Bog'liq Қатламларнинг компонент бера олишлигини ошириш
2.2. Нефтни олиш жараёнида қолиб кетаётган нефтни олиш мақсадида қўшимча қудуқлар қазиш, объектларни бўлиш, сув ҳайдаш жараёнини жадаллаштириш. Сув ҳайдаш жараёни кўп мураккаб жараён бўлиб, уни бошқариш ва назорат қилиш ҳам кўп мураккабликларга эга. Бунинг асосий сабаби биз иш олиб бораётган коллекторларнинг хилма-хиллиги ва улар бағрида турли қатламчаларнинг мавжудлигидир.
Бир текис ғоваклик ва ўтказувчяанлик, нефтга тўйинганлик даражаси маълум бўлган коллекторларда сув ҳайдаш усулининг қайси тури бўлмасин жуда яхши натижалар беради, чунки ҳайдалаётган сув қатламнинг ҳар бир бурчаги ва барча қалинлигига таъсир ўтказиб, ўша қалинликдан ва бурчакдан нефтни олувчи қудуқлар тубига ҳайдаб келишга ёрдам беради.
Қатлам турли қатламчалардан ташкил топган ёки жуда турли туманликка мойил бўлган ҳолларда ҳайдалаётган сув ўзига қулай ва ўтказувчанлиги юқори бўлган қатламчалардан ҳаракатланаверади. Натижада сувнинг бутун қатламга таъсири етарли бўлмай колиши табиий ва шунинг учун ҳам нефтберувчанлик бундай ҳолларда пастлигича қолади.
Сув ҳайдаш усулининг самарадорлигини ошириш мақсадида қатламни эгаллаш максимал даражасига эришмоқликка ҳаракат қилинади. Бунинг учун қатламнинг ( уюмнинг ) чекка қисмига ёки хилма - хиллик юқори бўлган майдонларда олувчи ва ҳайдовчи кушимча қудуқлар казиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолларда казилган қўшимча қудуқлар уларга ҳайдалган сувнинг таъсири бўлмаган олувчи қудуқлар тубига ўша майдондан нефт сизиб келмаган ҳолларда ўша жойнинг ўзини сиздириш имконига эга бўлади. Ҳайдалган сув эса ўша қудуқ атрофида таъсирсиз қолган жойлардаги нефтларни ҳайдаб чиқариш имконини беради. Ундан ташқари қатламга сув ҳайдашнинг самарадорлигини ошириш мақсадида қатлам ( уюм) ни бўлиш мумкин. Бундай ҳолларда бўлинган уюм кичикроқ худудга эга бўлгани учун унга таъсир қилувчи ҳайдовчи қудуқларнинг таъсири ортиб, гидродинамик даража кўтарилиб, ( олувчи) тубига нефтнинг сизиб келиши ортиши мумкин. Уюмларни бўлиш турли даражада амалга оширилиши мумкин:
Кичикроқ ва узун антиклиналга ўрнашган уюмларни ҳам бўлакларга бўлиш. Бунда уюмни хайдовчи қудуқлар билан бир неча бўлакларга бўлиш мумкин. Коллекторлик хусусиятлари жуда паст ва қатламдаги нефтнинг қовушқоқлиги анча юқори бўлган ҳолларда уюмни ҳар 3 қатор олувчи қудуқлардан сўнг бир қатор хайдовчи қудуқлар билан бўлинади. Бу усул ўзининг яхши самараларини беради, чунки қудуқларнинг таъсир кучи 2/3 миқдорни кўрсатади. Бу ҳолларда анчагина қўшимча нефт олишга эришилиши мумкин.
Қатламни бўлишнинг 3 қаторлик варианти.
Қатламдан олиниши мумкин бўлган нефтни бешқаторлик усул билан амалга ошириш қатламнинг хилма-хиллиги унча катта даражада бўлмаган ва ундаги нефтнинг қовушқоқлиги ҳам унча катта бўлмаган ҳолларда қўлланади ва уюм бир қатор хайдовчи қудуқларга 5 қатор олувчи қудуқлар тўғри келтириб қазилади. Бунда ҳам қудуқларнинг таъсири 2/5 даражада бўлади ва бу вариантда ҳам анчагина қўшимча нефт олиш имкони яратилади.
Қатламни бўлишнинг бешқаторлик варианти қатламдаги мавжуд нефтни чиқариб олиш мақсадида баъзи ҳолларда қатламга ҳайдалаётган сувнинг ҳаракат йўналишини ўзгартириш ҳоллари ҳам учрайди. Бунда йуналишни баъзан 1800, баъзан эса 900 га ўзгартириш мумкин. Йуналиш ўзгарган ҳолда қатламнинг ювилиш хусусияти ўзгармаган ҳолда ундаги ҳаракатланувчи суюқликнинг йўналиши ўзгариб, шу орада таъсирсиз қолиб кетган майдонга ва майдон қисмини ўз таъсирига олиши билан аҳамиятлидир. Қатламдаги қолдиқ нефтнинг миқдорига ва унга қилинган таъсирнинг самарасига қараб, бу усулларни бир неча марта қайтариш мақсадга мувофиқдир.
Қатламга таъсир қилишнинг яна ҳайдаладиган сувнинг миқдорини кўпайтириш билан ҳам яхши натижаларга эришмоқ мумкин. Бунда албатта ҳайдовчи қудуқларга ҳайдалаетган сув миқдори 3-4 ва ундан ортиқ даражага ошириб, қатламдаги ҳайдалиш (ювилиш) имкониятини анча оширишга эришамиз. Бунда биз таъсир доирасидан четга қолган қатламга ва майдон қисмини таъбир жоиз бўлса, “зўрлик” билан ишга туширган буламиз. Албатта ҳайдаш даражасини оширишимиз эвазига уюмдан олинадиган суюқликни миқдорини ошириш имконига эга бўламиз. Бундай ҳолатни жадаллик билан маҳсулот олиш (форсированный отбор) - деб аталади. Бу усул айниқса қатламнинг коллекторлик хусусиятлари жуда хилма-хилликка мойил бўлганда ва ундаги нефтнинг қовушқоқлиги юқори бўлганда қатламда қудуқлар баравар сувланганда ва нефт берувчанлик коэффициенти анча паст бўлиб , қолдиқ нефт миқдори анча кўп бўлган ҳолларда ўзининг самарасини беради. Ҳайдаш миқдори ва олиш миқдорининг ортиши ҳисобига қатламда суюқликларни ҳаракат тезлиги ортади ва натижада қатламнинг таъсирланиш ҳамда камраб олиниш даражаси ортади. Натижада қатламдан олинган умумий нефт миқдори ҳам ортиб, нефтберувчанлик коэффициенти ҳам ортишга эришилади.