1. Мантиқий фикрлашнинг омиллари, талаб ва мезонлари.
Глобаллашув ва ахборотлар кўлами ниҳоятда кенгайиб бораётган ҳозирги даврда ахборот босимининг кучлилиги ҳар биримиздан мазкур ахборотлардан ҳимояланишни, уларни тўғридан-тўғри қабул қилмасдан, танқидий ва креатив ёндашув асосида кўриб чиқишни ва мантиқий фикрлаш орқали муҳим ва фойдали бўлган маълумотларни ажратиб олишни талаб этади. Бу эса мантиқий фикрлаш жараёнида кечади.
Мантиқ – нафақат фикрлаш қобилияти, балки изчил ва тўғри мулоҳаза юритиш ҳамдир. Яъни инсонларнинг кундалик фаолиятида, муносабатларида тартибли, аниқ, асосли яъни мантиқий ўйлай олиши тушунилади.
Инсон тафаккури мантиқ қонунларидан қатъий назар ўзи мантиқий қонунларга бўйсунган равишда мавжуд бўлади. Кўпчилик имло қоидаларини билмаган ҳолда тўғри гапирганлари каби мантиқ қонунларини билмай ҳам тўғри фикрлайдилар. Лекин бундан мантиқнинг амалий аҳамияти йўқ деган хулоса келиб чиқмайди. Бу каби қараш тарафдорлари Гегелнинг “Ҳар ким физиология қонунларини билмай ҳам овқатни тўғри ҳазм қилганидек, мантиқ қонунларини билмай тўғри фикрлашлари мумкин1лиги тўғрисидаги фикрини келтиришади.
Фикрлаш – шахс билиш фаолияти жараёни бўлиб, воқеликни бевосита ва умумлашган ҳолда акс эттириш билан характерланади. Фикрлаш фанлараро тадқиқотларни, комплекс фанларни ўзида мужассамлаштиради. Фикрлаш инсонга ҳақиқат ҳодисалари ўртасидаги алоқаларни топиш имконини беради, лекин аниқланган боғлиқлик ҳақиқатдан вазиятнинг тўлиқ ҳолатини акс эттириши учун у объектив, тўғри ёки бошқача айтганда, мантиққа таянган, мантиқ қонунларига мос бўлиши керак.
Мантиқий фикрлаш – фикрлашнинг олий поғоналаридан бири бўлиб, изчиллик, кетма-кетлик асосида фикрларнинг боғланишини билдиради ва шахс ижодий фаоллигининг муҳим қиррасини ўзида акс эттиради.
Демак, мантиқий фикрлаш –инсон томонидан кўриб, эшитиб, билиб, ҳис қилиб ва англаб олинган борлиқ, воқелик ёки таассуротларнинг бошқалар учун ҳам тушунарли тарзда тафаккур этилишини англатади.
Мантиқийлик – тафаккурнинг ёзма ва оғзаки нутқда фикрлаш қонунларига амал қилиш жараёнидир. Бу жараёнда айният, зиддият, инкорни инкор ҳамда етарли асос қонунлари ўзаро уйғун ҳолда намоён бўлади. Айният қонуни ҳар бир нарса-ҳодисанинг айнан ўзига тенглигини, фикрда, сўзлашув ва матнларда такрор сўзларни тўғри қўллашни билдиради (А-Адир). Зиддият қонуни бир вақтнинг ўзида ҳар бир воқеа-ҳодисани зидди бўлмаслигини тақозо этади (А ҳам В, ҳам В эмас бўла олмайди). Инкорни инкор қонуни эса муайян шароитда воқеа-ҳодисалар айнан ўша ҳолатда бўлиши ёки бўлмаслигини англатади (“А В ёки В эмасдир”). Етарли асос қонунига келсак, ҳар бир нарса-ҳодисанинг реал асоси бўлгани каби, уларнинг инъикоси бўлган фикримиз ҳам асосланишини таъкидлайди (Агар В мавжуд бўлса, унинг асоси сифатида А ҳам мавжуд).
Do'stlaringiz bilan baham: |