ГЛОССАРИЙ
АҚИДАПАРАСТЛИК - муайян шароитда, бирон-бир ғоя ёки тамойилга қатъий ишонч ва уни мутлақлаштириш асосида шаклланган қоида ва тартибларни, бошқа шароит, ҳолат, вазиятни ҳисобга олмаган ҳолда, кўр-кўрона қўллашга уриниш.
ВАҲҲОБИЙЛИК - Арабистон ярим оролининг марказий қисмида, XYIII аср ўрталарида пайдо бўлган, ислом динининг сунна йўналиши, ҳанбалия мазҳабидаги оқим. Унинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобдир. Ибн Абдулваҳҳоб 1703 йили Уйайна деган жойда қози оиласида туғилган. Дастлабки таълимни ўз отасидан олгач, Арабистон ва қўшни ўлкалар бўйлаб кўп сафар қилган. Ибн Абдулваҳҳоб ақоидда Ибн Таймия, Ибн ал-ҳаййим ва Ибн Касирга эргашган. Унинг фикрича, исломнинг манбаи фақат Қуръон ва суннатдир. Унга кўра, муқаддас жойларга зиёрат қилиш, азиз авлиёлардан дуоларда шафоат-ёрдам тилаш ширк ҳисобланади. Мусиқа, қўшиқ ва умуман маънавий тараққиётга хизмат қилувчи бошқа кўпгина қадриятларни «бидъат» (яъни,мусулмонлар ҳаётига диндан кейин кириб келган янгилик) деб ҳисоблайди.
ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Ислом фундаментализми – Қуръон ва ҳадисларни сўзма-сўз талқин этувчи, илк исломга қайтишга қаратилган ўз ақидаларини кенг тарғиб қилувчи, диний консерватив руҳдаги йўналишга нисбатан ишлатиладиган атама. Аслида «фундаментализм» сўзи 20-аср бошида америкалик протестантларнинг бир гуруҳига берилган ном бўлса-да, охирги пайтларда жаҳон матбуотларида мутаасиб ислом жангариларини фундаменталистлар деб аташ одат тусига кирди. Ислом фундаментализми турли-туман йўналиш ва кайфиятдаги гуруҳларни ўз ичига олади.
МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТ (лотинча immunitatis – бирор нарсадан озод этиш) — шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамиятни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоялашга хизмат қилувчи тизим. Иммунитет тиббий тушунча бўлиб, у организмнинг доимий ички муайянлигини сақлашга, турли ташқи таъсирлардан, инфекциялардан ҳимоя қилишга қодир бўлган реакциялар мажмуини ифодалайди. Соддароқ қилиб айтганда, иммунитет - организмнинг ўз-ўзини турли касалликлардан ҳимоя қила олиш қобилиятидир.
Радикализм (лотинча, radix-томир, илдиз, ўзак) -1) мақсад-муддаони кескин, муросасиз амалга ошириш; 2) у ёки бу ишдаги мавжуд аҳволни тубдан ўзгартиришга интилиш; 3) ижтимоий-сиёсий ҳаётда Х1Х-асрда вужудга келган сиёсий оқим.
ТЕРРОРИЗМ (лотинча. тerror – қўрқув, даҳшат) – маълум ёвуз мақсадлар йўлида, куч ишлатиб, одамларни жисмоний йўқ қилишдан иборат бўлганғояга асосланган зўравонлик усули. Қўрқитиш ва даҳшатга солиш орқали ўз ҳукмини ўтказишга уриниш террорчиликка хосдир.
ЭКСТРЕМИЗМ – (лотинча – “ақл бовар қилмас даражада”, “ҳаддан ошиш”) жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга зид радикал қарашлар ва ҳаракатларни англатади. Уларга диний тус бериш эса, диний экстремизмга олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |