ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
А.А.ОМОНОВ, Т.М.ҚОРАЛИЕВ
ПУЛ, КРЕДИТ ВА БАНКЛАР
ДАРСЛИК
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Банк иши” таълим йўналиши талабалари учун дарслик сифатида тавсия этилган
ТОШКЕНТ – 2012
ПУЛ, КРЕДИТ ВА БАНКЛАР
дарслик
Масъул муҳаррирлар:
и.ф.д., профессор – А.В.Вахабов
и.ф.н., доцент – Э.Ф.Гадоев
Тақризчилар:
О.Ҳ.Ҳамраев – и.ф.д., профессор
Т.И.Бобоқулов – и.ф.д., доцент
С.Х.Норқобилов – и.ф.н., доцент
Пул, кредит ва банклар: “Банк иши” таълим йўналиши талабалари учун дарслик. А.А.Омонов, Т.М.Қоралиев.Солиқ академияси, Тошкент молия институти –Тошкент: “..... ...........” 2012. 388 б.
Дарслик Ўзбекистонда узлуксиз таълимнинг Давлат таълим стандартларининг қоидаларига мувофиқ тайёрланган бўлиб, таълимнинг “Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ” билим соҳаси бўйича “Пул, кредит ва банклар” фанининг намунавий дастуридаги бўлимларини қамраб олган.
Дарсликда пул, кредит ва банкларнинг вужудга келиши, ривожланиши ва такомиллашув жараёнининг назарий жиҳатлари, шунингдек, халқаро молиявий ташкилотларнинг ташкил топиши, вазифа ва мақсадлари қисқа, аниқ ва равон тилда ёзилган.
Китобда Ўзбекистон пул ва банк тизимининг ташкил этилиши ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро молиявий институтлар билан амалга ошираётган ўзаро иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор берилган.
Дарслик иқтисодиёт йўналишидаги талабалар ва ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, банк ва молия соҳасидаги мутахассислар учун мўлжалланган.
КИРИШ
Замонавий бозор иқтисодиёти шароитда товар ишлаб чиқариш ва айирбошлаш муносабатлари пул, кредит ва банкларнинг иштирокисиз амалга ошмаслиги барчамизга маълум. Шунингдек, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай фаолиятнинг асосий мақсади фойда олишга қаратилган бўлиб, ушбу фаолиятнинг асосини ҳам пул, кредит ва банк тизими билан боғлиқ қатор муносабатлар ташкил этади. Бу ўз – ўзидан, кейинги йилларда, мамлакатимиз ўқув юртларида иқтисодчи мутахассисларни тайёрлашда “Пул, кредит ва банклар” курсининг аҳамиятини кескин оширмоқда.
Эътироф этиш жоиз, мамлакатимизнинг иқтисодиёт ва молия йўналишидаги олий ўқув юртлари профессор – ўқитувчилари томонидан “Пул, кредит ва банклар” ўқув курси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр этилган. Бироқ, шунга қарамасдан, ушбу дарслик ва ўқув қўлланмалар мавжуд талабни тўлиқ ва самарали қондириш имкониятини бермаяпти. Бунинг қатор сабаблари мавжуд бўлиб, фикримизча уларнинг асосийлари қуйидагилар бўлиши мумкин:
– биринчидан, миллий таълим стандартлари бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларга қўйилаётган талаб ва қоидалар такомиллашиб бормоқда. Хусусан, улар қисқа, мазмунли ва ўқувчига тушунарли тилда ёзилиши лозим;
– иккинчидан, жаҳон ва мамлакатимиз иқтисодиётида юз бераётган ижтимоий – иқтисодий жараёнлар мавжуд дарслик ва ўқув қўлланмаларни доимий равишда янгилаб ва такомиллаштириб боришни талаб этмоқда;
– учинчидан, интернет ва электрон тизимнинг ривожланиб бораётганлиги туфайли талабаларга тақдим этилаётган дарслик ва ўқув қўлланмалар рақобатбардош бўлиши, уларни ўзига жалб қила оладиган хусусиятларга эга бўлиши лозим.
Мазкур дарслик, юқорида қайд этилган талаб ва тартибларни инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистонда Давлат таълимининг “Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ” билим соҳасининг “Банк иши”, “Бизнесни бошқариш”, “Молия”, “Солиқлар ва солиққа тортиш” ва бошқа йўналишлари бўйича қўйилган талаблари доирасида тайёрланган. Буни дарсликнинг “Пул, кредит ва банклар” фанининг намунавий дастуридаги барча бўлимларини қамраб олганлигида ҳам кўриш мумкин.
Дарслик таркибий тузилиши жиҳатидан тўртта бўлим ва 17 бобдан иборат бўлиб, ҳар – бир бобдан сўнг ўқувчининг билимини мустаҳкамлаш мақсадида бобларнинг мавзуларига оид саволлар ва тестлар мажмуи келтирилган.
Биринчи бўлим “Пул”га бағишланган. Бўлим 8 та бобдан иборат бўлиб, унда пулнинг вужудга келиши, пул тизими, пул назарияси ва пул муомаласи ҳамда инфляциянинг ижтимоий – иқтисодий оқибатлари атрофлича ёритилган. Ушбу бўлимнинг ўзига хос бўлган жиҳатларидан бири шундаки, унда мамлакатимиз ҳудудида танга ва қоғоз пулларнинг вужудга келиши ва амал қилиши, шунингдек, Ўзбекистон пул тизимининг ташкил топиш ва ривожланиш жараёнларига алоҳида ўрин берилган.
Иккинчи бўлим “Кредит”га бағишланган бўлиб, бўлимда кредитнинг иқтисодий категория сифатида вужудга келиш сабаблари, унинг шакллари ва турлари ўрганилган. Шунингдек, кредитнинг иқтисодиётда тутган ўрни ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги аҳамияти алоҳида ёритилган.
Учинчи бўлим “Банклар”га бағишланган. Бўлим ўз таркибига бешта бобни олган. Жумладан, бўлимнинг ўнинчи бобида банкларнинг вужудга келиши, функциялари ва иқтисодиётдаги роли масалаларига эътибор қаратилган бўлса, ўн биринчи ва ўн иккинчи бобларида мамлакатимиз банк тизимининг ташкил топиш босқичлари, Марказий ва тижорат банкларининг ўзига хос жиҳатлари атрофлича баён этилган. Шунингдек, ушбу бўлимда АҚШ ва Буюк Британия мамлакталари банк тизимининг ташкил топиши ва ривожланиши ҳамда мамлакатимизда нобанк кредит муассасаларининг фаолияти баён этилган.
Тўртинчи бўлимда халқаро валюта муносабатлари ва ҳисоб – китоблари, тўлов балансининг тузилиши ва аҳмияти, халқаро молиявий ташкилотларнинг ташкил топишининг мақсад ва вазифалари, улар билан мамлакатимиз томонидан олиб борилаётган ишларнинг мазмун – моҳияти баён этилган.
Дарсликнинг “Пул муомаласи ва пул массаси” номли 4 – бобини и.ф.н., доцент М.Д.Марпатов тайёрлаган, “Валюта тизимининг ривожланиш босқичлари” номли 15.2 – параграфи – тадқиқотчи М.У.Ахмедов, қолган барча бўлим, боб ва параграфлар и.ф.д. А.А.Омонов ва и.ф.н., проф. Т.М.Қоралиев томонидан тайёрланган.
Халқаро иқтисодий доирада, шунингдек, Ўзбекистон молия – кредит тизимида рўй бераётган жадал ижтимоий – иқтисодий жараёнлар қатор соҳа ва тармоқларда бўлгани сингари таълим тизими олдига, хусусан, дарслик ва ва ўқув қўлланмалар таёрлашнинг таркиби ва мазмунига жиддий талабларни қўймоқда. Шу жиҳатдан, муаллифлар “Пул, кредит ва банклар” дарслигини вақти – вақти билан халқаро доирада ва Ўзбекистонда рўй бераётган ижтимоий – иқтисодий жараёнлар асосида назарий – амалий жиҳатдан бойитиб боришни ўз олдига мақсад қилиб, унинг ушбу нашрини “биринчи нашри” сифатида ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |