Декабрь ойининг ўттиз биринчи куни
Пост командири қисмга бориб келишни буюрди. «Точка»га хат-хабарлар, янги йил
дастурхонига ўзимизга яраша ноз-неъматлар олиб келиш керак экан. Шиндон томон кетаётган
колоннадаги БМПга чиқиб олдим. Постларнинг ораси йигирма-йигирма беш чақирим. Қор
учқунлаб турар, совуқ эди. Қанча юрганимизни билмайман. Бир маҳал карвон тўхтаб қолди.
Мен ўтирган БМП карвоннинг олдироғида эди. Нима гап бўлганини билолмай машинадан
тушдим. Ўша томон юрган эдим, карвоннинг энг бошидаги танкдан эллик қадамча олдинда
турган БТРни кўрдим. Ҳайрон бўлиб, яқин бордим. БТР томондан кимдир зарда билан бақирди:
— ...еб ғўдайиб турибсанми, ёт!
БТР орқасида қорга дум тушиб ётган капитанга кўзим тушди.
— Ёт, аҳмоқ!—деди капитан ўдағайлаб.
Беихтиёр ўзимни панага олиб, қорга узала тушиб ётдим.
Шундагина йўл устида ғимирлаётган уч нафар солдат, уларнинг атрофида ғингшиб
айланаётган овчарка итга эътибор бердим. Хаёлимга ўқдек хатарли фикр келди. «Мина бор
экан!» Шунча пайтдан бери йўллар тинч эди. Бундан чиқди, «дух»лар шўравийларга «байрам
совғаси» қилишни яхши кўради, деганлари тўғри экан.
Сапёрлар шошилмай ҳаракат қилар, кўринишидан осойишта эди. Иккитаси чўнқайиб
ўтирибди. Биттаси — шуф ушлагани тик турибди. Ҳаммасининг ранги ўчиб кетганини,
чўнқайиб ўтирганлар дам-бадам пешонасидан оқаётган терни билаги билан сидириб
ташлаётганини кейин пайқадим.
— Ўртоқ капитан, — деди чўнқайиб ўтирганлардан бири минадан кўз узмай. —
«Итальянка!»
— Зарарсизлантир! — БТР панасида ётган капитан бўйнини ичига тортиб буюрди: —
Зарарсизлантир!
Сапёрлар анча уринди. Атроф сокин, қор учқунлари юзимга урилаётганини аниқ эшитиб
тургандек эдим. Ниҳоят, сапёр энгашган кўйи дадамнинг «Нива»сидаги ҳаво фильтрига
ўхшаган, япасқи кастрюлькадек нарсани чуқурдан тортиб ола бошлади.
Тўсатган гумбурлаган овоз еру кўкни ларзага солди. Тик турган сапёр билан ит бир томонга,
энгашиб ўтирганлар бошқа томонга учиб кетди.
Жонҳолатда югуриб бордим. Алланимага қоқилиб кетдим. Қарасам, қор устида қўл ётибди...
Қўл билақдан чўрт узилиб кетган, қон оқаётган гўшт орасидан оппоқ суяк туртиб чиқиб турар,
бармоқлар эса, нуқул қорни чангаллаб ғимирлар эди. Даҳшат ичида ўзимни орқага ташладим.
Оёғим остида одам боши думалаб ётарди. Кўзлари ола-кула, тилини ғарчча тишлаб олган... Бир
қаричча сарғимтир кекиртак ҳамон нафас олаётгандек қорда биланглайди... Қандайдир ёвуз,
бешафқат қўл шўрлик каллани кекиртаги билан узиб олгану улоқтириб юборгандек. Чучмал қон
иси димоғимни ёриб юборгудек бўдди.
Кўз ўнгим қоронғилашиб, чўккалаб қолдим. Кўнглим ағдарилар, лекин қуса олмасдим.
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |