7.2. Геотермал энергия заҳиралари. Геотермал сўзи грекчадан geo–ер ва thermy–иссиқлик сўзлари бўлиб, геотермал энергия–ер иссиқлиги энергияси деб аталади. Ер қаърида жуда катта иссиқлик миқдори мавжуд. Ундан жуда арзон ва экологик зарарсиз битмас–туганмас энергия олиш мумкин. ҳисобларга кўра, ер бағрида тўпланган иссиқликдан олинадиган энергия, ер юзидаги ҳамма органик ёқилғи заҳирасидан олнадиган энергиядан бир неча баробар кўп экан. Аммо бу иссиқлик энергияси фақатгина ер остидаги қайноқ сувлардан олинади холос.
Ер шарида анчагина геотермал энергия заҳиралари мавжуд. Бу энергия беҳисоб ва ундан келажакда фойдаланиш анча самарали. Радиоактив унсурларнинг емирилиш натижасида, ер коинотга узлуксиз ўз иссиқлигини етказиб туради.
Геотермал сув бир қанча мамлакатларда иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш учун ишлатилади. Исландия пойтахти Рейкьявик шаҳри тўлиқ ер ости иссиқ суви ҳисобига иситилади. Катта ҳажмлардаги иссиқлик таъминотида термал сувлардан Австралия, Янги Зелландия ва Италия каби мамлакатларда фойдаланилади.
7.2–расм. Анъанавий геотермал электр станциянинг умумий кўриниши.
Замонавий техника ва технологиялар тикланадиган энергия манбалардан фойдаланиш истиқболларини очиб бермоқда. Илмий ва амалий ишларни шу йўналишга йўналтириш, органик ёқилғи истеъмолини камайтиришга ёрдам беради.
Геотермал электр станция. Геотермал электр станциялари электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ер ости иссиқ сув ёки буғлардан фойдаланилади. Ер ости иссиқ сув ёки буғ ер устига келтирилиб, у ерда иссиқлик алмашувчи қурилмалар ёрдамида турбинада ишлатиш учун тоза буғга айлантирилади.
Тозаланган буғ қурилма ва трубаларда қолдиқларнинг кўпайишини олдини олади, шу билан бирга қўшимча техник хизмат кўрсатишлар камайтирилади. Худди шундай йўл билан олинган тоза буғ оддий электр станциясида ишлаб чиқарилган буғдан электр энергия олишда ишлатилади. Қайта тикланувчи энергия манбааи сифатида геотермал энергия манбасидан фойдаланишда айрим электр энергия ишлаб чиқарувчиларни ташвишга солиши унинг узоқ вақт давомида иссиқ сув ёки буғнинг босими камайиши, қуриши олинадиган электр қувватнинг камайиб кетишига олиб келади. 7.2–расмда: Андозавий геотермал электр станцияси кўрсатилган.
7.3–расм. Дунёдаги энг катта геотермал электр станциянинг кўриниши
Дунёдаги энг катта геотермал электр станция (7.3 расм). The Geysers – энг катта геотермал энергия тўпланган жой, АҚШ нинг Калифорния штатидан 116 км узоқликда жойлашган. Бу ерда жойлашган 18 та геотермал электр станциялар 2000 МВт қувват ишлаб чиқаради.
Геотермал электр станциялар жойлашган ҳудуд 78 км2 ни ташкил қилади. Ишлаб чиқарилаётган электр энергия Калифорния штатининг жанубида жойлашган истеъмолчиларнинг 60% эҳтиёжини қоплайди.
Бошқа турдаги энергия заҳиралари
7.4–расм. Дунёдаги энг катта биомасса ёқувчи электр станциясининг кўриниши.
Биогаз энергияси.Замонавий техника ва технологиялар тикланадиган энергия манбалардан фойдаланиш истиқболларини очиб бермоқда. Илмий ва амалий ишларни шу йўналишга йўналтириш, органик ёқилғи истеъмолини камайтиришга ёрдам беради.
Биоэнергетика – тикланувчи энергия манбаи бўлиб, энергия қишлоқ хўжалиги, ҳамда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш асосида олинади. Ҳосил қилинадиган энергиянинг бирламчи тури – биогаз, иккиламчиси – электр энергия.
«Alholmens Kraft Ab» номли Финландия компанияси 550 МВт иссиқлик энергиси, ҳамда 240 МВт электр энергия ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг катта биомасса ёқувчи станцияни ишга туширди (7.4-расм).
Станция асосан ёғоч қолдиқлари ва торф ёқилғиларидан фойдаланади. Электр станцияда 1 соатда 1000 м3 биоёқилғини ёқиб энергия олади. Ёқилғи ёқиладиган қозоннинг пастги (асоси) диаметри 8,5 м ва 40 м ва баландликдаги юқори диаметри 24 м ни ташкил қилади.
Электр станцияни биоёқилғи билан таъминлаш учун 1 кунда 120 та юк ташиш машиналаридан фойдаланилади. Станцияда ёқилғи сифатида тошкўмирдан ҳам фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва агросаноати ривожланган давлат эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, биоэнергетика келажаги тез ривожланадиган энергетика соҳаси бўлиб қолади.