15.2. Хоторн тадқиқотлари 1924 йилда АҚШнинг Хоторн шаҳридаги «Уэстерн электрик» компаниясига қарашли ташкилотлардан бирида Гарвард бизнес мактабининг бир гуруҳ олимлари томонидан тадқиқотлар ўтказила бошланди. Кейинчалик бу тадқиқотларга Э.Мейо раҳбарлик қилди.
Биринчи серия тажрибалар хона ёритилганлигининг ишлаб чикариш самарасига таъсири билан боғлиқ эди. Тажрибалар телефон аппаратлари йиғилаётган бир нечта цехларда ўтказилди. Тадқиқотчилар ишлаб чиқариш хоналаридаги ёруғлик нурини ўзгартира бошладилар. Уларнинг тахминларича хона кучлироқ ёритилиши билан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам ошиши керак эди. Лекин, тадқиқотлар натижаси ишлаб чиқариш унумдорлиги кўтарилиши ва хона ёруғлиги ўртасида тўғридан тўғри алоқа мавжуд эмаслигини кўрсатди. Тадқиқотчилар ишлаб чиқаришга таъсир этувчи бошқа омилларни ҳам аниқлаш ва бартараф этиш ниятида бўлдилар.
Тадқиқот эътиборида турган учта цехдан иккита гуруҳ тузилди ва бу гуруҳлар бир хил меҳнат натижаларига эга эдилар. Гуруҳлардан бирида хона ёруғлигини кўтардилар. Иккинчи гуруҳда эса ёруғлик аввалгидай қолаверди. Ўзаро мусобақа кайфияти уйғонмаслиги учун иккала гуруҳ турли биноларда жойлаштирилган эди. Бу сафар ишлаб чиқариш иккала гуруҳда ҳам сезиларли даражада ошди. Шунда тажриба ўтказилаётган гуруҳдаги ёруғлик сезиларли даражада камайтирилди. Лекин ишлаб чиқариш унумдорлиги иккала гуруҳда ҳам кўтарилиб борарди. Тажриба гуруҳи хонасининг ёруғлиги ҳатто ой нурига яқинлаштирилганда ҳам нисбатан юқори даржадаги ишлаб чиқариш самардорлиги сақланиб турарди.
Бундай ҳайрон қоларлик даражадаги натижалар ишлаб чиқаришга ёритишдан ҳам муҳимрок бошқа омиллар таъсир этиши ҳақида далолат берарди. Кейинги тадқиқотлар 1927 йилдан бошлаб Э.Мейо рахбарлигида ўтказила бошланди.
Ушбу тадқиқотни ўтказишдан мақсад ишлаб чиқариш самарадорлиги ўсишига таъсир этувчи омилларни аниқлашдан иборат бўлиб, изланиш ишлари бир неча босқични ўз ичига олди. Олти аёлдан иборат янги ишчилар гуруҳи танланди. Гуруҳнинг камсонлиги ишчиларни мунтазам ва батафсил кузатиш ниятида тузилган эди. Бу меҳнат жамоасида бир неча ой мобайнида иш шароитига таъсир этувчи турли омиллар синала бошланди. Тадқиқотчилар дам олиш танаффусларини киритдилар ва маълум вақт ўтгандан кейин уларни бекор қилдилар, меҳнат кунлари ва ҳафталарни кўпайтирдилар ва камайтирдилар, маош киритишга оид қоидаларни ўзгартириб бордилар ва ҳатто ходимларни назорат қилиш шаклларини ҳам ўзгартирдилар. Киритилаётган омилларнинг қандайлигидан қатъий назар ишлаб чиқариш самарадорлиги ошиб борарди. Натижада тадқиқотчилар ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсиши сабаби турли-туман мазмундаги тадбирларда эмас, балки ижтимоий психологик омилларда экан, деган хулосага келдилар. Хўш, жамоа ҳаётидаги бу ўзгаришларнинг психологик негизи нимадан иборат эди, деган саволга қуйидагича жавоб олинди.
Бошқалардан ажратиб олинган ишчи-қизлар қзларига диққат-эътибор сездилар. Улар муҳим ва қизиқарли тажрибада қатнашаётганликларини билардилар. Бу эса уларда бажараётган ишларидан фахрланиш ҳиссини уйғотди. Бундан ташқари, тажриба давомида бошқарув услуби бир мунча юмшоқроқ бўлди. Гуруҳдаги қизлар танаффус даврларини ўзлари ҳал эта бошладилар, уларни маъмуриятнинг баъзи бир расмий талабларига риоя этишдан озод қилишди. Ишчи қизларнинг гуруҳ ҳаётига оид масалаларни биргаликда муҳокама қилишлари жамоани янада аҳиллаштирди ва дўстлик муҳитини шакллантирди. Шундай қилиб, тадқиқот эътибори марказида бўлган қизларнинг меҳнат мотивацияси оддий шароитдаги ишчиларникидан фарқ қиларди.
Мейо меҳнат самарадорлигининг ошишини ходимнинг бирон гуруҳга мансублигини ҳис этиши ва ўзини жамоанинг муҳим аъзоси деб ҳисоблаши билан асослади. Бу билан ижтимоий эҳтиёжларнинг қанчалик муҳимлиги яна бир бор таъкидланарди.