117-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:
1) тараф Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётганда ёки мазкур шахслар давлатнинг бирор-бир мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда;
2) тараф даволаш муассасасида бўлганда, шунингдек тарафлардан бирида судга келишга тўсқинлик қиладиган, тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланган касаллик мавжуд бўлганда;
3) ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган ҳолларда жавобгар қидирилаётганда;
4) тараф ишни кўриб чиқиш муддатидан ортиқ муддатда хизмат сафарида бўлганда, бундан ишда ташкилот вакиллари иштирок этаётган ҳоллар мустасно;
5) суд томонидан экспертиза тайинланганда;
6) ушбу Кодекснинг 103 ва 363-моддаларига мувофиқ суд томонидан суд топшириғи юборилганда.
118-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш вақти Иш юритиш:
1) ушбу Кодекс 116-моддасининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган ҳолларда — ҳуқуқий ворис ишга киришгунига ёки ишга жалб қилингунига қадар ёхуд муомалага лаёқатсиз шахсга қонуний вакил тайинлангунига қадар;
2) ушбу Кодекс 116-моддасининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда — тарафнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлиши тугагунига қадар;
3) ушбу Кодекс 116-моддасининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда — суднинг ҳал қилув қарори ёки ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёки маъмурий тартибда кўрилаётган иш бўйича қарор чиқарилгунига ёхуд тергов тамом бўлгунига қадар;
4) ушбу Кодекс 116-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда — чет давлат судининг ёки ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ёхуд унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақидаги илтимоснома чет давлатнинг ваколатли органи томонидан ҳал қилингунига қадар;
5) ушбу Кодекс 117-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда — тегишинча тарафнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлиши тугагунига ёки мазкур шахслар давлат мажбуриятини бажариб бўлгунига қадар;
6) ушбу Кодекс 117-моддасининг 2-бандида назарда тутилган ҳолларда — тараф даволаш муассасасидан чиққунига ёки тарафнинг судга келишига тўсқинлик қилаётган касаллик тузалгунига қадар;
7) ушбу Кодекс 117-моддасининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда — жавобгарни қидириш тугаллангунига қадар;
8) ушбу Кодекс 117-моддасининг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда — тараф қайтгунига қадар;
9) ушбу Кодекс 117-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда — экспертиза ўтказиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар;
10) ушбу Кодекс 117-моддасининг 6-бандида назарда тутилган ҳолларда — суд топшириғини ижро этиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар тўхтатиб турилади.