Хайриддин Султоновнинг «Ё, Жамшид» ҳикоясининг даъвоми.
Ё, ЖАМШИД!
(Ҳикоянинг давоми)
Майкачан киши таклиф қилишга қилди-ю, Ўринбойнинг бундай тез қарор чиқаришини кутмаган эди. Мастава ичаётган икки йигит ҳам косани четга сурдида, кечагина ютқазиб, аламидан бўралаб сўкиб ўйинни тарк этган, бугун ўлими кутилаётган бу аҳмоқнинг яна жар оғзига ошиққанидан ҳайратда ўйинни кузатишга чоғланди. Майкачан ишшайганча, эринибгина жойидан қўзғалди.
— Ҳа, эркак! Мана бунақаларни Жамшид пирнинг иниси деса бўлади! – у йигитларда ўйинга қизиқиш уйғонганини кўриб, у билан ўйинга чоғланиб, жонини тиккан қимор оламидаги ғўр, ҳали нафсини тийишни ўрганмаган бу ёш баччани ўзига рақиб ҳисоблаганини билдириб ўтди.
Ўринбой ошиқни ташларкан, юрагида чўғ бўлиб ёнаётган қасос оловига сув сепгандек бўлди. Кўз очиб юмгунча ошиқлар ўз кучини кўрсатди. Косасидан чиққудай очилган Ўринбойнинг икки кўзи ошиқда эди. Навбат майкачанга. У шошилмасдан мийиғида кулганча бир қўлида ошиқни оларкан, бир қўли билан қаппайган қорнини беўхшов қашиди.
— Қани, ташласак ташлабмизда, ана! – майкачан беписандлик билан ошиқни Ўринбойнинг олдига ташлади. Ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётган Ўринбой шу онда вақт тўхтаб қолишига ҳам рози эди. Икки кўзи ошиқда. Бир неча сония асрлар каби чўзилди гўё. Ва ниҳоят… Кўзлари қонга тўлган Ўринбой сакраб ўрнидан турди. Майкачан кимса Ўринбойнинг бу ҳаракатидан ғазабланганини яширмаган ҳолда йигитларга ёвқараш қилди. Йигитлар кутилаётган муваффақиятсизликнинг бу аснода якун топишидан эсанкираб қолишди.
Неча йиллар давомида қимор оламида ўзини шоҳ санаган бу кимса, кечагина оёқлари остига йиқилиб, бир неча кун муҳлат сўраган бу мишиқи, ғўр қиморбозга ютқазганини тан олгиси келмасди. Ичидаги шайтоннинг бири: «Яна ўйинга чорлагин-у, бор-будидан айир» - деса, иккинчиси: «Вақтни чўзиб нима қилдинг, эртага яна келади, яна ютқазади, ундан кўра ҳозироқ ўлдириб юбор» - дея овоз берарди. Бироқ, бу икки шайтонга қарши турган ғурур: «Ютса ютибди! Сен ким Лочин қиморбозсан! Қўлингни қонга белашга бунча шошилмасанг? Бу нафсини қули бўлган - аҳмоқ эрта-индин яна келади. Сеники шу кунгача ҳеч кимда қолиб кетмаган. Ё ортиғи билан, ё жони билан оласан!».
— Ҳа, барокалло! Айтдимку, Жамшид пирнинг иниси деб! – Лочин қиморбоз ўзини мажбурлаб илжаяётгани унинг кинояли, шу билан бирга алам билан бўғилиб чиқаётган сўз оҳангидан шундоқ сезилиб турарди. – Ўринбой! Яна бир ташламаймизми? Ҳаммасига? – Лочин қиморбоз яна таклиф ташлади-ю, бироқ бу таклифининг шунчаки, кўр-кўрона ясамалик билан айтилганлиги ўзига ҳам эриш туйилди.
— Йўқ, қиладиган ишларим бор! – Ўринбойнинг кўзлари қасос оловидан қонга тўлганди. У ёшболадек ўзи олиб келган рўмолга ўроғлик пулни шошилиб қайта қўйнига солди. «Сизники қани?» дегандек, Лочин қиморбозга қаради. Бу нигоҳнинг маъносини англаб турган бўлсада, бир дам яна шайтоний хислар домига ўралашиб турган ҳаёлларини тўплай олмаган қиморбоз, истамайгина чиркин кўрпача остига яшириб қўйган тонггача давом этган ўйиндан тушган пулларига қўл узатди.
— Қанчадан эди? Қанчадан ўйнадик? – қарзга ўйналган пулнинг ҳисобидан ҳеч янглишмайдиган қиморбоз, айни дамда ҳам аламдан, ҳам Ўринбойни калака қилиш мақсадида бу саволни берганди.
— Йигирма минг!
— Мана – тўрт даста пулни унинг олдига ташлади. – Кечга яна ўйин бор. Кутамиз бойвочча! - Ўринбой қуллуқ қилиб, иршайганча тамакининг аччиқ тутини-ю, ароқнинг бадбўй иси деворларигача сингиб кетган хонани тарк этди.
Каталакдек ҳовлининг дим хонасидан ташқарига чиққан Ўринбой, аланга олган қасос оловини бостириш учун тўғри акасининг уйига йўл олди. Унинг юрагидаги бу жирканч аланга - биринчи бор шунча катта пул ютиб олган бўлса ҳам уни заррача қувонишига имкон бермади. Қадамлари тобора тезлашар, офтоб чиққан бўлсада, эриб улгурмаган қорларни ғирчиллатиб янчганча ғазаби тошиб борарди. У бўёғи кўчиб улгурган тахта эшик олдида тўхтади. Оғир-оғир нафас олди. Бор кучини тўплаганча эшикни муштлай бошлади. «Ҳай, ҳозир. Ҳозир!» Рухсорнинг овозини эшитган Ўринбой акасининг кечаги надоматини эслаб, эшикни янада қаттиқроқ ура бошлади. Эшикка етгунча Рухсорнинг ўпкаси тўлди, хансираб қулфни очди. Эшик очилиши билан важоҳати тутиб турган қиморбоз қайни укасини кўриб ранги қув ўчди. Кеча ярим тунда жиянининг сарғайиб келиб, амакисини чақириб кетганидан бир кўнгилсизликни сезган Рухсор, эрининг кайфиятсиз келиб, «Қиморбознинг ҳоли бундан ортиқ нима ҳам бўларди. Ҳавотирланма, мен ҳалол топганимни, уни ҳаром ўйинига тикмайман!» - дея айтганидан сўнг кўнгли анча жойига тушганди.
— Латта эринг қани? – Ўринбой Рухсорни йиқитгудек четга суриб, ҳовлига кирди. — Хей, хунаса! Чиқ бу ерга! Биргина укангни жонини сақлаш учун лоақал қарзга сенда пул топилмаган бўлса, итвачча қизингни тўйига менда тўёна бор! – эшик тақиллаган чоғи чўпон, телпагини кийишга чоғланган Исломбой, укасининг овозидан калишини пайдар-пай кийиб, ҳовлига отилиб чиқди.
— Нима дединг? Қайтар касофат? Тилингни суғуриб олмасамми сени! – мурда танасига қайта жон киргандек, томирларга қувлашиб қон югургандек укасининг сўзлари Исломбойнинг юрак-юрагини тешиб ўтди. У энсиз зиналардан хатлаб ўтиб, ҳовли ўртасида кўзига қон тўлиб, икки қўлида даста пул сиқимлаганча турган укасини ёқасидан олди. Ака-ука қалбида қондошлик руҳидан заррача асар ҳам қолмаган ҳолда — минг йиллик душманлар илк бор яккама-якка жангга киргандек бир-бирига ташланди. Эшик олдида қотиб турган Рухсор дод солганча, эрининг қўлига ёпишди. Йўқ, уларни тўхтатишга энди аёлнинг, ваҳоланки, айни дамда бир неча эркакнинг ҳам кучи етмасди. Исломбой қатма-қатига мушт есада, Ўринбой ёқасини маҳкам тутган сўл қўлини бўшатмади. Батамом ғазаб отига минган Ўринбойнинг муштларидан бири Рухсорни ҳам четлаб ўтмади. Дод фиғони авжига чиққан Рухсорнинг овози ва ниҳоят шу кўчадан ўтиб кетаётган Нодир қассобнинг қулоғига чалинди. У аввалига қадамини тезлатди, эшик олдига келгач, даханаки жанг қилаётган ака-укани, ўртада тўлғониб, гоҳ эрининг, гоҳ қайниукасининг қўлига ёпишаётган аёлни кўрди-ю, бир дам жим қолди. Яна бир неча дақиқа шу тақлидда давом этса, бирон корҳол юз беришини ҳаёлан тасаввур этиб, уларни ажратишга киришди. Билаклари кучга тўлган, болтани пичоқ каби ўйнатадиган Нодир қассоб ака-укани икки ёққа ирғитиб ташлади. Оғиз-бурни аралаш мушт еган Ўринбой алам билан қон тупурди-ю, чангалидаги даста пулни Исломбойнинг юзига отди, - «Пул топилади!». Исломбой ўрнидан туришга чоғланди. Бироқ муштларнинг зарбидан гарангсираган ҳолда, қайтиб ерга ўтириб қолди.
— Харом пулингни олиб кет! Сендек укам йўқ мени! – Исломбойнинг юрак қаридан алам билан отилиб чиққан бу сўзларини Ўринбой эшитсада, эски чўпонининг енги билан бурнидан оқаётган қонини артиб, ўз ишидан мамнун ҳолда уйига равона бўлди.
Ой ердаги бу мушкулотлар, инсонларнинг зулук каби бир-бирининг қонини сўраётганидан ранжиган ҳолда булутлар орасига яширинган чоғи уша тамаки тутини-ю, ароқ иси сингиб кетган хонада яна ошиқ ташланди.
— Давом этамизми, ё етарлими? – Лочин қиморбоз ишшайганча Ўринбойга юзланди.
— Ака, бўлди. Фақат муҳлат беринг. Эрталабгача эллик мингни қаердан топаман? – Ўринбой Лочиннинг оёқларини қучди.
— Ҳай, ҳай қиморни эркакка чиқарган! Йигирма мингни қандай топган бўлсангиз, эллик мингниям топасиз! Бўлмаса - хотин, бўлмаса - жонда! – Лочин оёқларини қучган Ўринбойнинг қўлларини итни силтагандек силтаб ташлади.
Туни билан онаси, аёли-ю, болалари билан ширин суҳбат қурган Ўринбой, эрта тонгда кўрпага бурканиб, ширин уйқуда ётган болаларининг пешонасидан бир-бир ўпдида, оиласини, болалиги ўтган жонажон ховлисини тарк этди. Айни дамда онаизор ҳам сўнгги тонгини қаршиламоқда эди.
Гулзода ОМОН
Do'stlaringiz bilan baham: |