IV. ДИҚҚАТНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ.
Диққат бир қанча хусусиятларга эга бўлиб, улардан асосийлари – диққатнинг кўчувчанлиги, бўлиниши, кўлами, кучи ва барқарорлигидир.
Бу хусусиятларнинг қанчалик яққол ифодаланишига қараб, ҳар турли фаолият жараёнида айрим одамлар диққатининг маълум бир (ижобий ёки салбий) сифатлари белгиланади.
Диққатнинг кўчувчанлиги.
Диққатнинг кўчиши деганда биз унинг бир нарсадан иккинчи бошқа бир нарсага, фаолиятнинг бир туридан бошқа турига ўтишини тушунамиз. Масалан, одам ўз диққатини китоб ўқишдан сурат кўришга, сурат кўришдан эса ўз фикрларини баён этишга кўчириши мумкин. Ўқувчилар ўз диққатларини бир фанни ўқишдан бошқа фанга кўчирадилар, чунончи, математикадан тарихга, тарихдан рус тилига ва шунинг кабилар. Диққатнинг кўчиши ихтиёрсиз ва ихтиёрий тарзда содир бўлиши мумкин.
Диққатни кўчиришнинг нерв-физиологик асоси, асосан, иккинчи сигналлар системасининг сигналлари орқали бош миянинг пўстида пайдо бўлган оптимал қўзғалиш ўчоғининг ўрин алмаштиришидир.
Диққатнинг кўчирилиши кўп ҳолларда қийинчиликлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, баъзан диққатни бундан олдинги объектдан ажратиш қийин бўлса, бошқа ҳолларда олдинги ишининг кетидан қилинадиган янги ишга киришиб кетиш қийин бўлади. Диққатни кўчиришиинг енгиллик ёки қийинлиги бир қанча сабабларга боғлиқдир. Бу сабаблардан бири – кетма-кет қилинадиган иш мазмунлари ўртасида боғлиқлик бор ёки йўқлигидир; агарда бундай боғлиқ йўқ бўлса, диққат тез ва енгиллик билан кўчиши мумкин. Диққатни кўчиришнинг енгиллик ёки қийинлик сабабларидан яна бири диққат қаратилган нарсаларга ва бажарилаётган ишларга нисбатан кишининг муносабатидадир. Масалан, агар киши илгари қилган ишига зўр қизиқиш билан қараб, ундан кейинги қилинадиган ишга айтарли қизиқмаса, бундай пайтда илгариги ишдан диққатни кўчириш қийин бўлади ва секинлик билан амалга оширилади. Аксинча, агар кейинги қилинадиган иш олдингисига қараганда қизиқарли ва ёқимлироқ бўлса, диққат тез ва осонлик билан кўчади. Агар қилинаётган иш тўла тугалланса, у пайтда киши ўз диққатини бир фаолиятдан иккинчисига енгиллик билан кўчира олади, аксинча, агар олдинги ишни охиригача етказмай туриб, қандайдир сабабга кўра, диққатни янги бир фаолиятга кўчириш лозим бўлиб қолса, бу нарса анча қийин бўлади.
Энг яхши диққат, албатта, бир нарсадан иккинчи нарсага тез кўча оладиган диққатдир. Диққатнинг мана шундай хусусияти туфайли, киши атрофидаги муҳитга тез мослаша олади ҳамда ўзгарувчан шароитдаги турли элементларнинг аҳамиятларини тезлик билан белгилай олади. Диққатнинг тез кўчувчанлиги кишининг ишини ҳам тезлаштиради.
Диққатнинг тез кўчувчанлиги, унинг бошқа сифатлари каби кишининг амалий фаолияти жараёнида тараққий этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |