12. Сейсмоқидиришда портлатиш ишларини олиб боришнинг хусусиятлари § 310. Иш жараёнида портлатиш пункти станциясида фақат портлатиш ишлари ходимлари, транспорт воситаси ҳайдовчиси ва портлатиш ишларини бажариш юзасидан назоратни амалга оширувчи шахсларни туришларига рухсат этилади.
§ 311. Алоқани таъминлаш ва синхронлаш тизими ишлатиш учун портлатиш ишларида фойдаланиладиган радиостанцияларни портлатиш пункти станциясида автомобиль кузовининг махсус изоляцияланган бўлмасига ёки кабинасига ўрнатишга рухсат этилади. Бу бўлмада электродетонаторларни ташиш ва сақлаш, улар билан бирорта иш бажариш ман этилади.
§ 312. Зарядларни тайёрлаш ва қудуқларни зарядлаш пайтида хавфли зонада портлатиш пункти станциясини туришига рухсат этилади. Бунда портлатиш режимида ишлаш ман этилади.
§ 313. Радиостанция (портлатишни синхронлаш тизимининг дешифратори) ўрнатилган бўлмага электрпортлатиш магистралини киритишга, магистралнинг портлатиш пункти станцияси кузовида қолган қисми экранлаштирилган икки симли кабелдан тайёрланган ва экрани заминланган бўлса рухсат этилади.
§ 314. Аппаратга улайдиган махсус айриси (вилкаси) бўлмаган симларни портлатиш магистрали ва ёрдамчи магистраллар (оний магистрал, телефон алоқаси ва шу кабилар) учун ишлатиш тақиқланади. Айрилар хато улашга имкон бермайдиган ташқи кўриниши ёки маркаланиши билан ажралиб туриши керак.
§ 315. Пунктда портлатиш ишларини олиб бориш пайтида фақат битта электрпортлатиш магистралидан фойдаланишга рухсат этилади.
§ 316. Оний (бир матралик) магистрал ташқи томонидан электрпортлатиш магистралидан сезиларли даражада ажралиб туриши керак.
§ 317. Бардошли жинсларда бурғиланган ва тиқинланмасдан зарядланган қудуқлар то портлатишга қадар домий қўриқланиши керак.
§ 318. Шу операция хавфсизлигини таъминлайдиган қурилма билан жиҳозланмаган бурғилаш асбоби, хода ёки бошқа нарсадан фойдаланилган ҳолда, қудуқларга зарядларни тушириш ман этилади.
§ 319. Зарядни туширишдан олдин қудуқни шаблонлаштириш зарурияти лойиҳа билан белгиланади.
§ 320. Агар заряд қудуқ забойигача етмаса, унда уни чиқариб олиш керак. Зарядни чиқариб олишнинг иложи бўлмаган ҳолларда, у одатдаги тартибда портлатилиши керак.
§ 321. Якка қудуқларда зарядлар портлатилганда, портлатишдан кейин портлатувчининг қудуқ оғзига яқинлашиши лимитланмайди.
§ 322. Сейсмоқидириш ишларида портлатиш сейсмостанция операторлари билан келишувга кўра портлатиш ишлари раҳбари командаси бўйича бажарилади.
§ 323. Қайтишган зарядлар бўлган ёки қайтишган заряд портлатилгандан кейин қудуқларни қайта бўрғилаш ман этилади.
§ 324. Сув ҳавзалари, ҳар бир аниқ ҳолатдаги сейсмоқидириш ишларида қўлланиладиган ПАни рўйхати манфаатдор ташкилотлар ва “Саноатконтехназорат” ДИ органи билан келишилган махсус лойиҳа билан белгиланади.