9-мавзу: МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЁЗУВ МАДАНИЯТИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ. Марказий Осиёдаги барча халқлар, шу жумладан ўзбек халқи ҳам жуда қадимги ёзув маданиятига эгадир. Ўтмишда фойдаланиб келинган бу ёзувлар ўз тизимига кўра, асосан фонографик – ҳарф-товуш ёзувларидан иборат бўлган. Бунга сўғд, паҳлавий, урхун-енисей (руник), уйғур, араб ёзувларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ушбу ёзувларнинг деярли ҳаммаси оромий ёзуви билан боғлиқ ҳолда шаклланган.
Оромий ёзуви – ўз навбатида қадимги финикий (сом) ёзуви асосида пайдо бўлган консонант (ундош) деб аталувчи ёзув бўлиб, милоддан аввалги 1-минг йиллик бошларида пайдо бўлган.
Арабий сом қабилаларига мансуб бўлган оромийлар кўчманчи ҳаёт тарзи кечириб, милоддан аввалги XIV-XI асрларда Ғарбий Осиё ерларига келиб ўрнашганлар. Улар милоддан аввалги 1-минг йиллик бошида Финикия (ҳозирги Сурия ҳудудининг бир қисми) ёзуви билан танишдилар ва ўзларининг оромий тилига мослаштирадилар. Дастлаб оромий ёзуви финикий ёзувидан фарқ қилмаган бўлсада, милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида улар финикий ёзуви ҳарфларининг кўпчилигининг шаклларини соддалаштириш орқали унга ўзгартиришлар киритганлар. Оромий ёзуви савдо-сотиқ, маъмурий-хўжалик ишларида кенг қўлланилиши зарурияти туфайли такомиллашиб борган. Оромий ёзуви 22та ундош ҳарфдан ташкил топган ва унда сўзлар тик чизиқ ёки нуқта билан ажратиб ёзилган. Маълум вақт ўтгач тик чизиқ ва нуқта олиб ташланиб, бўш жой қолдириш орқали сўзлар ажратилган. Оромий ёзувини кейинчалик араблар, форслар, уйғурлар ва бошқа халқлар ўзлаштириб, ўз тилларига мослаштирганлар.
Милоддан аввалги IV асрда оромийлар ва араблар ўртасида ассимиляция жараёнларининг юз бериши, кейинчалик араб тили ва ислом динининг ҳукмрон мавқени эгаллаб бориши натижасида оромий ёзуви муомиладан четлаб борган. Оромий ёзувидаги энг қадимий битиклар милоддан аввалги IX-VIII асрларга тегишлидир.
Милоддан аввалги II-I асрлардан милодий VIII аср ўрталаригача қадимий Хоразм давлати тилида (Хоразмий тилида) оромий алифбоси асосидаги ёзувдан фойдаланилган. Қадимий Тупроққалъадан топилган ҳужжатлар шундан далолат беради.
Оромий ёзуви асосида шаклланган ҳарф-товушли ёзувлардан бири – сўғд ёзуви бўлиб, қарийб минг йиллар давомида ҳозирги Ўзбекистон ва қисман Тожикистон ҳудудида (Зарафшон воҳаси) жойлашган қадимги Сўғдиёнада қўлланилган.
Сўғд ёзувининг милодий I аср бошларига оид энг қадимий намунаси Ўзбекистонда Самарқанд яқинидаги Талибарзу тепалигидан топилган. Энг сўнггилари эса VIII асрга оид бўлиб, 1933-йилда Тожикистондаги Муғ қалъаси Харобасидан топилган Панжикент ҳокими Диваштич архивининг қолдиқларидан иборатдир. Ҳужжатларнинг асосий қисми чармга, қоғозга, тахтачаларга сўғд ёзувида, туркий тилда битилган.
Сўғд ёзуви ҳам бошқа сомий алифболар каби консонант (ундош) деб аталувчи ёзув бўлиб, 23 ҳарфдан иборат бўлган ва оромий алифбосидаги тартибда жойлашган. Сўғд ёзуви дастлабки пайтларда график шаклига кўра оромий ёзувидан жуда кам фарқ қилган.
VII аср ўрталаридан ҳарфларга қўшиб ёзиш шакллари кўпайиб бориши натижасида кўп ҳарфларнинг ёзилиши бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб қолганлигидан сўғд ёзма хатини ўқиш ва тушуниш ҳам қийилашган. Шунинг учун ҳам ҳарфларга турли диакратик белгилар қўйиш тақозо қилинган.
Сўғд ёзуви горизонтал ҳолатда ўнгдан чапга қараб ёзилган.
VI аср охирларидан вертикал йўналишда ҳам ёзилган бўлиб, сатрлар чапдан ўнгга қараб жойлаштирилган.
Милодий III асрдан Сосонийлар сулоласи ҳнкмронлиги даврида пайдо бўлган ҳарф-товушли паҳлавий ёзуви ҳам оромий ёзуви асосида пайдо бўлган. Дастлаб 22 ҳарфдан иборат бўлган паҳлавий ёзувида муайян ўзгаришларга кўра фақат 15та белги фарқланадиган бўлган. Ёзув аввалги даврларда ўнгдан чапга қараб ёзилган бўлса, VIII аср ёзма ёдгорликларида вертикал – юқоридан пастга қараб ёзиладиган ҳолатларни ҳам кузатиш мумкин. Ушбу ёзувнинг бир кўриниши бўлган моний ёзуви туркий халқлар ёзувининг шаклланишига ўз таъсирини ўтказган.
Ўрхун-Енисей (руник) ёзуви туркий халқларнинг энг қадимий ҳарф-товуш ёзувидир. Руник деб аталишининг сабаби унинг ташқи кўриниш жиҳатдан герман руник ёзувларига ўхшаш эканлигидир.
Ўрхун-Енисей ёзувининг келиб чиқиши ҳақида мутахассислар ўртасида кенг тарқалган фикрларга кўра у сўғд ва паҳлавий ёзуви орқали оромий ёзувига бориб тақалади.
Сўғд ёзуви туркий тилларнинг фонетик ва морфологик хусусиятларига мослаштирилиши жараёнида сезиларли, кескин ўзгаришга учраган.
Ўрхун-Енисей ёзувининг пайдо бўлиш жойи ва вақти ҳақида ҳозиргача аниқ асосланган илмий хулоса мавжуд эмас. Мутахассислар Ўрхун-Енисей ёзувларининг кўринишларига асосланиб, ўз тараққиёти давомида 3та босқични босиб ўтган деб ҳисоблайдилар:
Архаик босқич (VI-VII асрлардаги Еттисув ёдгорликлари, VII-IX асрлардаги Енисей ёдгорликлари);
Классик босқич (VIII асрнинг биринчи ярмидаги иккинчи ҳоқонлик ёдгорликлари);
Сўнгги босқич (VIII асрнинг иккинчи ярми – IX асрдаги Уйғур ҳоқонлиги даври ёдгорликлари, IX асрдаги Шарқий Туркистон ёдгорликлари).
Ўрхун-У-Енисей ёзувининг пайдо бўлиш ҳудуди ва вақтига кўра айрим географик хусусиятлари туфайли Ўрхун, Турфон, Енисей вариантлари мавжуддир.
Уларнинг ичида энг қадимийси Ўрхун варианти ҳисобланади. Улар ёзилиш шаклига кўра бир-бирларидан кескин фарқ қилмайди, бу фарқ ҳарф вариантларининг оз-кўплигидадир. Ушбу миқдорий жиҳатларини ҳисобга олмаганда Ўрхун-Енисей ёзуви 35та ҳарфдан иборат. Унда айрим ҳарфлар бир товушни эмас, балки бирдан ортиқ товушлар мажмуини ифодалаган. Ундошлар қаттиқ ва юмшоқ вариантларда бўлганлиги учун уларнинг ҳар бирига алоҳида ҳарф мавжуддир.
Ўрхун-Енисей ёзувида тиниш белгилари бўлмаганлиги учун, сўзлар, баъзан бирикмалар бир-биридан икки нуқта (:) билан ажратиб ёзилган. Ушбу ёзув горизонтал ҳолатда ўнгдан чапга қараб ёзилганда, ҳарфлар чап ёнга ётқизилган ҳолатда бўлган ва сатрлар ўнгдан чапга қараб жойлаштирилган.
Туркий халқларнинг кўпчилиги кейинроқ араб алифбосига ўтган бўлсада, ўша даврдаги ҳар қандай туркий тиллар учун Ўрхун-Енисей алифбоси беқиёс даражада мослашган, жуда қулай бўлиб, тилдаги сингармонизм қонуниятларини ҳам тўлиқ ўзида акс эттиришига кўра уйғур ва араб ёзувларида қараганда мукаммалроқ бўлган.
Уйғур ёзуви сўғд ёзуви асосида ва суёний ёзувининг таъсирида пайдо бўлган ва ушбу ёзувдаги ёдгорликларнинг катта қисми тахминан VIII-IX асрларга оид буддавийлик, монийлик ва Ислом ақидаларни акс эттирган. Уйғур алифбоси Х аср бошларида ҳам қўлланилган ва ҳатто “сариқ уйғурлар” деб юритилувчи этник гуруҳ XIX асрда ҳам шу ёзувдан фойдаланилган.
Уйғур ёзуви сўғд ёзувига асосланганлиги учун консонант (ундош) ёзув бўлиб, 19та ҳарфдан ташкил топган.
Консонант (ундош) сўғд ёзувини унлиларга бой бўлган уйғур тилига мослаштириш жуда қийин бўлиб, кўпгина хусусиятларни ёзувда акс эттириш учун турли қўшимча белгилар қабул қилинган. Уйғур ёзуви, асосан, вертикал ҳолатда юқоридан пастга қаратиб ёзилган. “Меърожнома”, “Ўғузнома”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари уйғур ёзувида кўчирилган.
Араб ёзуви келиб чиқишига кўра наботий (наботей) ёзуви орқали оромий ёзувига бориб тақалади. Наботий ёзуви дастлаб оромий тили ифодаси учун қўлланилган бўлса, милодий IIIасрданн унда арабизмлар пайдо бўлган. IV асрдан эса у араб тили ифодаси учун қўлланила бошлаган. Араблар ислом динини қабул қилганларидан сўнг (VII асрнинг I ярми) араб ёзувининг 2та асосий график кўриниши: куфий ва насх юзага келган. Куфий ёзувида асосан Қуръони Каримни кўчиришда, турли ёдгорликлар, тангалар, давлат ҳужжатларида фойданилган.
Насх хати эса асосан адабий ва илмий матнларни кўчиришда ишлатиган.
VIII асрнинг охирларига келиб, Араб халифалиги бир қанча мустақил давлатларга бўлиниб кета бошлаган бўлсада, араб тили ва ёзуви ўз мавқеини сақлаб қолди. Шу билан бирга араб ёзувининг бирмунча фарқли томонларига эга бўлган график кўринишлари (Настаълиқ, таълиқ, риқъа, сулс ва ҳ.к...) вужудга кела бошлаган.
Захириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистондаги ҳукмронлиги даврида махсус хат яратган бўлиб, унда араб ёзуви туркий тил ифодаси учун мослаштирилган ва “Хатти Бобурий” номи билан машҳур бўлган.
Араб тилининг муҳим хусусиятларидан бириунда ундош товушларнинг кўплиги ҳисобланади.
Қадимги араб ёзувида оромий ва наботий ёзувларидаги каби 22та ундош ҳарф бўлган, лекин ҳарфлар шаклларини соддалаштириш натижасида айрим ҳарфлар қисқариб, ундош ҳарфлар сони 17тага тушиб қолган. Араблар исломни тўлиқ қабул қилганларидан сўнг Қуръони Каримни тўғри ва аниқ ўқиш зарурати араб ёзувидаги ҳарфлар сонини кўпайтириш ва турли қўшимча белгилар қабул қилишни тақозо қилган. Шунга биниан ундош ҳарфларнинг устига ва остига биттадан учтагача нуқта қўйиб, уларнинг маънолари фарқлана бошланди. Натижада араб алифбосидаги ҳарфлар 28тага етди.
Эроний ва туркий халқлар араб ёзувини қабул қилганларидан кейин, араб тилида бўлмаган лекин ўз тилларида бўлган товушлар учун алифбодаги муайян ҳарфларга тегишли белгилар қўйиб, яъни ҳарфлар яратиб, алифбодаги ҳарфлар сонини 32тага етказганлар. Ўзбек халқи ҳам асрлар давомида ана шу мослаштирилган араб ёзувидан фойдаланиб келди (эски ўзбек ёзуви).
Марказий Осиёда яшаб ижод қилган буюк мутафаккирлар ушбу ёзувда битилган улкан ва беқиёс, илмий маданий мерос қолдирганлар.
Собиқ Иттифоқ даврида, яъни 1920-1921 йилларда араб ёзуви ислоҳ қилиниб, Ўзбекистонда 1929-йилгача қўлланилган. 1929-1940- йилларда эса лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси жорий қилинган. 1940-йилдан бошдаб кирилл-рус ёзуви асосидаги алифбо жорий этилган. Рус алифбоси 33 ҳарфдан иборат, унинг асосида ташкил топган ҳозирги ўзбек алифбоси 35 ҳарфдан иборатдир. Унга рус алифбосидан “Щ” ва “Ы” ҳарфларидан ташқари 4та қўшимча ҳарф (“Ў”, “Қ”, “Ғ”, “Ҳ”) киритилган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Кенгаши 1993-йилнинг 2-сентябрида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Бу алифбо 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасидан иборатдир.