3. “Soft skills” ва “Hard skills” (қаттиқ кўникмалар)нинг ўзаро тўлдирувчи ва фарқли жиҳатлари
Айтилганидек, “Soft” инглиз тилидан таржима қилинганда “мобил” ёки “юмшоқ” деган маънони англатади. Бундан ташқари, “hard skills” тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, “hard” инглиз тилида “қаттиқ” маъносини беради. Мажозий талқинда тушунтирилса, компьютернинг ишлаши учун асосан иккита компонент зарур. Инглиз тилида булар “Hardware”, яъни компьютер қурилмаси ва унинг қўшимча қурилмалари ҳамда “Software”, яъни дастурий таъминотдир. Керакли дастурлар бўлмаса, компьютер қурилмаси шунчаки машиналигича қолаверади.
“Hard skills” таълим муассасасида фанларни ўзлаштириш натижасида орттирилган ҳамда касбий-профессионал фаолиятни олиб бориш учун зарур бўлган малака ва кўникмалар тизимидир. Соддароқ қилиб тушунтирганда, масалан, ошпазнинг “hard skills” бўйича кўникма ва малакалари – бу овқат пишира олиш, овқатни мазали тайёрлай олиш ва ҳ.к. Ахборот технологиялари бўйича мутахассиснинг “hard skills” бўйича кўникма ва малакалари эса – бу компьютер дастурий таъминоти билан ишлай билиш, ахборотни қайта ишлай олиш ва ҳ.к.
Инсоннинг “hard skills” бўйича кўрсаткичи одатда таълим муассасасини тамомлагач бериладиган дипломи иловасида акс этадиган баҳо ёки балларида намоён бўлади. Демак, уларни баҳолаш мумкин ва осон.
“Hard skills” шахснинг ўзи истаган компания ва муассасага ишга кириш мақсадида интервью босқичигача етиб боришига асос бўлса, “soft skills” ишга қабул қилиниш ва муваффақиятли ишлаб кетишда асос бўлади.
Бошлиқ ва ходимлар ўртасида муносабатлар ҳам айни шу хусусиятлар орқали тўғри ташкил этилиши мумкин. Бунинг акси бўлса, ходимлар ушбу ташкилотда ишлаш жараёнида мотивация ололмайдилар ва бошқа жойдан иш излашга тушадилар. Битта шахсни деб компания кўпгина иқтидорли ва профессионал кадрлардан маҳрум бўлиши эса ачинарли ҳолдир. Бошлиқ ва ходимларда эмпатия, яъни ўзаро бир-бирини руҳий жиҳатдан тушуниш кўникмасининг бўлиши ҳам зарур жиҳатдир. Шундай экан, инсонлар ўзаро алоқага киришаётганда шахслараро муносабатларни тўғри ташкил этиш ўта муҳим саналади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қаттиқ кўникмалар ахборот ва билимларнинг тезкор кўпайиши ва замоннинг глобаллашиб бориши натижасида тезда эскириб қолмоқда. Масалан, университет талабаси биринчи босқичда ахборот технологиялари бўйича фандан янги яратилган дастурий таъминот − “Windows”нинг имкониятларини ўзлаштиради. Аммо талаба тўртинчи босқични якунламай туриб дастурий таъминотнинг янги версияси яратилади. Бунда шуни кузатиш мумкинки, олий таълим муассасасида олинаётган билимлар тезда эскириб қолмоқда ёки кераксиз бўлиб боряпти. Бунга олий таълим муассасаларида ўқув дастуридан чиқариб ташланаётган фанлар яққол мисол бўла олади.
“Soft skills”га доир масалалар Ғарб давлатларида чуқур ўрганилган. Бу борада яратилган асарлар ва олиб борилган тадқиқот натижалари аксарият инглиз тилида баён этилган. Хусусан, Рендел Кайсер 2017 йилда “Юристлар учун “Soft skills” китобини нашр эттирди. Унда барча масалалар ҳаётий тадқиқотларга асосланган ҳолда ёритиб берилган.
“Soft skills” кишининг мутахассис сифатида шаклланишда катта аҳамиятга эга. Шахс меҳнат бозорида нафақат профессионал малака ва кўникмалар орқали, балки юқори савиядаги ва самарали шахслараро муносабатларда зарурий малака ва кўникмаларни намойиш этиш орқали касбий ўсишга эришиши, тажриба орттириб карьера қила олиши мумкин.
Бундан ташқари, одамлар ҳар қандай мутахассис билан суҳбатлашишда, энг аввало, унинг муомаласига эътибор қаратадилар. Бу инсон табиатига хос жиҳатдир. Бирон инсон ҳақидаги ижобий таассурот айни шахслараро муносабатларни тўғри ташкил эта олишдан келиб чиқади.
Бўлажак юрист талабалар буни англаб етишлари зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |