www.ziyouz.com kutubxonasi
83
Англия разведкасига сотилганини нега яширдинг?
Лола кўзлари ола-кула бўлиб, нуқул талпинар, аммо қайнотасининг чайир чангалидан чиқиб
кетолмасди.
— Дада! — деди бир маҳал чинқириб. — Ойим ўляптилар, дада!
Шундагина Комиссар чангак бўлиб қолган бармоқларини келинининг ёқасидан бўшатди.
Иштончан Ҳасан-Ҳусанлар ётоқ эшигидан мўралаб турар, негадир иккаласи ҳам илжаяр эди.
Назира йўлакда узала тушиб ётар, юзи қордек оппоқ, қимир этмасди. Назарида хотини
маккорлик қилаётгандек туюлди.
— Тур, — деди хотинининг елкасига нуқиб. — Тур, алвасти! Бу ҳайвонларни сен туққансан!
Уларни менга қарши сен Қайрагансан!
Ажаб! Назира қилт этмади. Комиссар энкайиб хотинининг юзига кафтини босди.
Назиранинг юзи муздек эди. Худди музлатгичдаги гўштдек... Қўрқув ичида қўлини тортиб
олди.
— Чақир! — деди бақириб. — Скорий чақир! Тезроқ! Лола нариги хонага, телефонга
югурди. Комиссар хотинининг ёнига мук тушди.
— Назира! — деди елкасидан силкитиб. — Онаси! Кўзингни оч, онаси!
Комиссар кўп ўлимларни кўрган, аммо инсон боласи бу қадар тез, бу қадар осон ўлиши
мумкинлигига ақли етмасди. Назира ҳаётида ҳеч ким билан олишишни истамагани каби ўлимда
ҳам ажал билан тортишиб ўтиргиси келмагандек осойишта ётар, лабларида аламли табассум
қотиб қолган, гўё охир-оқибат бу азоблардан қутулганига шукр қилгандек, сен билан ўтган
умримга ҳам, дунёнинг ишларига ҳам пушаймонман, деб маъюс кулаётгандек эди...
— Назира... — Комиссар ўкраб йиғлаб юборди. — Ташлаб кетма мени, Назира!..
Бу — унинг умрида биринчи ва охирги марта йиғлаши эди...
* * *
Бирпасда тумонат одам йиғилди. Маузер билан Гулнора тўрт яшар ўғилчасини етаклаб
келишди. (Комиссар неварасининг оти Алишер эканини энди билди.) Хотин-халаж, тўн кийган,
салла ўраган чоллар, Маузернинг ҳамкасблари бўлса керак, оёғи олти, қўли етти бўлиб
югургилаган ёш-яланглар тўпланди. Комиссар эшик тагида гарангсиб турар, кўнгил
сўраганларга нима деб жавоб қилишини билмас, шунчаки, бош силкиб қўя қолар, нуқул атрофга
аланглар эди. Ким булар? Уни қаёқдан танишади? Нега бунчалик меҳрибонлик қилади
ҳаммаси!
...Тобутни олиб кетишаётганида Лола айниқса кўп гирён қилди:
— Онасиз ўсгандим, ойижон! Энди онали бўлдим, дегандим, ойижон!
...Комиссар уч кун эшик тагига харрак қўйиб ўтиришга мажбур бўлди. Тўн кийиб, бел
боғламаса ҳам ҳар қалай бошига дўппи кийди.
...Учинчи куни кечқурун Маузер дадасини юпатди:
— Сиқилманг, дада. Бизникига бориб тураверасиз. Мен бор, неварангиз бор...
Комиссарнинг кўнгли юмшаш ўрнига адоватга ўхшаган нарса уйғонди. «Шуни кутиб юрган
экансан-да, кўрнамак. Сеникига бораманми? Сеникига-я?!»
Кизиқ, Лола бир ой ичида лабларининг икки чети тиришиб қаримсиқ бўлиб қолди. Назарида
ўзи ҳам арвоҳга айланиб қолгандек эди. У хонага киради-чиқади. Бу хонага киради-чиқади...
Лола у билан гаплашмасди. Гўё рўй берган қўшалоқ фалокат учун қайнотаси айбдордек.
Комиссар ўйлаб қараса, умрида биронта улфатга қўшилмабди. Биронта жонкуяр дўст
орттирмабди. У ёқда Мэлс масаласида жони ҳалак. Қачон чақириб қоларкин, деб юрагини
ҳовучлайди. Йўқ... Уни тинч қўйишди. Персональний пенсиясини ойма-ой олиб туради. Ҳеч
ким изидан кузатмайди. фақат сиқилади. Ошхонага кирадими, ваннахонагами, рўпарасидан
Назира чиқиб келаётгандек бўлаверади. Бу ёқда келиннинг зардаси...
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |