51-модда. Прокурорнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно.
Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.
Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.
Агар даъвогар прокурор томонидан арз қилинган талабни қўллаб-қувватламаса, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, суд даъвони (аризани) кўрмасдан қолдиради.
Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
52-модда. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг процессда иштирок этиши
Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунда назарда тутилган ҳолларда, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Давлат бошқаруви органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш юзасидан хулосалар бериш учун суд томонидан суд процессида иштирок этишга жалб қилиниши ёки ўз ташаббуси билан процессга киришиши мумкин.
53-модда. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ушбу Кодекснинг 52-моддасида кўрсатилган суд процесси иштирокчилари мазкур Кодекснинг 40-моддасида назарда тутилган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади, шунингдек бошқа шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун арз қилинган талабларни тўлиқ ёки қисман қўллаб-қувватлаш, улардан воз кечиш, ўзлари арз қилган талаблар бўйича тушунтиришлар бериш ҳуқуқига эга. Мазкур органлар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бошқа шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга берган аризасидан воз кечиши ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |