О3 = (С - О1 - О2 - Пп - Н2) х К2 Бунда:
О3 - учинчи йил учун пудрат ишлари қиймати;
C - объектнинг танлов савдолари (тендер) натижалари бўйича аниқланган жорий нархлардаги қиймати;
O1 ва О2 - ишларни бажариш жадвалига мувофиқ қурилишнинг биринчи ва иккинчи йиллари учун пудрат ишлари ҳажмининг жорий нархлардаги қиймати;
Пп - ишларни бажариш жадвалига мувофиқ кейинги йиллар учун ишлар қиймати;
Н2 - қурилишнинг иккинчи йилида буюртмачининг олдиндан берилган аванси;
К2 - пудрат шартномаси (контракт) тузилган вақтда белгиланган объектнинг қийматига нисбатан ҳисоблаб чиқиладиган объект қурилишининг учинчи йили учун шартномавий нарх ўзгаришини ҳисобга олувчи коэффициент.
Қурилишнинг кейинги йиллари учун объект қурилиш қиймати ҳам шу тартибда аниқланади.
К коэффициентни - қурилишнинг иккинчи йили (ва кейинги йиллари) учун шартномавий нарх ўзгаришини аниқлаш буюртмачи ва пудратчи билан биргаликда қуйидаги асосий нарх шакллантирувчи компонентлар асосида аниқланади:
а) меҳнат харажатлари (энг кам ойлик иш ҳақининг ўзгариши);
б) электр энергияси ("Ўзбекэнерго" компанияси);
в) ёнилғи-мойлаш материаллари ("Ўзбекнефтгаз" компанияси);
г) металл ("Ўзметкомбинат" бирлашмаси);
д) цемент (цемент заводлари);
е) қум (завод-карьерлар);
ж) йиғма темир-бетон буюмлари (тайёрловчи заводлар);
з) ёғоч-тахта материаллар (биржа нархлари);
и) ғишт (тайёрловчи заводлар) ва бошқа компонентлар.
Бунда компонентлар ва асосий қурилиш материалларининг турлари ҳар бир муайян объект бўйича, пудрат шартномаси (контракт) тузилган пайтдаги объектни қуриш қийматининг камида 70 фоизини ташкил этадиган асосий нарх шакллантирувчи компонентларни ҳисобга олган ҳолда танланади.
Аниқланган пудрат ишлари (хизматлар) қиймати ушбу қурилиш объекти бўйича танлов савдолари (тендер) ўтказган танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси объектлар марказлаштирилган манбалар (давлат капитал қўйилмалари) ҳисобига қурилганда иккинчи йилга (ва кейинги йилларга) қурилишнинг шартномавий жорий нархи аниқлаштирилиши устидан доимий мониторингни амалга оширадилар. (ЎзР ВМ 12.08.2005 й. 196-сон Қарори тахриридаги банд)
Объект қурилишининг кейинги йиллари учун шартномавий нархлар тўғри аниқланиши учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ пудрат шартномаси (контракт) тузган буюртмачи билан пудратчи ташкилотлар зиммасига юкланади.
Ўзаро ҳисоб-китоб қилишда нархни шакллантирувчи асосий омиллар ва бошқа ҳисоблаб чиқиладиган кўрсаткичлар асоссиз қўлланилиши натижасида иккинчи йилга ва кейинги йилларга объектлар қурилиши қиймати ошириб юборилиши ҳоллари аниқланган тақдирда ошириб юборилган сумма қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда республика бюджетида тикланади.