Аҳоли ва меҳнат ресурслари. Наманган вилояти аҳолиси 1989-2001 йилларда 133 фоизга ёки ўртача ҳар йили 2,50 фоизга кўпайиб борган. Бу жиҳатдан у Республикамизда аҳолиси нисбатан тез ўсиб бораётган Сурхондарё, қашқадарё, Хоразм вилоятлари қаторига киради (Ўзбекистонда ўртача кўпайиш 1,95 фоизга тенг).
Аммо бу вилоятда ҳам демографик ўсиш бироз пасайиб бормоқда. Масалан, 2000 йилда Наманган вилоятининг аҳолиси 25 минг кишига ёки 1999 йилга нисбатан 1,70 фоизга кўпайган.
Наманган вилоятида аҳолининг зичлиги ўртача 1км2 га 263 кишини ташкил қилади. Бу рақам қўшни Фарғона ва айниқса Андижон вилоятига қараганда бироз пастроқ бўлсада, у республика кўрсаткичидан 5 марта кўпдир.
Вилоят ҳудудида аҳоли зичлиги ҳар хил. Масалан, у Наманган шаҳрига бевосита яқин, суғорма деҳқончилик яхши ривожланган туманларда (Уйчи, Тўрақўрғон, Наманган) 520-620 кишига етади. Ваҳоланки, майдони бўйича энг катта Поп туманида (унинг ҳудуди вилоятга нисбатан 39,1 фоизни ташкил этади) зичлик атиги 52 киши, холос. Бу эса бутун Фарғона иқтисодий районида энг кичик кўрсаткичдир. Шунингдек, янги ўзлаштирилган Мингбулоқ туманида ҳам аҳоли жойлашуви унча зич эмас-115 киши ва бу жиҳатдан у қўшни Андижон вилоятининг Улуғнор, Бўз туманларига ўхшаб кетади.
Демак, вилоят туманларининг демографик сиғими бирбиридан анча фарқ қилади. Бундай ҳолат асосан сув ресурсларининг ҳудудий шаклланишига боғлиқ бўлиб, у ўз навбатида ижтимоийиқтисодий ривожланишнинг минтақавий хусусиятларига ҳам таъсир кўрсатади.
Вилоят аҳолисининг нисбатан юқори суръатларда ўсишига унинг табиий ҳаракати сабабчидир. Чунончи, 2001 йилда туғилиш 20,7 промилле, ўлим 4,7 ва табиий кўпайиш 16,0 промиллега тенг бўлган (1999 йилда бу кўрсаткичлар юқоридагиларга мос равишда 23,1, 4,9 ва 18,2 промиллени ташкил этган). Айни вақтда табиий ҳаракат даражаси туманлар доирасида катта фарқ қилмайди.
Миграция жараёнининг аҳоли ўсишига таъсири айтарлича эмас; шаҳар жойларида унинг натижаси вилоят учун ўртача минус 1500, 1900 кишига баробар, қишлоқларда эса келганлар билан кетганлар сони деярли тенглашиб бормоқда.
Гарчи саноат ривожланиши Наманган вилоятида унча юқори бўлмасада, бу ерда урбанизация кўрсаткичи Андижон ва Фарғона вилоятларига қараганда каттароқ бўлиб, у Республика даражасига тенг (37,5 фоиз). Вилоят маркази-Наманган, аҳолиси кейинги 20 йилда жуда тез суръатлар билан кўпайди. Масалан, 1979 йилда бу ерда 226,6 минг ва 1989 йилда 304,2 минг киши яшаган бўлса, 2001 йилда шаҳарнинг аҳолиси 390 мингдан ошиб кетди. Ана шу йиллар давомида Наманган, Андижон ва, ҳатто Самарқанддан ўзиб кетиб, Ўзбекистоннинг аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳрига айланди. Таққослаш учун ана шу йилларда Андижон аҳолиси 229,7; 290,5 ва 336,7 минг, Самарқандники-338,6; 364,0 ва 361,1 минг кишини ташкил қилган.
Аммо Наманган вилоятида унинг маъмурий маркази яккаюягона катта шаҳар; иккинчи шаҳар-Чустда 61 минг ёки Намангандан 6,5 марта кам аҳоли яшайди. Булардан ташқари, Чортоқ (46 минг) ва Косонсой (41 минг) ҳам анча кўзга ташланади; Поп, Тўрақўрғон, Ҳаққулобод ва Учқўрғоннинг ҳар бирида 20-30 мингдан аҳоли бор; энг кичик шаҳарча Чоркесар ва Навбаҳор (Поп тумани) бўлиб, уларга 1,4 минг кишидан аҳоли тўғри келади. Шаҳар манзилгоҳларининг бундай турланиши вилоят иқтисодиётининг ҳудудий таркиби ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг хусусиятларига мос келади.
Вилоятда меҳнатга лаёқатли ёшдагилар 950 мингга яқин, шундан 64,9 фоизи мулкчиликнинг турли шаклларида банд; 2000 йилда меҳнат биржаларида 2920 киши ишсиз мақомида рўйхатга олинган. Бу ерда ҳам, иқтисодий районнинг бошқа вилоятлари каби, аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш муҳим муаммо ҳисобланади. Бир йилда ташкил этилган янги иш ўринлари 1,4 марта ортган ва 34,9 мингни ташкил этган.
Do'stlaringiz bilan baham: |