6-БОБ. АСАБ ТИЗИМИНИНГ ЯЛЛИГЛАНИШ КАСАЛЛИКЛАРИ
6.1. Менингитлар.
Менингит - ўткир юқумли касаллик бўлиб, унда бош миянинг арахноидал ва юмшоқ пардаси зарарланади. Бактериялар, вируслар, баъзан замбуруғлар касаллик қўзғатувчилари ҳисобланади. Инфекция кириш дарвозаси бурун-ҳалқум ёки ичак бўлиб, у ердан қўзғатувчи гематоген йўл билан мия пардаларига тушади.
Кечишига қараб менингитларнинг ўткир, нимўткир ва сурункали турлари фарқланади. Мия пардаларининг яллиғланиш жараёнига ва орқа мия суюқлиги таркибига қараб, йирингли ва сероз (лимфоцитар) менингитлар тафовут қилинади
6.1.1. Ўткир менингитлар
6.1.1.1. Ўткир йирингли менингитлар.
Ўткир йирингли менингитни ҳар қандай патоген микрофлора келтириб чиқариши мумкин, лекин кўп ҳолларда менингококклар, пневмококклар ва гемофил таёқчалари сабаб бўлади.
М е н и н г о к о к к л и м е н и н г и т. Менингококкли инфекция ҳаво-томчи инфекциясига киради. Бемор ёки соғлом ташувчи касаллик манбаи ҳисобланади. Касаллик спорадик кечади, баъзан кичик эпидемиялар кузатилади. Ҳар қандай ёшдаги одам касалликка чалиниши мумкин.
П а т о г е н е з: Менингококкли менингит қўзғатувчиси юқори нафас йўлларига тушиб, назофарингит чақиради. Сўнгра қўзғатувчи қонга тушади. Менингококцемияда танага ўзига хос геморрагик тошмалар тошади.
П а т о м о р ф о л о г и я. Бош миянинг паутин ва юмшоқ пардалари қизаради, шишади. Паутин парда остига йиринг йиғилади. Мия паренхимасида кичик геморрагиялар аниқланиши мумкин.
К л и н и к а. Менингококкли менингитнинг яширин (инкубацион) даври 5-10 кун. Касаллик бирданига ривожланади: беморнинг боши қаттиқ оғриб, қусади, ёруғликдан қўрқади, тана ҳарорати 38-400 С гача кўтарилади, эс-ҳуши сақланган, лекин оғир турларида ҳуши йўқотилиши мумкин, психомотор қўзғалиш ривожланиб, сопорга ўтиши мумкин. Клиник неврологик текширувда менингеал синдром: энса мушаклари ригидлиги, Керниг, Брудзинский сигмптомлари кузатилади. Ўчоқли неврологик бузилишлар кузатилмайди, лекин баъзи ҳолларда кўзни ҳаракатлантирувчи ёки бошқа бош мия нервлари зарарланиши мумкин.
Қонда (нейтрофил лейкоцитоз ва ЭЧТ тезлашади) ва орқа мия суюқлигидаги ўзгаришлар (суюқлик хира, цитоз 1 мм3 да 10000 ҳужайрагача, асосан, нейтрофиллар) хос. Ҳужайраларда менингококкларни аниқлаш мумкин. Оқсил миқдори 10-15 г/л гача ошади, глюкоза миқдори камаяди. Касаллик давомийлиги 2 ҳафтадан 6 ҳафтагача. Менингококкли менингитнинг оғир турларида зотилжам ёки перикардит кўринишидаги асоратлар бўлиши мумкин. Касалликнинг кескин токсик турларида эндотоксик шок, кома ҳолати ривожланиши мумкин ва бемор нобуд бўлади. Ўз вақтида тўғри ўтказилган даво натижасида кўпгина беморлар тузалади.
Д а в о л а ш. Ўткир йирингли менингитларни даволаш учун пенициллин 200000 - 300000 ТБ/кг миқдорида (18000000 - 24000000 ТБ кунига, баъзан кўпроқ ҳам) қўлланилади. Ампициллинни кунига 12-15 г миқдорда тайинлаш мумкин. Антибиотиклар мушак орасига ёки венага юборилади. Антибиотик терапия курси давомлилиги беморнинг аҳволига ва орқа мия суюқлиги санацияси суръатига боғлиқ. Тана ҳарорати тушганда ва орқа мия суюқлигида цитоз 1 мм3 да 100 ҳужайрагача, кўпроқ лимфоцитлар камайганда антибиотикларни бекор қилиш мумкин.
Антибиотик терапия билан бирга симптоматик даво ўтказилади, у сув - электролит мувозанатини ушлаб туришга, мия шишини ва менингитдан бошқа оғир асоратларни олдини олишга қаратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |