1.2. Қишлоқ хўжалиги ривожланишига таъсир этувчи географик омиллари
Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши ва ҳудудий ташкил этилишига табиий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ва ҳуқуқий омиллар кучли таъсир этади (1-расм). Ушбу омиллар ижтимоий-иқтисодий қонун ва қонуниятлар асосида, ҳар бир ҳудуднинг табиий шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда, ўз таъсирини кўрсатади. Бу табиий ва ижтимоий-иқтисодий омиллар (бевосита) мутлоқ ҳудудий характерга эга бўлиб, улар тўғридан-тўғри кейинги омиллар (ИТТ, ишлаб чиқариш ҳажми, унумдорлик даражаси ва б.)га ҳам ўз таъсирини ўтказади [53].
Агроиқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши ва худудий ташкил этилишига энг аввало, табиий омиллар кучли таъсир кўрсатади. Табиий омиллар (ҳудуд геологияси ва литологияси, рельеф, иқлим, ер ва сув ресурслари, тупроқ турлари ва ҳоказолар) қишлоқ хўжалиги соҳаларининг жойланиши ва ривожланишига таъсир кўрсатиб, бу жараённи тезлаштириши ёки секинлаштириши мумкин. Қишлоқ хўжалигини ихтисослаштиришда тупроқ асосий омил бўлиб хизмат қилади. Тупроққа хўжалик нуқтаи назаридан баҳо беришда, ялпи олинган маҳсулотга қараб эмас, балки маҳсулот қиймати ва сарф-ҳаражат миқдори нуқтаи назаридан баҳо берилади.
В.В.Докучаев тупроққа қуйидаги таърифни берган: “тупроқ – иқлим, организмлар, грунт, маҳаллий рельеф ва ўлканинг ёши каби омилларнинг биргаликдаги фаолияти таъсирида пайдо бўладиган табиий-тарихий ҳосиладир” (Докучаев, 1951). Бу таъриф тупроқнинг ҳосил бўлиш шарт-шароитларини аниқ тавсифлайди. Ер эса, қуруқликнинг фаол, генетик мустақил устки қатлами сифатида ўзига хос иқлим, тупроқ қатлами, алоҳида майдонлар рельефи ва шаклларини, уларни ҳосил қилувчи омилларнинг барчасини ўзида мужассамлаштиради. Бундан ер тушунчасининг тупроқдан анча кенг эканлиги кўриниб турибди [40].
“Ер ресурслари” тушунчасининг мазмуни бир қатор илмий адабиётларда очиб берилган. Ушбу ишларни умумлаштириб, Ю. Аҳмадалиев ер ресурсларига қуйидагича таъриф берган: Ер ресурси бу – ер фондининг таркибий қисми бўлиб, у ўзига хос тупроқ сифати, иқлим, рельеф, гидрогеологик хусусиятлари билан тавсифланади, жамиятнинг муайян ривожланиш босқичида ундан асосан зарур маҳсулотлар етиштиришда ва бошқа мақсадларда фойдаланилади. Бу таърифдан келиб чиқиб таъкидлаш лозимки, ер кўп функцияли ҳисобланиб, бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида асосий меҳнат воситаси ва предмети бўлиши билан бир қаторда аҳоли, саноат, уй-жой фонди, рекреация зоналари ва бошқаларни ҳудудий ташкил этишда етакчи саналади [10].
Қишлоқ хўжалиги тармоқларини жойлаштириш ва ихтисослашувини иқлим шароитлари, ҳарорат, ер ости ва ер усти сувлари, тупроқнинг физик ва кимёвий хоссалари кўп жиҳатдан ифодалаб беради. Иқлим салоҳияти, яъни иқлим шароити ва ресурслари қищлоқ хўжалиги ривожланишини белгилайдиган муҳим табиий омиллардан биридир. П.И.Колосков (1971) иқлимни муҳитнинг (географик қобиқнинг) метеорологик компоненти, агроиқлимни эса агрономик муҳитнинг метеорологик компоненти деб ҳисоблайди.
Ф.Ф.Давитая (1964) эса иқлим ресурслари – бу иқлим элементлари модда ва энергиянинг миқдоридир, унинг қишлоқ хўжалигида бевосита фойдаланиладиган элементлари – радиация, намлик, иссиқлик, шамол ва б. агроиқлим ресурсларини ҳосил қилади деб айтади [37].
Ижтимоий-иқтисодий омиллар (иқтисодий географик ўрин, аҳоли ва меҳнат ресурслари, истеъмол, саноат, транспорт инфратузилмаси ва б.) ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг ихтисослашуви ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ривожланиши ва ҳудудий ташкил этилиши иқтисодиётнинг саноатлашуви, аҳоли сони ва зичлиги, урбанизация, ер фондидан фойдаланиш ҳолати, транспорт инфратузилмаси ва алоқалари каби омилларга бевосита боғлиқ [7].
Do'stlaringiz bilan baham: |