Электрон микроскоп билан бир тўп электронларни кичик тўлқинли нур ёрдамида, ўлчами 10-6 мм гача бўлган заррачалар ҳолатини ўрганиш мумкин. Замонавий электрон микроскоп ўлчами (3-5) 10-10 м гача бўлган микрозаррачани 300000 марта катталаштириб кўрсатади.
Қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш жараёнлари илмий амалий томондан таҳлил қилиш ва уни асослаш технология фани деб аталади. Технологик жараёнларда хом ашёдаги моддаларнинг парчаланиши, ўзаро реакцияга киришиши ва моддалардан қурилиш ашёлари олиш усуллари кимё-технология фанида ўрганилади.
Қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш технологиялари кимёвий жараён бўлишидан қатъи назар, улар механик равишда ҳам бириккан бўлади. Бундай технологик жараёнда хом ашё ўзининг шаклини, кўринишини ўзгартиради, унинг юзаси силлиқланади ёки акси ғадир-будир қилинади. Механик равишда қайта ишланган тоғ жинсларининг фаоллиги ортади, солиштирма юзаси катталашади ва ниҳоят ундан тайёрланган ашёларнинг хоссалари кескин ўзгаради.
Майдалаш жараёнида унга сирти фаол моддалар қўшилса, минерал кукуни заррачаси сиртида фаол парда ҳосил бўлади ва уларни ўзаро ёпишиб қумоқ доналарга айланишига йўл қўймайди. Ўта майдаланган минерал кукунини узоқ вақт сақлаганда ҳаводаги намликни ютиши ҳисобига унинг фаоллиги сусаяди. Минерал кукунини олишга доир технологик жараёнда, у майда-йирик доналарга алоҳида қилиб ажратилади. Бу жараёнда элаш ёки сепарация қилиш (солиштирма оғирлигига кўра саралаш) усули қўлланилади.
Хом ашёлар асосан механик усулда аралаштирилади. Аралаштириш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда хом ашё қуруқ ҳолатда аралаштирилади, иккинчи босқичда эса суюқлик билан аралаштирилади. Ҳамма хом ашёлар суюқлик билан осонгина аралашмайди. Агар майдаланган заррачалар сирти гидроксид модда ионлари билан қопланган бўлса, минерал кукуни тезда намланади ва осон аралашади. Бундай хом ашёлар гидрофил (намланувчан) моддалар гуруҳига киради. Заррача сирти оғир темир ионлар билан қопланган бўлса, сувдан кўра ёғ билан осон аралашади. Бундай тош заррача гидрофоб (намланмайдиган) моддалар гуруҳига киради. Осон намланадиган хом ашёлар суюқликда осонгина эрийди ва ҳақиқий тўйинган гомоген қоришма ҳосил қилади. Тўйинган заррача сирти ўзаро чегараланган икки хил ионлар билан қопланган бўлиши мумкин. Заррачалар сирти ўзига мос зарядланган молекулалар тўдасига йиғилади ва ёпишади. Уларнинг зичлиги ортади ва чегараланган сиртга молекулалар ботиб киради.
Қоришманинг қулай жойланувчанлиги ҳамда қўзғалувчанлиги ундаги ўзаро аралашмаган қуюқ ва суюқ қисмнинг борлигига боғлиқ. Янги тайёрланган қоришма кераклича аралаштирилмаса, унинг тузилиши қониқарсиз бўлади. Демак, мустаҳкамлиги пасаяди. Оқувчанлик жараёни бузилади. Қуюқ ва суюқ қоришма ёки эритмаларнинг оқувчанлиги, аввало уларнинг таркиби ҳамда унга таъсир этувчи кучга боғлиқ. Қоришмаларга, биз истагандек, шакл беришда, унинг қуюқ-суюқлигини ўрганувчи йўналиш оқувчанлик (реалогия) фани деб аталади.
Қолипга жойланган янги қоришмага махсус ишлов берилиб оддий шароитда аста-секин ёки иссиқ-нам муҳитда тез суръатда қотади, кейин қаттиқ буюмга айланади. Кимёвий реакциялар жараёнида янги моддалар ҳосил бўлади. Ҳароратнинг ортиши билан заррачаларнинг эриши кўпаяди, ундаги кимёвий реакцияни зўрайтиради, заррачаларни бўлакларга бўлиниш жараёни тезлашади ва янги бирикмалар, моддалар ҳосил бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |