Нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар нотариал идораларида тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, қонунда назарда тутилган тартибда белгиланган мансабдор шахслар томонидан васиятноманинг тасдиқланишига йўл қўйилади. Бундай васиятномалар нотариал тартибда тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади. Қонунда васиятномаларни тасдиқлаш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахсларнинг аниқ рўйхати берилган. Шу билан бирга, қандай ҳолатларда уни амалга оширишга рухсат берилиши ҳам аниқ белгиланган.Бу қоидани кенг талқин этишга йўл қўйилмайди. Қонунда назарда тутилган мансабдор шахслардан бошқа ҳеч ким васиятномани гувоҳлантиришга ҳақли эмас. Васиятномани тасдиқлаш ҳуқуқи берилган мансабдор шахснинг шахсан ўзи васият қолдирувчининг шахсини аниқлаши, унинг муомала лаёқатига эга эканлигини, васиятнома ҳақиқатдан ҳам васият қолдирувчининг ўз қўли билан ёзилиб, имзо қилинганлигини аниқлаб, шунга ишонч ҳосил қилиши шарт, шундан кейингина васиятномани тасдиқлаши мумкин. Мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалардан битта нусхаси васият қилувчи доимий яшайдиган жойдаги давлат нотариал идорасига сақлаш учун кечиктирилмай юборилиши шарт. Давлат нотариал идорасининг нотариуси сақлаш учун келиб тушган васиятномани текшириб, унинг шакл ва тартиб жиҳатидан қонунга мувофиқ тузилганлигини аниқлайди, номувофиқлиги аниқланганда, бу ҳақда васият қилувчига ва васиятномани тасдиқлаган мансабдор шахсга хабар қилиши керак. Амалиётда бундай васиятномалар васият қилувчи томонидан бевосита вафоти олдидан тузилган бўлади. Низо чиққанда уларнинг ҳақиқийлиги фақат мерос очилгандан кейин суд томонидан ҳал қилинади.
ФКнинг 1126-моддаси ва “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддаси қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:
касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлар, шунингдек, госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалар;
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
қидирув экспедициялари ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг ана шу экспедиция бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
ҳарбий хизматчиларнинг, нотариус бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
озодликдан маҳрум қилиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалар;
нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган фуқароларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.
Юқорида кўрсатилган шахслар томонидан тасдиқланган васиятномаларни кейинчалик нотариал тасдиқлаш шарт эмас, лекин уларни тасдиқловчи мансабдор шахслар нотариал тасдиқланган васиятнома шаклига қўйилган талабаларга риоя қилиши лозим.
Васиятнома унинг мазмуни уни тасдиқловчилар томонидан танишиб чиқилган ёки танишиб чиқилмаганлигига қараб оддий ва махфий васиятнома турларига ажратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |