89-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ишдаги ҳужжатнинг асли уни тақдим этган шахснинг илтимосномасига кўра қайтарилиб, ҳужжатнинг судья томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси ишда қолдирилиши мумкин.
Агар суд мумкин деб топса, суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ёзма далиллар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилиши мумкин. Мазкур шахслар илтимоснома билан бирга ҳужжат аслининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхасини тақдим этади ёки ишда қолаётган кўчирма нусхани суд томонидан тасдиқлаш тўғрисида илтимоснома беради.
90-модда. Ашёвий далиллар Ишни мазмунан ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган предметлар ашёвий далиллардир.
Ашёвий далилни тақдим этувчи ёки уни талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилаётган шахс ушбу далил орқали иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатларни аниқлаш мумкинлигини кўрсатиши шарт.
91-модда. Ашёвий далилларни талаб қилиб олиш ва тақдим этиш тартиби Ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмаётган шахслардан далил сифатида бирор ашёни талаб қилиб олиш ҳақида судга илтимоснома тақдим этувчи шахс ушбу ашёни таърифлаб бериши ва бу ашё мазкур шахсда деб ҳисоблаш учун қандай асослари борлигини баён этиши керак.
Суд томонидан фуқаролар ва ташкилотлардан талаб қилинаётган ашёвий далиллар бевосита судга юборилади.
Суд ашёвий далилни талаб қилиб олиш ҳақида илтимоснома тақдим этган шахсга ушбу далилни судга тақдим этиш учун олиш ҳуқуқига доир сўров бериши мумкин.
92-модда. Ашёвий далилларни тақдим этиш мажбурияти Ишда иштирок этмаётган фуқаролар ва ташкилотлар талаб қилинаётган ашёни тақдим этиш ёки суд белгилаган муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, бу ҳақда сабабларини кўрсатган ҳолда судга хабар бериши шарт.
Агар шахс суд ундан талаб қилаётган ашёвий далилни тақдим этиш ёки суд томонидан белгиланган муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, у суднинг сўровини олган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида бу ҳақда узрли сабабларини кўрсатган ҳолда судга хабар бериши шарт.
Суд хабардор қилинмаган тақдирда, шунингдек, агар суднинг ашёни тақдим этиш тўғрисидаги талаби суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажарилмаса, айбдор фуқаролар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ушбу Кодекснинг 146-моддасида белгиланган тартибда жаримага тортилиши мумкин.
Жарима солиш тегишли фуқаролар ва мансабдор шахсларни суд талаб қилаётган ашёни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.