Адаптацияни амалга ошириш. Бу янги ходимни янги лавозимга ва жамоада мавжуд шахслараро муносабатлар тизимига мослаштириш жараёнидир. Бу босқич доирасида янги ходимнинг фаол ҳаракат қилиши, ўз-ўзини турли жабҳаларда синаб кўришига имконият яратиш лозим. Ходимнинг эришаётган муваффақиятлари ҳақида маълумот йиғиб борилади ва фаолияти юзасидан унга зарур тавсиялар берилади.
Фаолият кўрсатиш. Шу босқичда адаптация жараёни тугайди ва ходим мустақил равишда ўз фаолиятини давом эттираверади. Бунда ходим унинг меҳнат фаолияти йуналишида юзага келаётган қийинчиликларни ўзи енгиб ўтиш кучига эга бўлади. Одатда, ходимнинг корхона талаб ва муҳитига қўпол мослашуви 1,5 – 5 йиллар атрофида амалга ошади. Адаптация жараёнига кўмак кўрсатиш шароитида эса бу жараён бир неча ойларда муваффақиятли ўтиши мумкин. Адаптация жараёнини бу тарзда қисқартириш ташкилот учун моддий жиҳатдан ҳам маълум даражада фойда беради. Айниқса бу кўрсаткич ташкилотга кўп янги ходимлар қабул қилинган шароитда ўз самарасини беради.
Янги ходим адаптация жараёнининг муваффақиятли ўтишида айниқса раҳбарнинг ўрни катта. Ходим ташкилот қадритяларини ўзлаштирар экан, ўз раҳбарини намуна сифатида кўради. Адаптация жараёниниг бошланғич пайтларида раҳбардан шахсан олинган йўриқнома ва тавсиялар ходимнинг эсида доимий сақланади. Янги ходим билан биринчи ҳафта давомида ва бир ойдан сўнг суҳбат ўтказиш жуда муҳимдир. Бунда ходим тўқнаш келаётган муаммолар ҳал этилади, керакли маслаҳатлар берилади ва ходимни руҳий қўллаб-қувватлаш амалга оширилади. Мана шундай тадбирлар орқали ходим ташкилотга хос хусусиятларни ўрганиб, ўзлаштириб боради.
13.2. Ташкилотда ходимларни ўқитиш
Ташкилотда таълим дастурлари. Раҳбар зиммасига юклатиладиган асосий вазифалардан бири – ходимларнинг касбий малакасини ошириш, янги технологияларга ва ишни ташкил этиш услубига ўргатишдан иборатдир. Тадқиқотлар орқали аниқланишича, бозор муносабатларини ривожлантиришдаги 80% тўсиқлар ташкилот ходимлари муаммолари билан боғлиқ экан. Бу муаммолар таркибига ходимнинг жорий этилаётган янгиликларга қаршилиги, қайта ўқишни ҳоҳламаслиги, янгича ишлашни истамаслик, ташкилот мақсадлари билан шахсий эҳтиёжларнинг ўзаро мос келмаслиги кабилар кириши мумкин. Шу муносабат билан, ҳатто янги ходим ишга қабул қилинганда, унга зарур меҳнат кўникмаларини шакллантириш ҳам бевосита раҳбар зиммасига юклатилади.
Аниқланишича, янги ходимнинг ташкилотга тез мослашиши кўп жиҳатдан у бажариши лозим бўлган вазифани қанчалик малакали тарзда бажаришга ўрганиши билан боғлиқ. Касбда эришилган муваффақият ходимнинг ўзига бўлган ишончини оширади ва унинг фаолияти ташкилот учун зарурлиги ҳиссини уйғотади. Шунинг учун янги ходимга у шуғулланиши лозим бўлган меҳнат жараёнини тез ва муваффақиятли ўргатиш, ташкилот ички таълим дастурининг асосий қисмидир.
Ташкилот миқёсидаги доимий тарзда амалга оширилувчи таълим тадбирлари бошқарув соҳасига тегишли бўлиб, раҳбарнинг замонавий бошқарув услубларидан нафақат хабардор бўлиши, балки бунга оид зарур кўникмаларни эгаллаши долзарб масаладир. Раҳбарлик маҳоратини шакллантириш фақатгина ходимлар билан бўлган муносабатларни бойитиш тақозоси бўлиб қолмай, балки ташкилотдаги раҳбар кадрларнинг мансабда ўсиши билан ҳам асосланади. Ташкилот миқёсида содир бўлувчи мансабдаги ўрин алмашишлар янги лавозимга келган раҳбарга бошқарув малакаларини ўргатиш заруриятини ҳам қўяди.
Шундай қилиб, ташкилотда юзага келаётган ҳар қандай ўзгариш ходимнинг бу шароитга тез мослашишини талаб қилади ва бундай вазиятда асосий енгиллаштирувчи омил сифатида таълим тадбирлари бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |