назарда тутилмаган харажатларга йўналтирилган ва пул маблағларида эмас, балки мулк шаклида ифодаланган бюджет маблағлари миқдорини аниқлашда тегишли смета ёхуд бюджетда кўрсатилган мулкнинг нархидан келиб чиқиш лозим.
26. Бюджет интизомини бузишнинг алоҳида квалификация белгиси - жиноятнинг жуда кўп миқдорда содир этилиши ҳисобланади (ЖК 1841-моддаси 3-қисми). (Жуда кўп миқдор тушунчаси ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг VIII бўлими шарҳига қаранг.)
27. Қонунда бюджет интизомини бузишнинг алоҳида шакли сифатида бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларга иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган бошқа харажатлар тўлови учун пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктирилганлиги ҳисобланади.
28. Мазкур жиноят объекти бюджет маблағларидан фойдаланишнинг ва харажатлар лимитига риоя қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилиш бўйича ижтимоий муносабатларидан ташқари, биринчи навбатдаги бюджет тўловларини ўз вақтида тўлаш ҳам бўлади. Шарҳланаётган қилмиш предметини эътиборга олиб, шуни таъкидлаш лозимки, фуқароларни иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда меҳнат соҳасида, ижтимоий таъминлаш, таълим соҳасидаги муносабатларни ҳам объект сифатида тан олиш лозим.
29. Бюджет интизомини бузишнинг бу шакли предмети сифатида бюджет ташкилотларининг қонунда кўрсатилган харажатларнинг фақат иш ҳақи, нафақа, стипендия ва уларга тенглаштирилган бошқа тўловлар каби моддалари ҳисобланади.
30. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, иш ҳақи деганда, молиялаш манбаидан қатъи назар, пул ёки натура шаклларида ҳисоб ёзилган, иш ҳақларининг барча турларини (шунингдек, турли мукофотлар, қўшимча тўловлар, қўшимча ҳақлар ва ижтимоий тўловларни) қамраб олади, бунга ходимларга ишланмаган вақт (ҳар йилги ёзги таътил, байрам кунлари ва ҳоказолар) учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб ёзилган пул суммалари ҳам киради. Шарҳланаётган модда маъносида иш ҳақи фақат пул шаклида ифодаланади, чунки банклар уни натурал шаклда беришни амалга оширмайди. Шунга боғлиқ ҳолда мазкур модда доирасида иш ҳақини белгилашда тергов ва суд органлари қонунчиликда белгиланган пул шаклидаги иш ҳақи сирасига киритилган тўловларнинг турлари рўйхатига мурожаат этишлари лозим.
31. Нафақа - ижтимоий таъминлашнинг шакли, у ижтимоий суғурта ёхуд давлат бюджети маблағларидан доимий ёки бир маротабали тўловдир. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ишсизлик бўйича нафақа, икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши учун нафақа, вақтинчалик ишга лаёқатсизлик бўйича нафақа кабилар тўлови назарда тутилади.
32. Стипендия - Олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича ва пулли - контракт асосда кундузи ўқийдиган, давомати яхши бўлган талабаларига (бундан чет эллик талабалар мустасно), Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, тўланадиган ойлик пул таъминоти (нафақа). Стипендия чуқур касбий билимларни эгаллаш ва давоматни оширишда талабаларни рағбатлантириш, мутахассисларни тайёрлаш сифатини янада ошириш учун зарур шароитлар барпо этиш мақсадида тўланади.
33. Иш ҳақи, нафақа ва стипендияларга тенглаштирилган бошқа тўловлар деганда, амалга ошириш биринчи навбатдаги ҳамма харажатларни қоплашнинг бир хил даражасини (пропорционал тартибни) таъминловчи шароитларда биринчи навбатда амалга ошириладиган қонунчиликда белгиланган тўлов турини тушуниш лозим. Қонунларда тўловларнинг бундай турига ҳарбийларга пул маблағларини бериш, моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тўловлар, алимент мажбуриятлари бўйича тўловлар, соғлиққа зиён келтиришни қоплаш, муаллифлик битимлари бўйича рағбатлантириш, хизмат сафари чиқимлари киритилади.
34. Пул маблағлари беришнинг асоссиз кечиктирилиши бюджет интизомини бузиш деб тан олинувчи харажат турлари рўйхати қонунда тўлиқ белгиланган ва бошқача талқин қилиниши мумкин эмас. Шу муносабат билан банк раҳбари ёхуд бошқа мансабдор шахслари томонидан бошқа маблағлар, зарур эҳтиёжларга навбатдан ташқари амалга ошириладиган ҳамда капитал таъмир харажатлари учун тўловлар тўхтатилса (агарда улар юқорида қайд этилган чиқимлар туридан бири бўлмаса), айбдорлар ҳаракати мазкур модданинг 4-қисми билан квалификация қилинмайди.
35. Содир этганлик учун жавобгарлик шарҳланаётган модданинг 4-қисмида назарда тутилган қилмиш объектив томондан худди шундай ҳаракати учун маъмурий чора қўлланилгандан сўнг, банкнинг бюджетдан молиялаштириладиган муассаса ва ташкилотларга маош, нафақа, стипендия ва уларга тенглаштирилган бошқа тўловларни асоссиз кечиктирганлиги тарзидаги ҳаракатсизлигида ифодаланади.
36. Пул маблағлари беришни кечиктириш деганда, бюджет ташкилоти ва муассасалари каби олувчиларга пул маблағлари муддатида тўлиқ ёки қисман ўтказиб берилмаслигини тушуниш лозим. Бунда шуни қайд этиш лозимки, иш ҳақи, нафақа, стипендия ва уларга тенглаштирилган бошқа тўловлар бўйича пул маблағларини бериш муддати жамоа келишувлари, Ҳукумат қарорлари, вазирликлар буйруқлари, Марказий банк йўриқномалари билан белгиланади. Шу муносабат билан ҳар бир алоҳида ҳолатда маблағлар тўланиши шарт бўлган муддат аниқланади.
Шуни қайд этиш лозимки, пул маблағларини муддатида ўтказиб бериш тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин, яъни бу банк бюджет ташкилоти ёхуд муассасасига бериладиган маблағларнинг қисми дастлаб берилган-берилмаганлиги билан боғлиқдир. Хусусан, агар пул маблағларининг бир қисми берилган бўлса, муддатидан қисман ўтказиб бериш деб ҳисобланади, агар муддатидан ўтказиб бериш тўлиқ суммага тенг бўлса, унда тўлиқ муддатидан ўтказиб бериш ҳисобланади. Муддатидан ўтказиб бериш хусусияти қилмишни квалификация қилишга таъсир қилмайди, бироқ суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши лозим.
37. Пул маблағлари деганда, Ўзбекистон Республикасининг фақат банкнот ва танга шаклидаги нақд пул маблағлари тушунилади. Нақд пулсиз операцияни амалга оширишда, яъни нақд пулсиз маблағларни ўтказишда, уларни бюджет ташкилоти ҳисобига ўтказиш муддатининг ўтиб кетганлиги кодекснинг мазкур моддаси бўйича квалификация қилинмайди.
38. Пул маблағлари бериш кечиктирилишининг асоссизлиги деганда, банк раҳбари ёхуд мансабдор шахс иродасига боғлиқ бўлмаган, у уларни олдиндан кўра олмаган ва кўра ололмайдиган ва нақд пул маблағларини беришга жиддий таъсир қилган қандайдир объектив ҳолатларни тушуниш лозим. Масалан, банкда нақд пул мавжудлигида, техник воситалар ишлаб турганда, фавқулодда вазиятлар бўлмаганда бюджет ташкилотлари ва муассасаларига пул маблағларини кечиктириб берилишини асоссиз деб тушуниш лозим.
Бюджет ташкилотлари ва муассасаларига пул маблағларини асоссиз равишда кечиктириб бериш деб, у айбдорлар иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда, бироқ улар бу шахсларга аввалдан маълум бўлган доимий ёхуд вақти-вақти билан ёки қандайдир сабабларга кўра юз берадиган ҳолатларнигина ҳисоблаш лозим. Масалан, маълум даврда нақд пуллар йўқ бўлишини билиб, айнан шу даврга пул маблағлари тўлови муддатини белгилаш шундай ҳолат бўлади. Тергов-суд органлари томонидан айбдор иродасига боғлиқ бўлмаган, бироқ унинг ўзи вужудга келтирган ҳолатларни ҳам пул маблағларини асоссиз равишда кечиктириб бериш деб квалификация қилиниши лозим - бунга айрим ташкилотларга пул маблағларини бериш муддатини бошқа ташкилотларга зарар етказган ҳолда ўзгартириш мисол бўла олади.
39. Пул мабалағларини беришни асоссиз кечиктириб берилишининг сабаби ҳар бир муайян ҳолатда тергов-суд органлари томонидан кўрсатилиши керак, тўловга тўсқинлик қиладиган объектив оқибатлар айбдор ҳаракати натижасида вужудга келган бўлса, унинг ҳаракати ва бу оқибатлар пайдо бўлиши ўртасидаги сабабий боғланишни, шунингдек, қасд йўналишини аниқлаш лозим.
40. Пул маблағлари беришни асоссиз кечиктиришни ижтимоий хавфли қилмиш деб тан олиш учун айбдор дастлаб маъмурий жазога тортилган бўлиши, яъни маъмурий преюдиция мавжуд бўлиши шарт.
41. Иш ҳақи, нафақа, стипендия ва шу каби тўловлар учун бюджет ташкилоти ёки муассасаларга пул маблағлари тўлиқ тўланадиган муддат тугаганидан сўнг жиноят тугалланган ҳисобланади.
42. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд шаклидаги айб билан тавсифланади. Айбдор ўзининг ҳаракатлари натижасида бюджет ташкилоти ва муассасасига пул маблағлари беришни асоссиз кечиктираётганлигини англайди ва шундай ҳаракатлар амалга ошишини хоҳлайди.
Шарҳланаётган модданинг 4-қисмида назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқарган қилмишни содир этиш мақсад ва мотивлари турлича бўлиши мумкин ҳамда квалификация қилишга таъсир этмайди, бироқ жазо тайинлашда суд томонидан ҳисобга олинади.
43. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ва махсус белгиларга эга бўлган: банк раҳбари ёки бюджет ташкилотларининг мансабдор шахсларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |