3. МИСР ЁЗУВИ Миср ёзуви милоддан аввалги 4 – мингйилликдан то милодий 3-4 асрларгача қадимги Миср тили учун хизмат қилган сўз – бўғинли ёзув тизими ҳисобланади. Унинг дастлабки асосини 500 дан ортиқ иероглифлар (белги расм) ташкил этган ва сағана тошларига тошларига битилган бўлиб, улар тасаввурий ҳолда муайян тушунчалар билан боғланиб, тушунчаларни сўзларда ифодалаганлар. Бу даврнинг ёзувида асосан ундошлар ифодаланиб, унлиларнинг ихтиёрий тарзда қўлланилган. Сўнгроқ, милоддан аввалги 3-мингйилликда Миср ёзувиниг иератик (муқаддас) тури яратилди. Ушбу ёзув 600га яқин белгидан иборат бўлиб, асосан қурбонлиқ хатлари битилган. Унда иероглифлардан ҳам маълум даражада фойдаланилган бўлсада, сўзларни ёзишда фонетик маъно ва ўхшашликларга эътибор берилади.
Милоддан аввалги ХII асрдан бошлаб иератик ёзув асосида Миср ёзувининг янги тез ёзув усули – демотика ишлаб чиқилди. Демотик ёзувда белгилар анчагина соддалаштирилиб, бир неча ундошни ифодаловчибелгилар камайтирилиб, уларнинг ўрнига бир ундошни ифодалайдиган белгилар қўлланила бошлаган.
Миср демотик ёзуви милодий 3-4 асрларгача қўлланилиб келинган.
Миср ёзувини XIX асрнинг 20-йилларида франсуз олими Франсуа Шампаллионнинг хизматлари туфайлигина ўрганиш имконияти пайдо бўлди. Наполеон I нинг Мисрдаги ҳарбий юришлари пайтида қадимий буюмлар билан бирга юзаси тўла ёзувдан иборат бўлган катта тош плита ҳам қўшиб Францияга юборилган. Тош топилган жойнинг номи билан Розет тоши деб аталувчи ушбу манба Шамполлион томонидан диққат билан ўрганиб чиқилган. Тош юзасининг юқори қисми иероглифлар, ўрта қисми демотик ёзувда, пастки қисми грек ёзувида тўлдирилган. Шамполлионнинг аниқлашича ёзувларда Клеопатра ва Птоломей номлари акс этган бўлиб, эрамиздан аввалги I асрга тааллуқли воқеалар баён қилинган. Ушбу ёзувларни ўрганиш асосида янада қадимийроқ матнларни ўрганиш имкониятини кенгайтирди ва мисршуносликнинг фан сифатида ўрганилишига асос яратди.
4. ОССУРИЯ – ВАВИЛОНИЯ МИХХАТИ Ёзувнинг келиб чиқишдаги қадимий тамаддун ўчоқларидан яна бири Ефрат ва Тигр дарёлари оралиғида жойлашган Икки дарё оралиғи ёки Месопотамиядир. Унинг шимолий қисмида эрамизгача иккинчи ва биринчи минг йилликларда Оссурия давлати, жанубий қисмида қадимий Вавилония давлати мавжуд бўлиб, унинг гуллаб – яшнаган даври эрамизгача иккинчи минг йилликларга тўғри келади. Ушбу ҳар иккала давлатдаги халқлар бир-бирига яқин бўлган семит гуруҳи тилида гаплашганлар.
Икки дарё оралиғининг қадимий аҳолиси шумерлар бўлиб, улар эрамизгача тўртинчи минг йилликларда мих ёки понага ўхшаш чизиқча – белгиларни лой тахтачаларга ўйиб туширишдан иборат бўлган идеографик ёзув турини яратганлар.
Бунда айрим буюмлар ва умумий тушунчаларнинг номи расмлар билан ифодаланган, масалан оёқ тасвири - “юриш”, “туриш”, “олиб келиш” маъноларини англатган. Бундай белгилар миқдори 1000 гача етган. Шумер миххати вертикал (тик) тарзда юқоридан пастга қараб ёзилган.
Эрамиздан аввлги учинчи минг йилликда Шумерлар давлати Вавилонияликлар томонидан эгаллаб олинди ва ушбу мамлакат харобалари ўрнида қудратли давлат вужудга келди. Вавилонияликлар шумер миххатига ҳам муаййан ўзгартиришлар киритдилар. Ёзув горизонтал (ётиқ) тарзда чапдан ўнга қараб ёзилиши йўлга қўйилади.
Кейинчалик понали ёзув номини олган ушбу ёзув уч қиррали таёқча ёрдамида ёзиладиган бўлди. Миххат ёки понасимон ёзув уларга қўшни бўлган Оссурияликлар томонидан қабул қилиниб ривожлантириши натижасида бир бутун Оссурия – Вавилония маданияти шаклланди.
Эрамиздан аввалги 539-йилда форслар томонидан Вавилония подшоҳлиги босиб олинганидан кейин уларда ҳам фонетик шаклга киритилган понасимон ёзув қўллана бошланди.