75-§. Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказининг тренинг курсларини ишлаб чиқиш ва уларни
ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимининг
малака тавсифлари
Тартиб рақами
1925
Машғулотларнинг миллий стандарт классификатори бўйича коди
1239
Ходимлар тоифаси
Бошқарув
223. Лавозим вазифалари:
а) мультимедиа марказининг тренинг курсларини ишлаб чиқиш ва уларни ўтказиш бўлими фаолиятига раҳбарлик қилиш, бўлим ходимларининг иш режаларини тасдиқлаш;
б) мультимедиа марказининг йиллик иш режаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
в) анъанавий ва масофадан ўқитиш бўйича ўқув-услубий материалларни, семинар ва тренинг дастурларини, маъруза матнлари ва тақдимотларни тайёрлаш ишларини ташкил этиш;
г) режалаштирилаётган ўқув тренингларининг таснифини аниқлаш учун фан ўқитувчилари билан суҳбатлар ўтказилишини таъминлаш;
д) режалаштирилаётган семинар-тренинглар бўйича ўқув материаллари ва дастурга ишлов бериш, уларни такомиллаштириш ишларига раҳбарлик қилиш;
е) халқ таълими ходимлари учун ташкил қилинган ўқув курси дастурлари, ўқув материалларига ишлов бериш ва такомиллаштиришга ҳамда улар асосида семинар-тренинглар ўтказилишига раҳбарлик қилиш;
ж) дастурлар ва дастурий воситаларни жорий қилинишини таъминлаш;
з) мультимедиа марказининг иш фаолиятида мавжуд бўлган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш ҳамда унинг мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;
и) ваколати доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини, ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш;
к) санитария-гигиена талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилиш.
224. Билиши лозим:
а) халқ таълими тизимига оид ва ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда шу соҳадаги янгиликларни;
б) жамоада соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш бўйича фаолият юритишни;
в) компьютер ва техника воситаларининг хусусиятларини, белгиланган иш мақсади ва техник эксплуатация қоидаларини;
г) компьютер ва техника воситаларидан фойдаланишнинг мамлакатимиз ва чет эл илғор тажрибаларини;
д) кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш усулларини, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тартибини;
е) ички меҳнат тартиби қоидаларини;
ж) санитария-гигиена талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини.
225. Малака талаблари:
а) камида бакалавр даражасидаги педагогик ёки ахборот-коммуникация технологиялари йўналишдаги олий маълумот;
б) хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичини ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни билиши;
в) таълим соҳасида ахборот-технологияларини жорий қилиш соҳасида камида беш йиллик иш стажи.