3-боб. Ўқувчилар билим ва кўникмаларини баҳолаш тартиби 10. Ҳар бир фандан ўқувчиларнинг семестр якунида ўртача жорий баллни аниқлашда, жами олинган балларни уларнинг сонига нисбатини фаоллик коэффицентига кўпайтириш орқали аниқланади.
Фаоллик коэффицентини аниқлашда ўқувчиларнинг семестр давомидаги дарсларда олган баллари йиғиндисини 5 баллни фандан бир семестр давомида бўладиган дарслар сонига кўпайтмаси нисбатига олинади. Бунда, фаоллик коэффиценти 0.5 ва ундан юқори бўлса, фаоллик коэффиценти 1.0 деб қабул қилинади.
M
F = —————
5* K
Бунда,
F – Фаоллик коэффиценти
M – Семестр давомида фандан олинган баллари йиғиндиси
K – Семестр давомида ўтиладиган дарслар сони
Оралиқ назорат семестр давомида ҳар бир фаннинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда икки мартагача ўтказилиши мумкин.
Оралиқ назоратни ўтказиш шакли (ёзма иш, оғзаки сўров, тест, амалий топшириқлар, мустақил вазифаларни бажариш ва б.) ва муддати тегишли фан бўйича кафедра (бўлим) томонидан белгиланади. Оралиқ назоратни ўтказиш бўйича маълумотлар тегишли фан ўқитувчилари томонидан семестрнинг биринчи хафтасида ўқувчиларга етказилади.
Оралиқ ва якуний назорат топшириқлари тегишли кафедра (бўлим) ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталари томонидан ишлаб чиқилади ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан тасдиқланади.
Якуний назоратни ўтказиш шакли (ёзма иш, оғзаки сўров, тест, амалий топшириқлар, мустақил вазифаларни бажариш ва б.) ва муддати тегишли фан бўйича кафедра (бўлим) мудирининг билдиргиси асосида директорининг ўқув (ва тарбиявий) ишлари бўйича ўринбосари томонидан белгиланади.
Соғлиқни сақлаш таълим соҳаси бўйича кадрлар тайёрланадиган профессионал таълим муассасаларида оралиқ ва якуний назорат объектив тизимлаштирилган клиник синов ёки имтиҳон шаклларида ўтказилиши мумкин.
Ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан тегишли фан ва амалиёт бўйича баҳолаш ва назорат қилиш талаблари, дастлабки ўқув машғулотларида ўқувчиларга таништирилиши шарт.
Оралиқ назоратни ўтказиш ва мазкур назорат бўйича ўқувчининг билимини баҳолаш тегишли фан (амалиёт) бўйича ўқув машғулотларини олиб борган ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан амалга оширилади.
Якуний назоратни ўтказиш ва мазкур назорат бўйича ўқувчининг билимини баҳолаш ўқув машғулотларини олиб бормаган бошқа ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан амалга оширилади.
Тегишли фан ёки амалиёт бўйича ўқув машғулотларини олиб борган ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси якуний назоратни ўтказишда иштирок этиши тақиқланади.
Профессионал таълим муассасасида назорат турларини ўтказиш жараёни ўқув (ва тарбиявий) ишлари бўйича директор ўринбосари ҳамда ишлаб чиқариш таълим бўйича директор ўринбосари томонидан доимий равишда ўрганиб борилади. Бунда, назорат турларини ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланган ҳолларда, ўтказилган назорат турларининг натижалари бекор қилиниши ҳамда тегишли назорат тури қайтадан ўтказилиши мумкин.
Бунда, ўқувчининг ички тартиб қоидаларига риоя қилмаганлик бўйича белгиланган баллни чегириш фақат тегишли семестр учун ҳар бир фанда қўлланилади.
Ўқувчи тегишли фан ёки амалиёт бўйича якуний назорат ўтказиладиган муддатга қадар жорий ва оралиқ назоратларидан 3-5 балл билан баҳоланган бўлиши лозим. Акс ҳолда ўқувчи якуний назоратга киритилмайди. 22. Ўқувчи узрли сабабларга кўра оралиқ ва (ёки) якуний назоратга кирмаган тақдирда ушбу ўқувчига тегишли назоратни қайта топширишга таълим муассасаси директори буйруғи асосида рухсат берилади.
Бир кунда 1 тадан ортиқ амалиёт бўйича якуний назорат ўтказилишига йўл қўйилмайди. Амалиёт бўйича якуний назоратларни ўтказиш камида 1 кун оралиғида белгиланиши лозим.
Битирувчи курс бўлмаган ўқувчилар ўқув йили ўртасидаги семестр натижалари бўйича 2 тагача фан, амалиётдан қарздорлиги бўлган ҳолларда ўқувчига 15 кунгача, ўқув йили якунидаги семестр натижалари бўйича 2 тагача фан (амалиёт)дан қарздорлиги бўлган ўқувчига тегишли фан (амалиёт) бўйича оралиқ ва (ёки) якуний назоратни қайта топшириш учун 10 кунгача муддат берилади.
Битирувчи курс ўқувчиларига ўқув йилининг сўнги семестр натижалари бўйича ўзлаштирмаган фан (амалиёт)дан қайта топшириш учун якуний давлат аттестацияси бошлангунга қадар рухсат берилади.
Касб-ҳунар мактабларида ўқувчига оралиқ ва (ёки) якуний назоратни қайта топшириш учун берилган муддат давомида ўқувчи томонидан қайта топширишлар сони 2 мартадан кўп бўлмаслиги керак.
Ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари асосида таълим олаётган ўқувчиларга ўзлаштирилмаган фан (ўқув амалиёт)ларни қайта топширишга қўшимча тўловларни амалга ошириш орқали рухсат берилади. Қўшимча тўловлар миқдори тегишли касб ва мутахассисликлар бўйича жорий қилинган контракт тўлови миқдоридан келиб чиққан ҳолда профессионал таълим муассасасининг Педагогик кенгаши қарори асосида белгиланади.
Ўқувчи оралиқ ва (ёки) якуний назоратни қайта топширишдан ўта олмаган тақдирда, ўқув (ва тарбиявий) ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан комиссия тузилади. Комиссия таркиби фан, амалиёт бўйича ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими устаси ва соҳа мутахассислари орасидан шакллантирилади.
Ўқувчи узрли сабабларсиз ишлаб чиқариш (диплом олди) амалиётига қатнашмаган ёхуд ишлаб чиқариш амалиёти якунлари бўйича 2 балл олган ҳолларда, ўқувчи қарздор ҳисобланади ҳамда курсдан қолдирилади.
Баҳолаш натижасидан норози бўлган ўқувчилар профессионал таълим муассасаси директори буйруғи асосида ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Апелляция комиссияси таркиби ўқувчини баҳолашда иштирок этмаган тўрт нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари ҳамда комиссия раисидан иборат бўлади. Комиссия раиси профессионал таълим муассасаси директори ҳисобланади.
Ўқувчи баҳолаш натижасидан норози бўлган тақдирда, баҳолаш натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Ўқувчи томонидан берилган апелляция Апелляция комиссияси томонидан 2 кун ичида кўриб чиқилиши лозим.
Ўқувчининг апелляциясини кўриб чиқишда ўқувчи иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Апелляция комиссияси ўқувчининг апелляциясини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади. Қарорда ўқувчининг тегишли фан (амалиёт)ни ўзлаштиргани ёки ўзлаштира олмагани кўрсатилади.
Апелляция комиссияси тегишли қарорни директорнинг ўқув (ва тарбиявий) ишлари бўйича ўринбосари ва ўқувчига етказилишини таъминлайди.