98. Кариб инқирози ва халқаро муносабатлар.
Кариб инқирози ва халқаро муносабатлар.
Кубанинг АҚШ таъсир доирасидан чиқиши ва Фидель Кастро ҳукумати бошчилигидаги инқилобий ўзгаришлар АҚШ маъмуриятига берилган навбатдаги қақшатқич зарба бўлди. АҚШ маъмурияти Кубага қарши жазо чораларини қўллади. 1961 йил январь ойида АҚШ Куба билан дипломатик алоқаларини узди, Кубага нисбатан иқтисодий бойкот эълон қилинди. Аммо АҚШнинг бу жазолаш учун қўллаган чора-тадбирлари ҳеч қандай натижа бермади, чунки собиқ СССР Кубага иқтисодий ёрдам кўрсата бошлади. Шундан сўнг АҚШ маъмурияти Ф.Кастро ҳукуматини ағдаришга қарор қилди. АҚШнинг Марказий бошқарув разведкаси режасига кўра, АҚШдаги 1500 кубалик муҳожир Куба оролига жўнатилиши ва улар кубаликларнинг исён кўтаришлари учун замин ҳозирлашлари керак эди. Бироқ кубаликлар Ф. Кастро атрофида жипслашиб, Куба озодлигини ҳимоя қилдилар. АҚШнинг бу жазо чораси ҳам мағлубиятга учради, АҚШ томонидан юборилган кубалик муҳожирларнинг кўпчилиги ўлдирилди ва бир қисми асир олинди. Натижада, Фидель Кастронинг обрўси бутун Лотин Америкаси мамлакатларида ошиб кетди. АҚШ интервенцияси натижасида Куба ҳукумати СССРдан ҳарбий ёрдам сўради. СССР раҳбарияти Кубага ҳарбий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча чора-тадбирларни ишга солди, ҳатто, Кубага ўртача олисликда учириладиган 42та ракета ҳам берди. Бу ракеталарда каллакчалар мавжуд бўлиб, Куба ҳудудидан туриб, АҚШнинг исталган ҳудудига зарба бериш имконияти мавжуд эди. АҚШ президенти Жон Кеннеди Совет давлатининг раҳбари Никита Хрушчевдан Кубадаги ракеталарни олиб чиқиб кетишини сўради. Совет раҳбарияти АҚШ талабига рад жавобини берди. Ўз навбатида, АҚШ Куба қирғоқларига нисбатан блокада эълон қилди. Бу ҳодиса 1962 йил 26 октябрда юз берган бўлиб, ядровий уруш бошланиб кетишига бир баҳя қолди. Ҳар икки томон – АҚШ ва СССР раҳбарияти ўта эҳтиёткорлик билан олиб борилган музокаралар натижасида тегишли муросага эришдилар. 1962 йил АҚШ маъмурияти Туркия ҳудудидаги ракеталарни олиб чиқиб кетди, ўз навбатида, собиқ СССР ҳам ракеталарини Куба ҳудудидан олиб чиқди. Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати бундан кейин Кубага ҳужум қилмаслик масъулиятини ўз бўйнига олди. Ҳар икки тараф бу урушда ҳеч ким ғолиб бўлмаслиги ва янги жаҳон уруши инсоният цивилизациясини йўқ қилиб юбориши мумкинлигини яхши англаб етдилар. 1962 йилги Кариб инқирозининг ечими совуқ урушни бир оз юмшатди. 1963 йил июнь ойида Москва ва Вашингтон ўртасида доимий мулоқот учун алоқа ўрнатилди. Халқаро муносабатларда дунё миқёсида вужудга келган янги омиллар ҳар икки томон учун нисбатан ўзаро дахл қилмаслик позицияларини келтириб чиқарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |