Таҳлиллар далолат берадики, пахта ҳосилдорлиги 2003-2010 йилларда 25,2 %га, ғалла ҳосилдорлиги эса 28,6 %га ўсган. Бу, ўз навбатида, пахта
хомашёсини етиштириш учун сарф қилинган сувни 20,3 %га, ғалла етиштириш
учун – 13,8 %га камайишини таъминланган. Лекин бир центнер пахта
хомашёсини етиштириш учун сарфланган сув харажатлари 3,7 баробар, бир
центнер ғалла етиштириш учун сарфланган сув харажатлари 4 баробар кўпайган [8].
Юқоридаги фикрлармизга асосланган ҳолда айтиш мумкинки:
- сув исрофгарчилигининг давом этиши тармоқда иқтисодий ислоҳотлар суст давом этаётганлигидан далолат беради. Сувнинг йўқолишини бартараф этишга йўналтирилган ташкилий, иқтисодий ва маъмурий чора-тадбирларини қўллаш, бозор механизми ва тамойилларини кенгроқ жорий этиш давр талаби эканлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда;
- суғориш тармоқларининг эскириши ва улардан фойдаланиш коэффициентининг пастлиги сувни йўқотишдаги асосий манба бўлиб қолмоқда.Шу боис Ирригация тизимларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш давлат дастурини ишлаб чиқиш зарур. Уни амалга ошириш учун маҳаллий, хорижий инвестицияларни, Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармалари маблағларини жалб этиш мақсадга мувофиқ;
- сувни тежовчи технологияларни жорий этиш сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишга йўналтирилган стратегик мақсаднинг бош омили бўлиб хизмат қилмоғи лозим. Ушбу технологияларни кенг миқёсда жорий этиш мақсадида давлат томонидан рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш зарур;
- фойдаланилган сув самарадорлигининг секин, сув таннархининг кескин ўсиб бориши, молиявий маблағлардан фойдаланиш самарадорлигининг пастлигидан далолат беради. Сув истеъмолчилари уюшмаларининг сув хўжалигини бошқаришдаги иштирокини ошириш ва мавқеини мустаҳкамлаш учун хўжаликлараро суғориш тармоқларини молиялаш ва бошқаришни фермер хўжаликлари ихтиёрига бериш лозим.
Республикамизда бозор муносабатларини самарали татбиқ этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва шу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш, энг аввало, мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга боғлиқ.
Меҳнат ресурслари эса бугунги иқтисодиётни либераллаштириш жараёнларида муҳим салмоққа эга. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги аҳамиятини микро, мезо ва макро даражаларда кўриш мумкин.
Меҳнат ресурсларининг микро даражадаги аҳамияти уларнинг корхона (ташкилот) фаолиятидаги ўрни ҳамда ишлаб чиқаришдаги иштироки билан белгиланади. Маълумки, меҳнат ресурслари ишлаб чиқаришнинг асосий омили бўлиб, уни юзага келтирувчи барча ресурслар бевосита мазкур омил орқали бошқарилади. Ҳудудлар ва минтақалар иқтисодиётида меҳнат ресурсларининг роли уларнинг мезо даражадаги аҳамиятини кўрсатади. Мамлакатнинг қайси
ҳудудида меҳнат ресурслари юқори кўрсаткичга эга бўлса, у ерда ишлаб чиқариш, саноат, ижтимоий-иқтисодий инфратузилма ва коммуникация ривожланади. Меҳнат ресурсларининг макро даражадаги аҳамияти уларнинг мамлакат ялпи иқтисодиётидаги ўрни ва асосий бойлик сифатида эътироф этилиши билан асосланади. Айнан меҳнат орқалигина мамлакатда моддий ва номоддий бойликлар яратилади. Мазкур меҳнатнинг субъекти (муаллиф ва ижрочиси) эса бевосита инсон, яъни меҳнат ресурсларидир. Демак, меҳнат ресурсларининг барча даражадаги аҳамияти уларнинг тадқиқ этишнинг ҳам илмий, ҳам иқтисодий долзарблигини белгилаб беради.
Иқтисодий адабиётларда ҳозиргача “меҳнат ресурслари” тушунчасига турли хил қарашлар мавжуд. Уларни умумлаштириш ва ягона тўхтамга келиш мунозаралилигича қолмоқда.
Меҳнатга оид муносабатларнинг ўрганилиши ва тадқиқ этилишида шарқ тафаккури ва таълимотининг ҳиссаси беқиёс. Чунки, ёзма манбаларда ва ҳаётий муомалада меҳнат муносабатларининг илк пайдо бўлишини айнан шарқ маданияти ёдгорликлари ва мутафаккирларининг асарлари билан бевосита боғлаш мумкин. Энг қадимий ҳисобланган ва ислом дини кириб келгунча Осиё, хусусан, Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган Зардуштийлик дини таълимотида инсон ва унинг меҳнатига алоҳида урғу берилган. Ушбу диннинг муқаддас китоби саналган “Авесто”да меҳнатга оид муносабатларнинг илк талқини ўзига хос тарзда ифода этилган. Шунингдек, иқтисодий ва меҳнатга оид ғоялар шаклланишида қадимги Хитой (Конфуций таълимоти) ва Ҳиндистон (“Ману қонунлари” ва “Артхашастра” ёдгорликлари) тафаккурлари ҳам алоҳида ўринга эга.
Шарқ тафаккурининг йирик намояндалари Абу Наср Форобий (“Фозил одамлар шаҳри” асари), Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Юсуф Хос Хожиб (“Қутадғу билиг” асари) каби қомусий олимларнинг таълимот ва қарашларида меҳнат ҳамда инсон омили алоҳида ўрин эгаллаган. Шарқда меҳнатга оид муносабатлар тараққий этишида Баҳоуддин Нақшбандийнинг ҳиссаси беқиёс. Бу ўринда унинг биргина “Дил ба ёру, даст ба кор” (Қалбинг Оллоҳда-ю, қўлинг меҳнатда бўлсин) деган ибратли сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя. Ушбу ибора замирида кишиларни меҳнат қилиш, интилиш ва изланишга ундаш ётади.
Иқтисодий билимлар тараққий этиши ва унда меҳнат муносабатлари алоҳида ўрин топишида бобокалонимиз Амир Темурнинг ўзига хос таълимоти туб бурилиш ясади. Соҳибқирон томонидан илгари сурилган ғоялар амалий ҳаёт тажрибалардан ўтганлиги уларнинг илмий аҳамиятини таъминлаган. Унинг асосий илмий қарашлари “Темур тузуклари” асарида ўз ифодасини топган. Унда давлатни бошқариш, иқтисодиётни юритиш ва меҳнатни ташкил этиш масалаларига алоҳида ёндашилган.
Шунингдек, улуғ мутафаккир Алишер Навоий (“Вақфия” асари) ҳамда буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (“Мубаййин” ва “Бобурнома” асарлари) юритган одил сиёсат ва иқтисодий қарашларида меҳнат ва инсон омилига алоҳида эътибор қаратилган. Улар меҳнатнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ролига юксак баҳо берар экан, бойлик орттириш ва тўқ яшашнинг асосий йўли меҳнатдир, дея таъкидлайдилар.
Демак, қадимий шарқ таълимотини, шу жумладан, юқорида номлари зикр этилган буюк алломаларимиз фаолиятини ўрганиш шундан далолат берадики, илмий ва ҳаётий муомалада меҳнатга оид муносабатлар, тушунча ҳамда қарашлар пайдо бўлиши ва тараққий этишида шарқ иқтисодий ғоялари мактабининг аҳамияти беқиёс. Ушбу ғоя ва қарашлар ҳозирги иқтисодий адабиётларда истеъмолда бўлган атама ва тушунчаларнинг пайдо бўлишида илмий асос вазифасини ўтаган, деб ҳисоблаш мумкин.
Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ривожланиб бориши натижасида “меҳнат ресурслари”, “ишчи кучи” каби иқтисодий тушунчаларнинг маъно ва мазмуни бирмунча ўзгариб бормоқда. Бу тушунчалардан фақат илмий-иқтисодий адабиётларда эмас, балки кундалик амалиётимизда ҳам кенг фойдаланила бошланди.
Ишчи кучига иқтисодиёт фанида, меҳнат жараёнида инсоннинг унинг ўзи фойдаланадиган жисмоний ва маънавий қобилиятлари мажмуаси сифатида қаралади. Р.Ж.Эренберг ва Р.С.Смит “Ишчи кучи деганда ёши 16 дан юқори бўлган ходимлар, иш билан бандлар, фаол равишда иш қидираётганлар, ишдан бўшатилгандан кейин иш билан бандлик хизматларига яна мурожаат этиш ниятида бўлганлар тушунилади”, деб ҳисоблаган.
Инглиз сиёсий иқтисоди асосчиларидан бири А.Смит “иқтисодий одам” атамасини фанга киритган. Унинг фикрига кўра, “иқтисодий одам” ўз шахсий манфаати ва мақсадини кўзлаб, турмушини яхшилашга интилади. Шу боисдан, инсон бозор иқтисодиётида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотининг қиймати юқори бўлган ва кўп фойда келтирадиган фаолият турини, соҳасини танлашга ҳаракат қилади. Фақатгина “кўзга кўринмас қўл”, яъни эркин рақобат, бозор қонунларигина ўз мақсадларини кўзлаб фаолият юритувчиларни тартибга солинган тизимга бирлаштиради. Шу боисдан “иқтисодий одам” ўз манфаатини кўзлагани ҳолда жамият манфаати учун ҳам меҳнат қилади.
Америкалик иқтисодчи олимлар К.Р.Макконнелл ва С.Л.Брюлар иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатувчи омил сифатида меҳнат ресурслари сони ва сифатини алоҳида ажратиб кўрсатган. Улар назариясига мувофиқ меҳнат ресурслари сони иқтисодиётда банд бўлган кишилар сони ҳамда уларнинг меҳнатга лаёқатли аҳоли таркибидаги улуши билан белгиланади. Меҳнат ресурсларининг сифатини ифодаловчи ва меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида эса кишилар саломатлигининг яхшиланиши, касб тайёргарлиги, билими ва манфаатдорлигининг ўсиши кўрсаткичлари келтирилади.
“Ишчи кучи” атамаси кўп ҳолларда уч маънони англатишда ишлатилади:
организм, тирик инсон шахси эга бўлган ва ҳар сафар у қандайдир истеъмол қийматини яратиш чоғида ишга соладиган жисмоний ва маънавий қобилиятлар мажмуи сифатида;
аҳолининг иш билан банд бўлган ёки иш излаётган қисми – иқтисодий фаол қисми синоними сифатида;
умуман, ишловчилар ёки муайян бир корхона ишчилари сифатида.
Аммо айни бир вақтда “меҳнат ресурслари” сўзи ва “ишчи кучи” сўзибирикмалари турли вариантларга эга бўлиб, уларни қўллашда онгли ва тегишли изоҳлар бериш керак бўлади. Шундай қилиб, “меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчалари турли манбаларда турлича ишлатилади ва кўп ҳолларда бир-биридан деярли фарқланмайди.
“Меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчалари турли мазмунга эга бўлиб, меҳнат ресурсларининг ишчи кучига айланиш жараёни бир қанча босқичларни босиб ўтади. Дастлабки босқичда меҳнат ресурслари ишчи кучининг салоҳиятли қисми бўлиб, улар меҳнат воситалари ва қуроллари билан ишлаш тажрибасини орттиради.
Иккинчи босқичда эса меҳнат ресурслари иш жойларига тақсимланади. Шу тариқа жисмоний ва ақлий қобилиятларнинг меҳнат жараёнида сарфланиши рўй беради. Меҳнат ресурслари бу жараёнда ишчи кучига айланади.
Учинчи босқичда ишчи кучи вақт сарфлаб, моддий неъмат яратади ва бу неъмат истеъмол қийматига эга бўлади.
Ишчи кучи меҳнат фаолиятини тўхтатиши билан яна иқтисодий нофаоллик тусини олади, лекин меҳнат ресурси таркибида қолади. “Меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчалари ўртасидаги ўхшашлик иккала тоифага кирувчи кишилар ижтимоий ишлаб чиқаришга қатнашишлари учун ўзларида меҳнат лаёқатини мужассамлаштирганлигидир.
“Меҳнат ресурслари” тушунчаси биринчи марта 1922 йилда россиялик олим С.Струмилин томонидан фанга киритилган. У мазкур тушунчани марказлашган режали иқтисодиёт юритиш тизими нуқтаи назаридан талқин этган. Унга кўра меҳнат ресурсларига режалаштирилувчи пассив ишчи кучи мажмуаси сифатида қаралган.
Меҳнат ресурсларига меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар киради.
Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолига:
16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар;
16 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар киради.
Лекин ушбу ёш гуруҳидаги барча аҳоли ҳам меҳнатга лаёқатли ҳисобланмайди.
Шунинг учун меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли бу ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, имтиёзли шартларда пенсия олаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслар сонини чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади.
Меҳнат ресурсларига кирадиган иккинчи тоифа меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслардир.
Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади. Ўн беш ёшга тўлган шахслар ота-онасидан бирининг ёки улар ўрнини босувчи шахснинг ёзма равишдаги розилиги билан ишга қабул қилиниши мумкин.
Демак, ўн беш ёшга тўлиб ишлаётган ўсмирлар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар тоифасига киради.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, меҳнатга лаёқатли ёшдан катта ёшдаги аҳолига 55 ёш ва ундан юқори ёшдаги хотин-қизлар, 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги эркаклар киради.. Ёшга доир пенсияни расмийлаштириб, меҳнат фаолиятини давом эттираётганлар ҳам меҳнат ресурслари таркибида бўлади.
Ўзбекистон Республикасида ҳар йили меҳнат ресурслари баланси ишлаб чиқилади.
Хўш, “Баланс” тушунчасининг луғавий маъноси нимани англатади?
“Баланс” атамаси лотинча bis – “икки марта”, lanx – “тарози палласи” сўзларидан таркиб топган бўлиб, том маънода “икки палла” деган маънони англатади ва “тенглик”, “мувозанат” тушунчаси сифатида қўлланилади.
Демак, “баланс”, “тенглик”, “мувозанат” тушунчаси сифатида қўлланилса, меҳнат ресурслари балансида тенглик, мувозанат нимада акс этади.
Меҳнат ресурслари баланси – бу меҳнат ресурслари мавжудлигини ва уларнинг тақсимланишини тавсифловчи кўрсаткичлар тизимидир. Меҳнат ресурслари балансида тарозининг бир палласи “шаклланиш”, иккинчи палласи “тақсимланиш” қисми бўлади.
Юқорида меҳнат ресурсларининг меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслардан шаклланишини турли мисоллар билан тушунтириб ўтдик.
Энди меҳнат ресурсларининг тақсимланиш қисмига, яъни тарозининг иккинчи палласига тўхталамиз. Мамлакатнинг меҳнат ресурслари иқтисодий фаол ва иқтисодий нофаол аҳолига тақсимланади. Иқтисодий фаол аҳоли сони – бу иш билан банд аҳоли ва ишсизлар сони йиғиндисидан иборат.
Иш билан таъминланиш – фуқароларнинг қонун талабларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятиди.
Иқтисодиётда иш билан банд аҳоли сони иқтисодий фаолият турларининг турли соҳаларида иш билан бандлар йиғиндисидан ташкил топади.
Ишсизлар – қонун ҳужжатларига мувофиқ расман ишсиз сифатида рўйхатдан ўтказилган шахслар, шунингдек, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирувчи машғулотга эга бўлмаган, мустақил равишда иш изловчи ва бундай
иш таклиф этилса, ишга жойлашишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли ёшдаги вақтинча меҳнат билан банд бўлмаган шахслардир.
Иқтисодий нофаол аҳоли – бу меҳнат билан банд ва ишсизлар деб ҳисобланмайдиган шахслардир. Уларга ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган ўқувчилар ва талабалар; болаларни парвариш қилаётган ишламайдиган аёллар; уй бекалари ва ихтиёрий равишда меҳнат билан банд бўлмаган шахслар, шунингдек,кўчар ва кўчмас мулкдан даромад оладиган ишламайдиган шахслар киради.
Меҳнат ресурсларидан фойдаланишга қуйидаги омиллар таъсир этади:
1. Географик ва табиий омиллар. Республикамиз минтақалари турли табиий ва географик хусусиятларга эга бўлиб, бу ҳолат ҳудудий меҳнат бозорларининг табиий шароитга юқори таъсирчанлигини англатади. Масалан, Оролбўйи минтақасидаги ишсизликнинг юқори даражаси экологик вазият билан асосланади. Бундан ташқари, иқтисодиётда қишлоқ хўжалиги тармоғининг юқори улуши республикада иш билан бандликнинг мавсум ва иқлим омилларига юқори даражада боғлиқлигини келтириб чиқаради. Ноқулай келган об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга салбий таъсир кўрсатиб, ҳосилнинг кескин камайишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолат эса саноат, жумладан, қайта ишлаш, озиқ-овқат ва енгил санаот тармоқлари корхоналарининг тўла қувватда ишламаслиги, ишчиларнинг бўш қолиши ва қисқартирилишига олиб келади. Республикамизнинг қишлоқ жойларида мавжуд юқори даражадаги мавсумий ишсизлик ҳолати ҳам айнан мавсум ва об-ҳаво шароити билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар мавсумдан ташқари вақтда ишсиз қолмоқда ёки номуайян, вақтинчалик ва бир марталик ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.
2. Мавжуд хом ашё ресурслари. Хом ашё ресурслари ҳудудий иқтисодиёт тармоқларининг ўзига хослигини келтириб чиқаради. Масалан, табиий хом ашё ресурсларига бой бўлган Навоий, Тошкент, Бухоро ва Фарғона вилоятларида саноат ва ишлаб чиқариш тармоқлари яхши ривожланган бўлиб, ушбу минтақалар ишчи кучининг салмоқли қисми ушбу тармоқларда банд.
3. Демографик омиллар. Ишчи кучининг табиий ҳаракати ва иш билан
бандлик таркибидаги табиий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Аҳоли, жумладан, ишчи кучининг ўлим кўрсаткичи иш билан бандликка сезиларсиз бўлса-да таъсир қилади. Агар ушбу кўрсаткич юқори даражада рўй берса, у ҳолда мамлакат ишчи кучи таркибининг сифат ва миқдор жиҳатдан қисқаришига олиб келади. Шу билан бирга касалликларнинг кўпайиши, айниқса, касб касаллиги ва жароҳатлари натижасида ҳам иш билан банд фуқаролар ўз иш жойларини йўқотиб қўйишлари ва ишчи кучи сафидан чиқиб кетишлари мумкин.
Шунингдек, демографик жараёнлар орасида туғилиш кўрсаткичи иш билан бандликка катта таъсир кўрсатади. Чунки, фарзанд дунёга келиши натижасида аёллар ишчи кучи сафидан вақтинчалик чиқади ва иқтисодий нофаол аҳоли таркибига қўшилади. Ўзбекистонда аёллар фарзанди 2 ёки 3 ёшга етгунча туғруқ таътилида бўлади. Демак, бу ҳолатда аёллар камида 2 йилдан сўнггина яна иқтисодий фаол аҳоли таркибига қайтиши мумкин. Шу сабабли мамлакатда туғилишнинг юқори кўрсаткичи аёллар иш билан бандлигига таъсир қилувчи бош омиллардан бири ҳисобланади. Бугунгикунда республикада йилига ўртача 700 минг нафардан ортиқ чақалоқ туғилади.
Бу эса, ўз навбатида, шунча аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигига маълум муддат бўлсада чек қўяди.
Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга таъсир этувчи ҳамда унинг
даражаси ўзгаришига сабаб бўлувчи демографик омиллардан яна бири меҳнат миграциясидир.
Меҳнат миграцияси ишчи кучининг меҳнат даромади келтирадиган иш топиш мақсадида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш ҳаракатидир. Мазкур турдаги миграция вужудга келишининг асосий мотиви фуқароларнинг юқори миқдордаги иш ҳақи ва қулай меҳнат шароити илинжидаги ҳаракатлари ҳисобланади. Мамлакат аҳолисини иш билан таъминлашда меҳнат миграцияси қуйидагича таъсир кўрсатади: ишчи кучининг ҳудудлараро ва тармоқлараро қайта тақсимланиши рўй беради; аҳолининг ишсиз қатлами иш билан таъминланади; ишловчиларнинг меҳнат даромади ошади ва турмуш даражаси яхшиланади; ишловчилар янги касб ва кўникмаларга эга бўлиб, уларнинг иш тажрибалари ортади.
4. Таълим тизими. Ушбу омилнинг меҳнат ресурсларидан фойдаланишга таъсирини қуйидагиларда кўриш мумкин:
аҳоли, жумладан, ёшлар саводхонлик даражасининг юқори кўрсаткичи малакали ишчи кучи бозорини вужудга келтиради;
меҳнат бозорида рақобат курашининг пайдо бўлишига олиб келади;
ишчи кучи таклифининг сифат таркибини такомиллаштиради;
ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган ёшлар сонининг кўпайиши меҳнат ресурслари тарикибида иқтисодий нофаол аҳоли улушининг ортишига сабаб бўлади;
иқтисодиёт тармоқларининг тегишли йўналишлардаги малакали кадрларга бўлган талаби оптимал қондирилишини таъминлайди.
5. Иш ҳақи. Иш ҳақи ва ижтимоий трансферт тўловлари миқдорини мунтазам ошириб бориш сиёсати аҳоли бандлиги муаммоларини бартараф этиш, фаровонликни ошириш ва ишчи кучининг қайта тикланиши учун қулай шароит яратади.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг бозор муносабатларига ўтиши, шунингдек, қатор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишни талаб қилади. Бу эса шахсларнинг манфаатлари, яшаш тарзи, тараққиёти ва истиқболи билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистонда меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишнинг йўллари қуйидагилардан иборат:
қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва уларни амалий ҳаётга татбиқ этиш;
меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва унинг реал миқдори ўсишига эришиш;
иш билан бандликнинг ноанъанавий шакллари – касаначилик, уй меҳнати, оилавий бизнес, хизмат кўрсатиш ва қорамолчилик каби фаолият турлари билан шуғулланиш ҳамда ўз-ўзини иш билан таъминлашни рағбатлантириш;
ишсизларни ишга жойлаштиришда хусусий секторнинг иштирокини кучайтириш ва бу ишда хусусий кадр агентликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
меҳнат ресурсларини ҳудудлар ва тармоқлар бўйича қайта тақсимлаш ҳамда ортиқча ишчи кучини иш билан таъминлашда меҳнат миграциясига алоҳида эътибор қаратиш ва ҳ.к.
Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш жараёнлари жадал амалга оширилаётган бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашда меҳнат ресурсларининг ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда. Мамлакатда меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш аҳоли фаровонлигини оширишга ва иқтисодий юксалишга замин яратади.
Зеро, жамиятнинг энг олий бойлиги бўлган халқда қудратли салоҳият мужассам. Бу салоҳиятни юзага чиқариш эса жамиятимизни ривожлантириш ва тараққий эттиришнинг жуда кучли омили бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ва таклифлар
Фикримизча, сувни тежовчи технологияларни жорий этган сув истеъмолчилари учун рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш ва туман ҳокимликлари томонидан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этувчи ташаббускор фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш лозим.
Аграр соҳада сувдан фойдаланишнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири шундаки, сув экинлар экиладиган майдонга ер юзида жойлашган ирригация тармоқлари, яъни дастлаб магистрал каналлар, кейин хўжаликлараро каналлар ва, ниҳоят, хўжалик ичидаги суғориш тармоқлари орқали етиб боради. Ушбу жараён доимий назорат, яъни оператив бошқарувни талаб этади. Сувнинг доимий ҳаракатда бўлиши сув хўжалиги ходимларидан катта масъулиятни талаб этади. Энг муҳими, ушбужараёнда бир неча ўн минглаб сув ва қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирок этади.
Натижада катта меҳнат ресурслари, молиявий маблағлар сарфланади. Шу боис бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ. Ушбу тизим нафақат ресурсларни иқтисод қилиши балки сув исрофгарчилигининг ҳам олдини олишга ёрдам беради.
Сув ресурсларидан фойдаланишни бошқариш тизимининг мураккаблиги шундаки, уни бошқариш бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг натижаларини олдиндан прогноз қилиш қийин, баъзан эса бунинг имкони ҳам йўқ. Чунки суғорма деҳқончиликнинг хусусиятлари хилма-хил ва кўп қиррали бўлиб, улар ўртасидаги алоқадорлик эса мураккабдир. Вақт ўтиши билан сув хўжалигини бошқариш, суғорма
деҳқончиликни юритиш тизими такомиллашиб боради. Бу эса тизимга янгича ёндашувни тақозо этади. Ирригация тизимларини модернизациялаш сув хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим истиқболли йўналишидир.
Шу боис ирригация тизимлари бошқармалари ҳамда сув истеъмолчилари уюшмаларини замонавий сув хўжалиги техникалари, сувни иқтисод қилувчи технологиялар билан таъминлаш зарур.
Хулоса қилиб
айтиш мумкинки, мамлакатимизда сувни тежовчи технологияларнинг кенг жорий этиши, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш натижасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1.Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси. – Т.: Адолат, 1996.
2. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни (Янги таҳрир). – Т.: Адолат, 1998.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, шу жумладан, уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш методикасини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори. 2017 йил 22 декабр. 1011-сон.
4. Абдураҳмонов Қ.Х. Меҳнат иқтисодиёти назария ва амалиёт. Дарслик. – Т.: ЎзР ФА “FAN” нашриёти, 2020.
5. Чапек В.Н., Максимов Д.В. Экономика труда. – М.: Феникс, 2021
6. http: // www.stat.uz – Ўзбекистон Республикаси Давлатстатистика қўмитасининг расмий сайти.
7. http: // www.mehnat.uz – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий сайти.
8. http: // www.lex.uz – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси
Do'stlaringiz bilan baham: |