Характернинг ўсишида тарбиянинг роли
Характернинг ўсишида тарбия ва ўз-ўзини тарбиялаш асосий роль ўйнайди.
Ўсиб келаётган ёш авлоднинг характери аввало оилада ва мактабда тарбияланади. Болаларнинг характерни тарбиялашда катта масъулиятли вазифа ота-оналар, ўқитувчилар, болалар боқчалари, касб-хунар коллежлари ва интернат-мактаблар тарбиячилари зиммасига тушади.
Характерни тарбиялаш шундан иборатки, тарбиячи мактаб ўқувчисига намуна бўлиши мумкин бўлган кишиларни болага, ўқувчига атайлаб ибрат қилиб кўрсатади; шу кишининг қилаётган ишлари, хатти-ҳаракатларига тарбияланувчи эътиборини жалб этади ва бу иш хатти-ҳаракатларнинг қайси бири яхши, ижобий, қайси бири салбий, ёмон эканлигини айтади. Тарбиячи боланинг хатти-ҳаракатларидаги ярамас қилиқларни йўқотиш ва яхши, фойдали одатларни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган воситаларни излаб топади ва уларни татбиқ этади. Тарбиявий иш яна шундан иборатки, педагог тарбияланувчида муайян ижобий сифатларни ўз характерида ўз-ўзи пайдо қилиш зарурияти онгини уйғотиши ва бу онгни ўстириши лозим.
Педагог болаларда характерни тарбиялаётганида уларда тарбияланадиган темпераментни билиши, ҳар бир темпераментнинг ижобий ва салбий томонларини билиши зарур.
Агар темперамент ва унинг туғма ҳусусиятлари ўз холича қолаверса, одамда ёмон характер хислатлари таркиб топиши мумкин. Масалан, холерик темперамент одамни чўрткесар, қўпол, ўзини тута олмайдиган қилиши мумкин. Сангвиник темперамент саботсизликка, диққатни бир жойга қўя билмасликка сабабчи бўлмоғи мумкин бўлганидек, флегматик темперамент сусткашликка, лоқайдликка олиб бориши мумкин. Меланхолик темпераментли кишида ўз кечинмаларига ортиқча берилишлик, писмиқлик пайдо билиши мумкин.
Характерни тарбиялаш, жумладан, темпераментнинг ижобий томонларини ўстиришдан, унинг салбий томонларини ва бу салбий томонларни характернинг ижобий хислатлари билан «алмаштиришдан» иборатдир. Масалан, холерик темпераментли болаларни тарбиялашда уларни ўйлаб иш қилиш, ўзини тута билиш, атрофдаги одамлар билан яхши муомалада бўлишга одатлантириш ва уларда шу сифатларни ўстиришга алоҳида эътибор бериш лозим. Сангвиник темпераментли болаларни саботли бўлишга, диққатини бир жойга қўя билишга, ишга қунт қўя олишга, бошлаган ишни охирига етказишга одатлантирмоқ керак. Меланхолик темпераментли болаларни одамга кўпроқ аралашишга, жамоачиликка, илдам ҳаракат қилишга одатлантирмоқ, уларда шу сифатларни тарбияламоқ керак. Флегматик темпераментли болаларни ташаббускорликка, фаолликка, кишиларга эл бўлишга, қувноқликка одатлантирмоқ лозим.
Характернинг салбий томонларини йўқотмоқ учун, ижобий томонларини тарбиялаб етказмоқ учун тарбияланувчини ўз темпераментини ўзи идора қила билишга ўргатиш лозим, уни шундай тарбиялаш керакки, у темпераментини ўзи идора қилиш заруриятини ўзи англасин ва ҳақиқатан уни идора қила олсин, темпераментига бўйсунмайдиган бўлсин. Ўз темпераментини идора қила билиш характернинг муҳим ижобий хислатидир.
Характер тарбиясини фақат темпераментнинг салбий томонларини айрим ижобий сифатлари билан алмаштиришдан иборат деб тушуниш ярамайди. Характерни тарбиялашда педагог, аввало муайян идеални ёки давримизнинг олижаноб кишилари образини асос қилиб олмоғи лозим. Бу маънавий бойликни, аҳлоқий софликни ва жисмоний камолотни ўзида гармоник ҳолда мужассамлаштирган янги одамлардир. Бундай янги одам характерининг хислати ижтимоий ва шахсий ҳаётда ҳалоллик ва ростгўйлик, аҳлоқий поклик, оддийлик ва камтарликдир. Бизга юксак маънавий фазилатига эга бўлган, ҳалол виждонли кишилар, тетик ва хушчақчақ кишилар, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, мустақил жамият қуриш йўлида ҳар қандай қийинчиликларга бардош бера оладиган, уларни бартараф қилишга тайёр турган кишилар керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |