SAMARQAND DAVLAT CHET TILLAR INSTITUTI
Mavzu; Совет ҳокимиятининг Ўзбекистонда амалга оширган ижтимоий-сиёсий,
иқтисодий сиёсати.
Hamroqulova Farzona 111-guruh XTA ingliz tili-2
Қаршилик кўрсатиш ҳаракати мағлубиятга учрагандан сўнг совет давлати
Ўзбекистонда социалистик тузумни барпо қилишга киришди. 20-30-йиллар давомида
хусусий сектор деярли бутунлай тугатилди. Саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва
бошқа
тармоқлардаги
кўплаб
ишлаб-чиқариш
воситалари
давлат
ёки
колхоз-кооператив мулкига айлантирилди. Натижада давлат халқ хўжалигини
исталганча бошқариш имкониятига эга бўлди. Маъмуриятчилик, буйруқбозлик
иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий усулига айланди.
Урушдан олдинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган йирик ижтимоий
тадбирлардан бири – бу индустрлаштириш сиёсати бўлди. 20-йилларнинг ўрталарида
Ўзбекистон қолоқ аграр ўлка эди. Республика саноати унча катта бўлмаган пахта
тозалаш, ёғ-мой ишлаб чиқариш, консерва саноатидан иборат эди, ҳолос. Шу боисдан
республикамизда кўпдан-кўп саноат корхоналарининг барпо этилиши муҳим
ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга эди. Аммо Ўзбекистонда индустрлаштириш осон
кечмади.
Республика ишлаб чиқарувчи кучларининг етарли даражада ривожланмаганлиги,
миллий ишчилар синфи ва инженер-техник ходимларнинг озлиги, аҳолининг
саводхонлик даражасининг пастлиги – буларнинг ҳаммаси индустрлаштириш
жараёнида қўшимча қийинчиликлар туғдирди. Лекин бундан қатъи назар
халқимизнинг фидокорона меҳнати, Россия ва бошқа республикаларнинг қардошларча
ёрдами туфайли 1925-1940 йилларда Ўзбекистонимизнинг индустриал салохияти
беқиёс даражада ўсди. Янгидан-янги корхоналарнинг ишга туширилиши туфайли
республикамизда саноат маҳсулотининг ялпи хажми 1925-1928 йиллар давомида 55
фоизга, 1929-1932 йилларда 230 фоизга, 19ЗЗ-1937 йилларда 243,8 фоизга, 1938-1941
йилларда эса 132 фоизга ошди. Фарғона ва Тошкент тўқимачилик комбинатлари,
Самарқанд, Бухоро ва Марғилон пиллакашлик фабрикалари, Тошкент пойабзал
фабрикаси, "Тошсельмаш" заводи, Каттақўрғон мой-экстракт заводи ва кўплаб бошқа
корхоналар ўша даврда бунёд этилди.
Индустрлаштириш натижасида республикамизда ишчилар синфининг сони кескин
ошди. Иккинчи беш йилликнинг оҳирига келиб саноат ишчиларининг сони 130,5 минг
кишини ташкил этди, уларнинг 36,2 фоизи хотин-қизлардан иборат эди. Урушдан
олдинги даврдаёқ Ўзбекистон индустриал-аграр республикага айланди.
Халк хўжалигида саноат маҳсулотининг улуши 70 фоизни ташкил этди. Йирик
саноат корхоналари базасида Чирчиқ, Бекобод, Каттақўрғон, Янгийўл, Қувасой
сингари янги индустриал шаҳарлар қад кўтарди. Саноат билан бир қаторда энергетика,
темир йўл, сув ва автомобиль транспорти ҳамда алоқа воситалари ҳам ривожланди.
Буларнинг ҳаммаси республикамиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Шу билан
бирга индустрлаштириш чоғида маълум хатоликлар ва нуқсонларга ҳам йўл қўйилди.
Ўзбекистонда
амалга
оширилган
индустрлаштириш
сиёсатининг
мустамлакачилик моҳияти аввало шунда намоён бўлдики, республикамизда асосан
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган енгил ва озиқ-овқат саноати
корхоналари вужудга келтирилди. Оғир саноат, машинасозлик ва бошқа етакчи
тармоқларни ривожлаитиришга эътибор берилмади. Натижада Ўзбекистон
иқтисодий жиҳатдан марказга қарамлигича қолаверди. Иккинчидан, янги қурилаётган
саноат корхоналарини ишчи ва инженер-техник ходимлар билан таъминлаш
мақсадида Россиядан кўп кадрлар олиб келинди.
Маҳаллий миллат вакилларидан эса саноат кадрларини тайёрлашга етарли -
эътибор берилмади. Бундай нотўғри сиёсатнинг натижаcи шу бўлдики, 1937 йилда
республика ишчилар синфининг атиги 37 фоизи маҳаллий миллат вакилларидан,
қолган қисми эса русийзабон аҳоли вакилларидан иборат эди. Учинчидан,
индустлаштириш маъмурий-буйруқбозлик усуллари билан амалга оширилди. Саноат
корхоналари қурилиши учун қўшимча маблағларни излаб топиш мақсадида аҳоли
ўртасида мажбурий йўл билан заёмлар тарқатилди.
Саноат қурилишларига одамларни мажбурий равишда юбориш холлари ҳам рўй
берди, қурилишларда қатағон қилинган фуқароларнинг меҳнатидан ҳам кенг
фойдаланилди. Ниҳоят, саноат қурилишларида меҳнат ва турмуш шароити оғир эди.
20-йилларнинг охири ва 30-йилларда амалга оширилган йирик ижтимоий
тадбирлардан яна бири қишлоқ хўжалигининг коллективлаштирилиши эди. Умуман
олганда тарқоқ деҳқон хўжаликларини йирик хўжаликларга бирлаштирилиши ижобий
ходиса деб қараш мумкин. Лекин бу жараён деҳқонларнинг ўз хоҳиши билан,
ихтиёрий равишда амалга оширилиши керак. Амалда эса 1929 йилда мажбурий йўл
билан деҳқонларни колхозларга бирлаштириш бошланиб кетди.
Ёппасига коллективлаштириш даврида кооперациянинг турли шаклларига
барҳам берилиб, фақатгина колхозлар қолдирилди. Колхозларга ишлаб чиқариш
(таъминот, кредит, сотиш, матлубот, ишлаб чиқариш воситаларининг деярли барчаси)
умумий жамоа мулкига айлантирилар эди. Бу эса асрлар оша хусусий тарзда хўжалик
юргизиб келаётган деҳқонланинг норозилигини туғдирар эди. Колхоз тузиш
деҳқонларга тазйиқ ўтказиш, қонунчиликни бузиш шароитида кечди. Колхозга
киришни хоҳламаган деҳқонларни сайлов ҳуқуқидан маҳрум этиш, уларга янги тузум
душмани сифатида қараш одат тусига кирди. Коллективлаштириш жараёнида бадавлат
деҳқонлар табақасини тугатиш сиёсати олиб борилди. Уларнинг мол-мулки мусодара
қилиниб, ўзлари оила аъзолари билан бирга бошқа ўлкаларга кўчириб юборилар эди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бой деҳқон хўжаликларнинг асосий қисми
1926-1929 йилларда ер-сув ислоҳоти давридаёқ тугатилган эди. Оммавий
коллективлаштириш пайтида эса асосан ўзига тинч бўлган ўрта ҳол деҳқон
хўжаликлари "қулоқ"
қилинди. Товар маҳсулотнинг асосий қисмини етиштириб
берган бой ва ўрта ҳол деҳқонлар табақасини тугатиш иқтисодий нуқтаи назардан
мутлақо нотўғри сиёсат эди.
19З2 йилнинг апрел ойига қадар Ўзбекистондаги
деҳқон хўжаликларииинг 81,7 фоизи коллектив-лаштирилди. Уруш арафасида эса
деярли колхозга кирмаган деҳқон хўжалиги қолмади. Аммо коллективлаштириш
кутилган натижа бермади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш кескин
кўпаймади, колхозчиларнинг турмуш даражаси жуда паст эди. Колхозчилар арзимас
маош учун юракдан чиқариб меҳнат қилмас эдилар. Колхоз далаларида битта
хўжаликдан бир киши ишлар эди, қолганлар эса шахсий томарқаларида банд эдилар.
Натижада колхозларда сурункали равишда ишчи кучи етишмас эди. Ўша даврдаёқ
шаҳардан қишлоққа ёрдамчиларни олиб келиш бошланди. Бу ҳол айниқса урушдан
кейинги йилларда кенг расм бўлди.
Коллективлаштириш жараёнида чорвачилик айниқса катта зарар кўрди. Деҳқонлар
ўз уй хайвонларини колхозга бермаслик учун қисман сўйиб юбордилар. Натижада
йирик ва майда қорамолларнинг сони кескин камайиб кетади. Ёппасига
коллективлаштириш республикамиз қишлоқ хўжалигида пахта якка ҳокимлигининг
кучайишига шарт-шароит яратди. СССРнинг пахта мустақиллигини таъмин этиш
шиори остида пахта экин майдонлари муттасил кенгайиб борди. Тоталитар давлат
асоратига тушиб қолган колхозлар бунга қаршилик қилолмас эдилар 1932 йилга келиб
Ўзбекистон
Совет Иттифоқида етиштирилгаи пахтанинг 60 фоизини берди. Шу
пайтдан бошлаб хориждан пахта олиб келиш тўхтатилди. Колхозларни техника билан
таъминлаш даражаси паст эди. Ўзбекистонда кўплаб машина-трактор станциялари
/МТСлар/ ташкил этилишига қарамай, асосий қишлоқ хўжалик ишлари қўл меҳнати
ёрдамида бажарилар эди. Шундай қилиб, оммавий коллективлаштириш қишлоқ
хўжалигида барча муаммоларни ечмади, аксинча янгидан-янги муаммоларни келтириб
чиқарди. Энг асосийси, колхозлар деҳқонларни давлат томонидан эксплуатация қилиш
воситасига айланди.
2О-30-йилларда Ўзбекистон
халқ хўжалигининг ривожланиши маданият
соҳасида ҳам замонавийлаштириш жараёнининг бошланишига олиб келди. Бу даврда
маданий соҳада амалга оширилган тадбирлар совет тарихшунослигида "маданий
инқилоб" деб аталган эди. "Маданий инқилоб" мураккаб ва зиддиятли ижтимоий
ҳодисадир. Бир томондан, фан ва маданиятни ривожлантириш борасида маълум бир
ютуқлар қўлга киритилди. Иккинчи томондан эса бу соҳада ҳам талай хатоликларга
йўл қўйилди.
Маданий соҳадаги энг асосий ютуқлардан бири саводсизликнинг тугатилишидир.
Барча мактаб ёшдаги болаларни бошланғич, етти ва саккиз йиллик мактабларга жалб
қилиш, катта ёшдагилар учун махсус курслар ташкил этиш йўли билан аҳолининг
ялпи саводхонлигига эришилди. Бу борада Х.Х.Ниёзий, Т.Н.Қори-Ниёзий, П.Қаюмов
сингари минглаб фидойи маърифатпарварларнинг хизматлари беқиёсдир. Маърифнииг
ривожланиши,
халқнинг
саводхонлигининг
ошиши
миллатнинг
маънавий
салоҳиятининг юксалишига ёрдам берди. Лекин партиянинг маданий соҳада ҳам
зўрлик қилиши туфайли миллий таълим чеклаб қўйилди.
1928 йилга келиб мадрасалар ва эски мактаблар ўз фаолиятини бутунлай
тўхтатдилар. Совет даврида Ўзбекистонда ҳозирги замон олий ва ўрта махсус таълим
тизими вужудга келтирилди. 1920 йилда Туркистон давлат университети (ҳозирги
ЎзМУ) ўз фаолиятини бошлади. Кейинчалик Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Фарғона,
Андижон ва бошқа шаҳарларда қатор педагогика, медицина, политехника, қишлоқ
хўжалик олий ўқув юртлари ва техникумлари очилди. 1937 йилга келиб
республикамизда 31 олий ва 86 ўрта махсус ўқув юрти бўлиб, уларда 53 минг талаба
таҳсил олар эди. Бундан ташқари Москва, Ленинград ва бошқа марказий шаҳарларда
юзлаб Ўзбекистонлик ёшлар ўқир эдилар.
Ф.Хужаев ва А.Фитратларнинг ташаббуси билан 20-йилларда бир гуруҳ ёшлар
Германияга ўқишга юборилди. Лекин тоталитар совет тузуми шароитида уларнинг
тақдири аянчли бўлди. Германияда ўқиб келган мутахассислар кейинчалик қатағон
қилинди. Уларнинг бир қисми хорижда қолиб кетишга мажбур бўлдилар. Олий ва ўрта
махсус таълимнинг ривожланиши миллий зиёлиларни кўпайтириш имконини берди.
Айниқса, табиий фанлар, техника, медицина сингари соҳаларда олий маълумотли
мутахассислар тайёрлашнинг йўлга қўйилиши республикамизнинг келажаги учун
муҳим аҳамиятга эга эди.
Ўзбекистонда фаннинг ривожланишига ҳам катта эътибор берилди. 1932 йилда
Ўзбекистон ССР Фан комитети тузилди. Бу комитет қошида илмий лабораториялар,
бўлимлар ва илмий-тадқиқот институтлари иш олиб борди. 194О йилда СССР Фанлар
академиясининг Ўзбекистон
филиали иш бошлади. Буларнинг ҳаммаси фан
тараққиётига ижобий таъсир қилди. Республикамизда илмий тадқиқотлар кўлами
кенгайди. Бу борада биринчилар қаторида фан номзоди ва фан доктори илмий
даражаларини олишга мушарраф бўлган П.Солиев, Т.Қориниёзий, И.Мўминов,
Т.Саримсоқов, Я.Ғуломов каби олимларнинг хизматлари салмоқлидир. Урушдан
олдинги даврда ўзбек адабиёти ва санъати ҳам катта ютуқларни қўлга киритди.
Абдулла Қодирий, С.Айний, Чулпон, Усмон Носир, А.Қаҳҳор, Ойбек, Х.Олимжон
сингари шоир ва ёзувчилар ўзларининг ўлмас асарларини яратдилар. Ўзбек
адабиётида қатор янги реалистик жанрлар пайдо бўлди. Рус ва жаҳон мумтоз
адабиётининг энг яхши асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди.
Мусиқа саноати ривожланди. Юнус Ражабий, Мухтор Ашрафий, Т.Жалилов,
Т.Содиқов сингари бастакорлар халқимизга манзур бўлган асарлар ёздилар.
Анъанавий шарқона ўзбек мусиқа санъатига европа мусиқаси элементлари ва
жанрлари кириб кела бошлади. Ўзбек профессионал театри вужудга келди. Бу соҳада
атоқли режиссёр Маннон Уйғурнинг хизмати диққатга сазовордир. Маннон Уйғур
1937 йилда Ҳамза театрида Шекспирнинг Гамлет" асарини саҳналаштирди. 1939 йилда
биринчи ўзбек операси – М. Ашрафий ва С.Василенколарнинг "Бўрон" спектаклининг
премьераси бўлиб ўтди. Бир йилдан сўнг тўнғич ўзбек балети – “Гуландом" саҳна
юзини кўрди. Ўша даврда фаолият кўрсатган А.Хидоятов, С. Эшонтўраева, Х.
Носирова сингари актёрларнинг ижоди ўзбек театри тарихининг ёрқин саҳифасидир.
У. Тансиқбоев, Б. Ҳамдамий, З. Саидносирова ва бошқа мусаввирлар ўзбек тасвирий
саноатининг ривожига катта хисса қўшган ижодкорлар эдилар.
Лекин 20-30-йиллардаги маданий жараён ниҳоятда зиддиятли ҳолатда кечди. Бу
соҳада ҳам тоталитар совет тузуми қатор хатоликларга йўл қўйди, хатто кечириб
бўлмас жиноятлар содир этди. Янги миллий зиёлиларни тарбиялаш билан бир қаторда
зиёлиларни қатағон қилиш ақлга сиғмайдиган ходиса эди. А.Қодирий, А.Фитрат,
Чўлпон, Усмон Носир, Отажон Ҳошимов, Боту ва бошқа истеъдодли ижодкорлар
қатағонлар қурбони бўлдилар. Динга қарши кураш ниқоби остида қанчадан-қанча
масжидлар вайрон қилинди, араб ёзувидаги диний ва дунёвий китоблар йўқ қилинди.
Бир томондан саводсизликни тугатиш борасида жонбозлик қилинди, лекин иккинчи
томондан 1929 ва 1940 йилларда икки маротаба ўзбек ёзувининг ўзгартирилиши яна
халқнинг бесавод бўлишига олиб келди.
Араб алифбосига асослашган ўзбек ёзувидан воз кечиш халқни минг йиллик
маданий меросидан ажратиб қўйди. Тоталитар тузум адабиёт ва санъатнинг
ривожланишини "социалистик реализм" деб аталмиш қолипга солиб қўйди. Давлат
ижодкор зиёлилардан фақат социалистик турмушни тараннум этишни, инқилобдан
олдинги ҳаётни қора бўёқларда тасвирлашни талаб этарди. “Шаклан миллий,
мазмунан социалистик” шиори остида маданиятдан миллий руҳ ва миллий
қадриятларни йҳқ қилишга ҳаракат қилинди. Адабиёт ва санъатга синфийлик,
партиявийлик нуқтаи назаридан ёндашиш халқимизнинг маънавий дунёсининг
қашшоқлашишига, умумбашарий қадриятлардан йироқлашувига олиб келиши
муқаррар эди.
Республикамизда тобора чуқурроқ илдиз отаётган маъмурий буйруқбозлик тизими
ўзбек аёлларини озодликка олиб чиқишдек савобли ишни ҳам фожеага айланишига
сабаб бўлди. Хотин- қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъмин этиш синфий кураш
сифатида талқин этилди. Шунинг учун бу тадбирга "Ҳужум" деб ном қўйилди.
“Ҳужум" компанияси давомида маъмурий усуллардан кенг фойдаланилди. Амалга
оширилаётгаи тадбирларнинг тўғрилигига одамларни ишонтириш ўрнига уларни
қўрқитиш, ваҳимага солиш, жазолаш каби усуллар кенг қўлланилди. Тарғибот ишлари
фақат аёллар ўртасида олиб борилди, ваҳоланки эркаклар орасида ҳам шундай
ишларни олиб бориш ғоят зарур эди. Паранжи ташлашга қарши бўлган шахслар
синфий душман деб эълон қилинди.
Маҳаллий халқнинг қонига сингиб кетган ислом омили инобатга олинмади.
Натижада “Ҳужум” компаниясининг саҳифаларида қонли сатрлар пайдо бўлди.
Паранжи ташлаган юзлаб аёллар жаҳолатдан қутулмаган эрлари ва бошқа
қариндошлари томонидан ўлдирилди. Уларнинг қотиллари ҳам қабул қилинган янги
қонунга биноан отиб ташландилар. Бу воқеалар ижтимоий вазиятни кескинлаштириб,
одамларда норозилик туйғуларини уйғотди. “Ҳужум" компаниясининг асл моҳияти
фақат паранжи ташлашдан иборат эмас эди. У хотин-қизларни ишлаб чиқаришга,
ижтимоий ҳаётга жалб этиш вазифасини ҳам ҳал этиши керак эди.
Минглаб аёллар саноат, қишлоқ хўжалиги, маориф, соғлиқни сақлаш ва бошқа
соҳаларда фаолият кўрсата бошладилар. Кейинчалик ўзбек аёллари орасидан таниқли
олималар, саноаткорлар, жамоат арбоблари, ишлаб чиқариш илғорлари етишиб
чиқдилар. Шубхасиз, буларнинг ҳаммаси муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлган воқеа
эди.
Урушдан кейинги йилларда ҳам Ўзбекистон
халқининг ҳаёти тоталитар совет
тузуми шароитида кечди. 5О-80-йиллар давомида республикамиз халқ хўжалиги
ривожланди. Лекин компартиянинг режаларида Ўзбекистонга, асосан, хом ашё
етказиб берувчи манба сифатида қаралди. Худди шу нарса республикамиз
иқтисодиётининг аслида бир томонлама ривожланиб боришига олиб келди. Бундай
сиёсат оқибатида бой хом ашё ресурсларини тайёр маҳсулотга айлантиришнинг
имкони йўқ эди. Ўзбек деҳқонларининг меҳнати билан яратилган пахта, пилла ва
бошқа маҳсулотларнинг ҳузурини уларни қайта ишлаб тайёр маҳсулот чиқарадиган
минтақалар кўрардилар. Шу боисдан республикамиз аҳолисининг турмуш даражасини
ошириш анча қийин масала эди.
Урушдан кейинги даврда ҳар бир беш йилликда Ўзбекистонда ўрта хисобда 100 га
яқин саноат объектлари ишга туширилар эди. 1985 йилга келганда республикада 1,5
мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари, комбинатлар
ва корхоналар бор эди. Саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1940 йилга нисбатан 21
бараварга кўпайди. Худди шу йиллар ичида электр энергиясини ишлаб чиқариш 180
бараварга ошди. Марказий Осиёда энг йирик бўлган ва йилига 3 миллион кв-соат
энергия берадиган Сирдарё ГРЭСи бунёд этилди.
Энергетика базасининг
мустаҳкамланиши саноат тармоқларини ривожлантириш имконини берди.
80-йилларнинг бошларида Ўзбекистонда 100 дан ортиқ, машинасозлик ва металл
ишловчи корхоналар бор эди. Пахтазорларда ишлатишга мўлжалланган тракторлар
ТТЗда, пахта териш машиналари "Тошсельмаш" заводида ишлаб чиқарилар эди.
"Таштекстильмаш" заводи тўқимачилик соҳасида ишлатиладиган дастгоҳлар ва
асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришда собиқ иттифоқда етакчи ўринлардан бирини
эгалларди.
60-70-йилларда кимё саноати, нефть, тошкўмир, газ, тоғ-кон саноати
ривожланди. Олтин ишлаб чиқариш саноати вужудга келтирилди. Бироқ
тоталитар
тартибот шароитида аслида мустамлака қаторида бўлган республикамиз ўз ерининг
бойликларидан мустақил фойдалана олмас эди. Олтин, уран, рангли металлар ва
бошқа бир қанча фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва олиб кетишни иттифоқ
вазирликлари амалга оширар ва бунда республика раҳбар органларининг розилиги
ҳамда назоратидан ташқари иш кўрилар эди. Химия саноатининг ривожланиши
ижобий аҳамиятга эга бўлиши билан бирга салбий оқибатларга ҳам олиб келди, чунки
кўпгина комбинат ва заводлар атроф-муҳитни ифлослантириб, экологик вазиятни
мушкуллаштириб қўйди.
Ўзбекистондаги саноат корхоналарининг фаолияти кўп жиҳатдан Россиядан
олиб келинадиган бутловчи деталларга боғлаб қуйилганлигини ҳам эслатиб ўтиш
керак. Тоталитар давлатнинг бундай сиёсати республикани ҳар қандай иқтисодий
мустақилликдан маҳрум қилишга қаратилган эди. Ниҳоят, Ўзбекистонда аҳолинииг
табиий ўсиши суръатлари баланд бўлишига. қарамай, аҳолини иш билан таъминлаш
дастури ишлаб чиқилмади. Натижада ишсизларнинг сони тобора ошиб бораверди.
80-йилларга келиб саноатда инқирозли ҳолатлар рўй берди. Меҳнат
унумдорлиги деярли ўсмай қолди. Давлат саноат ва бошқа соҳаларни интенсив
тараққиёт йўлига ўтказа олмади. Экстенсив ривожланиш тараққиётнинг устивор
йўналиши бўлиб қолди. Экстенсив тараққиёт, айниқса, қишлоқ хўжалигига хос эди.
Пахта, пилла, мева ва сабзавот, чорва маҳсулотлари асосан янги ерларни очиш,
ишчилар сонини ошириш ҳисобидан кўпайтирилар эди.
Урушдан кейинги йилларда Марказий Фарғона, Мирзачўл, Қарши,
Сурхон-Шеробод чўллари ўзлаштирилди. Янги ирригация иншоотлари қурилди, янги
совхозлар ташкил этилди. Минглаб гектар янги ерлар хўжалик оборотига киритилди.
Чўлда янги пахтакор районлар, шаҳар ва қишлоқлар қад кўтарди. Натижада
республикамизнинг иқтисодий салоҳияти сезиларли даражада ошди. Аммо кенг
миқёсда янги ерларнинг ўзлаштирилиши ва суғорилиши натижасида ер ости
сувларнинг сатҳи кўтарилди, ҳайдаладиган ерларни шўр ва ботқоқ босди, боғ-роғлар
ва токзорлар қуриб қолди. Сирдарё ва Амударёдан тобора кўп сув олавериш Орол
денгизининг қуриб қолишига олиб келди ва мисли кўрилмаган мушкул экологик
вазиятни келтириб чиқарди. Қуриқ ерларни ўзлаштириш пахта якка ҳокимлигини
кучайтирди. Оқибатда озиқ-овқат масаласи кескинлашди.
Юқоридан нореал режаларнинг берилиши натижасида қўшиб ёзишлар кенг расм
бўлди. Экстенсив тараққиёт, пахта ва бошқа хом ашё маҳсулотларини тобора кўпроқ
ишлаб чиқариш ва чет элга экспорт қилиш республикани оғир иқтисодий-ижтимоий
аҳволга солиб қўйди.
Тоталитар сиёсий тузум шароитида халқ оммасининг ижтимоий фаоллиги паст
эди. Партия ва совет бюрократияси мамлакатни ўз билганича бошқарар,
жамоатчиликнинг фикри, ҳохиш-иродаси ҳисобга олинмас эди. Совет даврида бир
қараганда демократик тартиблар хукмрондек туюлар эди: конституция ва қонунлар
мавжуд эди, ўз вақтида сайловлар ўтказиларди, танқид ва ўз-ўзини танқид ҳақида кўп
гапирилар эди. Амалда эса коммунистик партиянинг якка хукмронлиги, сиёсий ва
мафкуравий плюрализмнинг йўқлиги "социалистик демократия" деган нарсани
сафсатабозликка айлантириб қўйди.
Мавжуд камчиликлар ва нуқсонларни фош этиш, улар хақида очиқ, гапириш
совет тузумига қарши фаолият деб баҳоланарди. Дабдабабозлик, сохта рапортлар,
хушомадгўйлик, тилёғламачилик кенг тарқалди. Тоталитар совет жамияти, унинг
иқтисодий ва сиёсий тизимининг инқирози шу даражада чуқур эдики, 1985-1991
йилларда бу жамиятни қайта қуриш, унинг хасталигини даволашга қаратилган
саъй-ҳаракатлар ижобий натижа бериши мумкин эмас эди.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Тошкент. Ўзбекистон. 1996
2. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Тошкент. Шарқ. 1998.
3. Исхаков Ф. Прошлое глазами историка. Тошкент. Ўзбекистон . 1990.
4. Каримов Ш. Ғалабага қўшилган хисса. Тошкент. Ўзбекистон. 1990 Муҳиддинов
Н.А. Кремлда ўтган йилларим. Тошкент Ўзбекистон . 1995 й.
5.
www.ziyonet.uz
6.
www.pedagog.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |